Даврлар ўтган сари табиат булғаниши ортиб бораётгани сир эмас. Бутун дунё афкор оммаси бу борада кўплаб фикрлар билдирмоқда. Дунё мамлакатларида тегишли чора ва тадбирлар қўлланилмоқда. Бу тадбирлар ҳам ўз натижасини кўрсатаётганини инкор этиб бўлмайди. Лекин ҳаво булғаниши тобора ортиб бормоқда.
Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора ва тадбирлар бизнинг юртимизда ҳам йўлга қўйилмоқда. Кенг миқёсда тарғибот ишлари олиб борилаётганига барчамиз шоҳидмиз. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, бу она замин, бу она табиат барчамизники. Демак, барчамиз жавобгармиз.
Бу масъулятни ҳар бирмиз ўз бурчимиздек ҳис қилмас эканмиз, натижа кутилганидек бўлмаслиги табиий.
Кимки, маданиятли бўлар экан, аввало ўзини ҳурмат қилган бўлади. Кимки маданиятсиз бўлар экан, бошқалар меҳнатини писанд қилмас экан, ўзининг аҳмоқлигини намойиш қилишдан бошқасига ярамайди.
Кўча-кўйда, жамоат транспортларида писта чақиб пўчоғини дуч келган жойга ташлагувчилар, музқаймоқ ёки бошқа ширинлик еб қоғозини, салқин ичимликларни ичиб идишини кўча-кўйда йўл-йўлакай ташлаб юборгувчилар ҳақида нима дейишлик мумкин?
Тўғрисини айтганда ҳақорат қилгандан фойда йўқ. Насиҳат ҳам кор қилмаса…
Аввало ўзимиз одобли бўлишга ҳаракат қилсак, бошқаларга намуна бўламиз. Мен тозаликка риоя қилсам, сиз тозаликка риоя қилсангиз, аста-секин сафимиз кенгайса, бошқалар ҳам уяла бошлашади деб умид қиламан.
Биздаги асосий иллат шу ахлатни қайсидир ташкилот олиши керак, менинг бунга асло дахлим йўқ, деган фикрда бўлишлигимиздир.
Қалбимнинг яна бир оғир нуқтаси шуки, номусулмон ўлкалардаги тозаликни мақтаб келишади чет эл сафарларида бўлганлар. бу ибрат нима учун бизда эмас? Ахир биз эмасми, ибратланишга муносиброғи?
Тарих саҳифаларни вароқлаб мақтанишни биламиз, аждодлар намуналаридан. Нега ўзимиз шунга муносиб бўлишга ҳаракат қилмаймиз?
Яхши билингки, бу сўзлар шунчаки мақола сонини кўпайтириш учун эмас. Шунчаки расмиятчилик ҳам эмас.
Қадим замонда бир подшо катта йўл ўртасига қоятош келтириб, йўлни тўсиб қўйишни буюрибди.
Шу куни эрта тонгдан то кечга қадар йўлдан ўтган мамлакат фуқароларининг барчаси тошни айланиб ўтишибди. Аксарият кишилар подшоҳнинг солиқ олиши, лекин кўчаларнинг тозалиги ва созлиги учун ҳеч қандай амалий иш қилмаётгани ҳақида гапириб, нолишибди.
Буни қарангки, кеч кириб қолай деганда бозорга мева-чева олиб келадиган бир деҳқон йўлда турган тошни кўриб, қўлидаги юкини ерга қўйибди. Кейин йўлни тўсиб, одамларга ҳалал бераётган тошни туртина-суртина сура бошлабди. Бир пайт тош остида ҳамён кўринибди. Деҳқон уни қўлига олиб очса, ҳамёнда олтинлар билан подшонинг ёзиб қолдирган бир парча хати бор экан. Хатда: “Бу олтинлар тошни йўлдан олиб ташлаган олижаноб кишига тегишли!”, деган сўзлар битилган экан…
Бироқ, баъзида кўча-кўйда кетаётиб ёш болалар тугул ҳатто ёши катта кишиларнинг тўғри келган жойларга уйларидан чиққан чиқиндиларни ташлаб кетаётганларининг гувоҳи бўламиз. Энг ачинарлиси, чиқиндилар орасида қоғозлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, қутилар бўлиб, уларни, ҳатто ариқларга ташлаб кетадилар. Бундай номақбул ишлари билан табиатга зарар етказаётган кимсаларни ким деб аташ мумкин?
Юқорида бежизга ривоятни келтирмадик. Ҳар куни эрталабда ишга, ўқишга ёҳуд зарур юмуш билан кўчага чиқсангиз, чор-атрофимиз озода, супуриб-сидирилганини кўрамиз. Аммо юрган йўлимиздаги “харсанг”ни бир четга олишга лоқайд бўлсак-да, ҳеч йўқ ортимиздан ҳавас қилиб қоладиган ишларни қилайлик.
Ҳар нарсанинг иккинчи тарафи ҳам бўлганидек, бу улкан савобга дохил қилгувчи амалнинг ҳам яна бир аҳамиятли томони бор. яъни инсонларнинг жисмига озор бергувчи нарсаларни олиб ташлашга шунчалик ажр ва рағбат бор эканми, демак уларнинг қалбига озор беришда ҳам бундан-да оғирроқ гуноҳкор бўлишлик бор. Зеро қалбнинг озори жисм ва бадан озоридан оғирроқдир.

Улуғбек қори Йўлдошев.

Асака туманидаги “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими