ОТАНИ НОРОЗИ ҚИЛГАН ЎҒИЛ…(ибратли ҳикоя)

934

  Фазл ибн Яҳё Бармакийнинг кўкрагида кичкинагина оқ доғ пайдо бўлиб, у бундан қаттиқ қайғуга тушди. Биров сезиб колмасин, деб ҳаммомга ҳам кечаси борадиган бўлди. Бир куни ходимларини йиғиб: “Шу кунларда Ироқ, Хуросон, Шом ва Форсда энг кучли табиб ким?” -деб сўради. Ходимлар: “Форс Жосалиқ!” – деб жавоб беришди.

   У Форсга одам юбориб, ҳаким Жосалиқни Шероздан Бағдодга олиб келди. Сўнг ҳаким билан пинҳона суҳбатлашиб, уни синаб кўриш мақсадида: “Оёғим нимагадир заифлашиб боряпти, муолажа қилиб кўрсанг!” -деди. Ҳаким Жосалиқ унга: “Сутли овқатлар ва аччиқ нарсалардан парҳез қиласан, бир ёшли товуқ гўштини нўхат шўрва қилиб ичасан, ҳалво ейсан, товуқ тухумининг сариғини асалга ийлаб, ундан ҳам тановул қиласан. Мазкур овқатланнш тартибини йўлга қўйганингдан кейин мен муолажани бошлайман!” – деди. Фазл: “Ҳўп, айтганларингни қиламан”, – деди.

    Бироқ Фазл ўша куни кечқурун ўз одати бўйича ҳамма овқатлардан еяверди. Қуюқ, зирабо овқати тайёрлашган эди, ундан ҳам тановул қилди. Узум мураббоси, доривор моддалар солинган ловияли овқатдан ҳам ўзини тиймади.

   Эртаси куни Жосалиқ келиб, унинг пешобини олишга буюрди. Пешобга назар солгач, қовоғини солиб: “Мен сени даволай олмайман, сенга аччиқ ва сутли овқатлар ейишни ман килган эдим, сен эса зирабо ичибсан, мен таъқиқлаган овқатлардан ҳам парҳез қилмабсан, сенга дори мувофик, келмайди!” – деди.

    Фазл бу улуғ кишининг оқил ва фозиллигини билди, унга офаринлар айтиб, ўзининг ҳақиқий дарди ҳақида ёрилиб, деди: “Мен сени мана шу масала хусусида чақиртирган эдим, у айтганим ва еганларимнинг ҳаммаси имтиҳон учун эди!”

    Шундай қилиб, Жосалиқ уни даволашга киришди ва илму тажрибасидан келиб чиқиб, барча муолажани қилди. Орадан анча вақт ўтса-да, ҳеч кандай ўзгариш бўлмади. Ҳоким: “Нега бунақа бўляпти!” – деб жиғибийрон бўла бошлади.

    Бир куни у шундай деди: “Эй улуғ ҳукмдор! Мен даво учун лозим чораларнинг ҳаммасини амалга оширдим, аммо таъсири сезилмаяпти. Наҳотки, сен отангни норизо қилган бўлсанг?! Агар шундай бўлса, уни рози қил, шундагина сени бу дарддан қутқара оламан!”

    Фазл ибн Яҳё қаттиқ аҳд билан отасининг ҳузурига борди ва ўзини унинг оёғига ташлаб, кечирим сўради. Отаси уни кечирди.

   Шундан кейин Жосалиқнинг муолажалари таъсир қилиб, иллат аста-секин тузала бошлади ва орадан кўп вақт ўтмай, бутунлай йуқолиб кетди.

   Шундан сўнг Фазл ибн Яҳё табибдан: “Отамнинг мендан норизолиги бу иллатнинг сабаби эканини қандай билдинг?” – деб сўради. Жосалиқ: “Мен қандай усул билан даволамай, фойдаси бўлмагач, дуоибадга қолганингни тушундим”. Атрофингда сендан норози одамни кўрмадим, одамлар эҳсонинг билан осуда яшамоқдалар. Аммо кейинроқ отанг билан сенинг орангда душманлик борлиги ва отанг сендан норози эканини билгач, давонинг фойдасизлигини тушундим.

   Шундан сўнг Фазл ибн Яҳё Жосалиқни катта инъомлари билан Форсга жўнатиб юборди.
Азизлар отанинг хайрли дуоси шифо экан, дуоибади эса тузалмас дардга мубтало қилар экан Аллоҳ таоло оталаримиздан рози бўлсин! Оталаримиз бизлардан рози бўлсин!

Мансуржон домла Рахимов

Андижон вилояти Хонобод шаҳар бош имом хатиби