Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Зуҳо сураси 11-оятида:

“Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла”, дея марҳамат қилган.

Аллоҳ таолонинг неъматларини сўзлашлик ва неъматларни эътироф қилишлик шукрдир. Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Кимки озига шукр қилмаса кўпига ҳам шукр қила олмайди. Кимки инсонлардан миннатдор бўлмаса Аллоҳга шукр қила олмайди. Аллоҳ таолонинг неъматларини сўзлашлик шукрдир гапиришни тарк қилиш эса ношукрликдир”, дедилар.

Бизларга берилаётган неъматларни изҳори, шукронаси ҳамда неъматларни сўзлашга бўлган Аллоҳ таолонинг амри ўлароқ айтиш мумкинки, мамлакатимизда диний бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш, ислом илм-фани ва маданиятимиз бўлмиш бой маънавий меросимизни сақлаш, ўрганиш, инсониятга эзгу ғоя ҳамда таълимотларини етказишга катта эътибор қаратилмоқда.

Юртимиздаги масжидларни эмин-эркин фаолият кўрсатаётгани, малакали диний ходимлар тайёрлашга устувор вазифа сифатида қаралаётгани, ушбу мақсадда ўндан ортиқ диний таълим муассасалари иш юритаётгани ижтимоий барқарорликнинг муҳим ­омилидир.

Айни вақтда Ўзбекистонда ислом дунёсининг маълум ва машҳур сиймолари — Имом Бухорий, Имом ­Термизий, Ҳаким ат-Термизий, Абул Муъийн Насафий, ­Баҳоуддин Нақшбанд (роҳматуллоҳ алайҳим) каби аллома ва азиз-авлиёларнинг илмий меросини ўрганиш, уларнинг мақбараларини обод этиш бўйича олиб бори­лаётган ишлар эса алоҳида таҳсинга сазовордир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил октябрь ойида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ғояси илгари сурилган эди. Бу ташаббус Имом Бухорийдек (роҳматиллоҳи алайҳи) буюк алломанинг илмий меросини чуқур ўрганиш, ­дунёга тараннум этиш, ҳадис илмлари ривожига ҳисса қўшишни мақсад қилади.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий мақбараси таъмирланди. Унинг ёнгинасида янги масжид ва кутубхона барпо қилинди. Бу ерда ҳадис ва бошқа ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган мусулмон уламоларининг илмий меросини чуқур ўрганиш мақсадида Имом Термизий халқаро илмий-­тадқиқот маркази ташкил этилди. Шу вақтга қадар буюк алломанинг 14 номдаги асари таржима қилиниб, ўзбек тилида нашр этилди, энг қувонарлиси шундаки, юртимизда мадрасалар сони яна биттага кўпайиб ушбу вилоятда яна бир ўрта махсус ислом билим юрти очилиб Ўзбекистонимизда диний йўналишдаги таълим муассасаларнинг сони 10 тага етди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилганини ислом маданияти ва илмий меросини ўрганиш йўлидаги муҳим қадамлари десак муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда диний таълим, ­тадқиқот йўналишларида ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслар мусулмон дунёсининг қизиқишига сабаб бўлаётир. Бинобарин, юртимиз тарихан ислом илмлари, фан ва маданият кенг ­ривожланган диёр бўлиб, ҳеч шубҳасиз, бугунги мусулмон маданияти тараққиётини ­алломаларимиз, уларнинг беназир ­илмий меросисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Хорижий кузатувчилар томонидан Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган туб ўзгаришларга ижобий баҳо берилмоқда. Ўзбекистондаги бу янгиланишлар муҳтарам Юртбошимизнинг шахсий ташаббуси асосида амалга оширилаётганини алоҳида қайд этишимиз зарур.

Авф этишлик, кечиришликнинг олий намунаси сифатида жиноий фаолияти учун жавобгарликка тортилган, қилган ишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлини танлаган 16 мингдан ортиқ фуқароларнинг «махсус ҳисоб»дан чиқарилиши, хорижда юрган шу тоифадаги шахсларни мамлакатга қайтариш бўйича олиб борилган ишларни ҳам эслаб ўтишимиз лозим бўлади.

Ўзбекистонда бу борадаги ислоҳатларни қоғозга туширадиган бўлсак чизгиларимиз китоблар шаклига келиши тайин, Аллоҳ таоло “Ва Роббингиз “Қасамки агар шукур қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир” деб билдирган(ини эсланг)” дея бизларни огоҳлантиргандир.

Бу борада Бишр Хофий қуддиса сирруҳу “шукр”га берган таърифларини эслашимиз ўринли бўлар эди:

“Шукрни фақат тилда айтишнинг ўзи шукр эмас. Балки шукр аъзоларда зоҳир бўлсагина ҳаққонийдир. Кўзнинг шукри яхшиликни кўрганда очилиб, ёмонликка юмилмоғидир. Қулоқларнинг шукри яхшилик гапирилганда эшитиб, ёмонлик гапирилганда, рад этмоғидир. Қориннинг шукри ҳалолни сингдириб, ҳаромдан ирганмоғидир. Қўлларнинг шукри фақат ҳаққа бўлган нарсага узанмоғидир. Оёқларнинг шукри фақат яхшилик сари юрмоғидир…”

Аллоҳ таоло берган неъматларнинг  шукрини адо қилмоқ учун  инсонниг умри камлик қилади, лекин шундай бўлсада, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга хайрихох бўлиб,  шукроналик билан ҳаёт кечирсак, албатта неъматлар зиёда бўлади.

Исомиддин домла Шамсиддинов,
Андижон шаҳар “Имоми Аъзам” жоме
масжиди имом-хатиби