Динимиз инсонпарвар, яхшилик динидир. Доим инсонларга манфаат етказиш, доим яхшилик қилишга чорлаган диндир. Ўзгаларга яхшилик улашишимиз, айниқса, ҳазрати инсоннинг икки дунё саодати ва манфаати йўлида хизмат қилиш, нафақат уларга, балки энг аввало ўзимизга фойдалидир. Динимизда инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалардан ҳисобланади дейилган. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар”. (Имом Тобароний ривоят қилган).

Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва хожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш – улкан саодат.
Инсонларга яхшилик қилиш – кишини икки дунё саодатига олиб боради.

Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтди:

“Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!”.


Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар
бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади. Мўмин банда доим халқни хизматида бўлишга, халққа наф етказишга, халқни дардини олишга ҳаракат қилади. Саҳобалар бунга мисол бўлади:

«Мадина шаҳрининг ташқарисида ёши улуғ, кўзи ожиз бир кампир бор эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб бориб юмушларини қилиб келардилар. Бир неча кундан кейин, ўзларидан аввал кимдир келиб уй юмушларини қилиб кетаётганини пайқаб қоладилар. Буни аниқлашлик учун таҳажжуд намозини ўқибоқ бомдоддан олдин келиб кўрсалар ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кўзи ожиз, кекса онани уй юмушларини қилиб, уйини саромжонлаб, секингина чиқиб кетаётган эканлар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида эътикоф ўтирган эдилар, бир киши келиб салом берди ва ўтирди.

– Нима гап, кайфиятинг тушган, қайғули кўринасан? – сўради ибн Аббос розияллоҳу анҳумо.

– Менда фалончининг шунча ҳақи борки, ҳатто мана бу қабр соҳибининг ҳам унга имкони йўқ, – жавоб берди у киши (қабр соҳиби – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам).

– Мен бир гаплашиб кўрайми? – деди ибн Аббос розияллоҳу анҳумо.

– Майли, агар хоҳласанг.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу оёқ кийимни кийиб, эътикофни ҳам қўйиб масжиддан чиқди.

– Нимага ўтирганинг эсингдан чиқиб қолдими? – сўради ҳалиги киши эътикоф ўтирганини назарда тутиб.

– Йўқ, эсимдан чиққани йўқ. Лекин мен мана бу қабр соҳибидан эшитганман, У зот билан кўришишимга ҳам оз қолди, – Абдуллоҳнинг кўзлари ёшга тўлди, – “Ким бир биродарининг ҳожати учун юриб етиб борса, ўн йил эътикоф ўтиргандан ҳам яхшироқдир”, дер эдилар. Ҳолбуки, ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир кун эътикоф ўтирса, Аллоҳ таоло ўша киши билан дўзахнинг орасига ҳар бири мағриб ва машриқ оралиғича бўлган учта хандақ қилиб қўяди.

Улуғларнинг ҳаёти мана шундай. Зеро ҳақиқий иймон эгаларини иши шундай халқнинг хизматида бўлади.

Аждодларимиз “Халққа хизмат – олий ҳиммат” деб бежиз айтмаганлар. Бугунги кунда ҳукуматимиз Ҳурматли Президентимиз етакчилигида эл манфаатини барча нарсадан устун қўйиб, фуқароларимизнинг оғирини енгил қилишга тинмай ҳаракат қилмоқда. Бунга жавобан фуқароларимиз халқимиз элимиз манфаатлари йўлида амалга оширилаѐтган ислоҳотларни қўллаб–қувватлашлари, жамиятимизнинг ижтимоий ҳаѐтда фаол қатнашишлари лозим. Аллоҳ таоло бу йилни халқимиз учун манфаатли йил қилсин!

 

 

Андижон шахри “Бобо Таваккул”

 жоме масжиди имом – хатиби

 Кенжаев Нодирбек