Оилавий ажрим ва унинг салбий оқибатлари

2748

Оила жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила тинч, мустаҳкам, ҳалол-пок бўлса, жамият ҳамосойишта ва фаровон бўлади. Минг афсуслар бўлсинки, сўнгги йилларда оилавий ажримлар кўпайиб кетди. Бунинг оқибатида эса қанчадан қанча оилаларнинг обрўси тўкилмоқда. Ажрим оқибатида «боши очиқ» аёл ва «бўйдоқ» эркаклар пайдо бўлади. Бу ҳолат одатда жамиятда зино ва ҳаёсизликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиб, маънавий муҳитни бузилишига олиб келмоқда. Оқибатда баъзи «боши очиқ» ёшгина аёллар ноқонуний иккинчи, учинчи ва ҳатто тўртинчи хотинликка ҳам рози бўлмоқдалар. Ўртадаги фарзандлар тирик етим бўлиб, бечора фарзандлар ушбу ҳолатдан сарсон ва саргардон бўлиб, нима қилишни билмай қолмоқда. Отасига борай деса она норози, онасига борай деса ота рухсат бермайди. Бола икки ўтни орасида қолиб, бир қанча машаққатларга дуч келмоқда. Натижада эса боланинг тарбияси бузилмоқда. Ота-она ажрими аксар ҳолларда фарзандни ноқобил бўлиб вояга етишига сабаб бўлмоқда. Афсуски, қаровсиз қолаётган, ота-онаси бор баъзи болаларни меҳрибонлик уйларига топшириш ҳолатларига ҳам дуч келмоқдамиз.
Оилавий ажримларнинг зарарлари юқоридаги ҳолатлардан бошқа бир қанча зарар ва зиёнлари ҳам мавжуд. Бир оила бузилиши сабабли кўплаб мусулмонларнинг ўрталарида душманчиликни пайдо қилади. Шунинг учун ҳам Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш – оила бузилишидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келади:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб «ундоқ қилдим, бундоқ қилдим» дейди. У бўлса «ҳеч нарса қилмабсан!» дейди. Кейин бошқа бири келиб «уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим» дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб «Ҳа! Балли! Қандай ҳам яхшисан!» дейди», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Шундай экан ҳар бир янги қурилаётган оилаларни тинч, бахтли-саодатли яшаб кетишига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.
Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги ва вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлиб, вилоятдаги оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни янада яхшилаш, оилавий ажримларни олдини олиш, ноқонуний никоҳни олдини олиш, эрта никоҳ ва яқин қарндошлар ўртасидаги никоҳларни олдини олиш, ёшларда оилага бўлган масъулиятни ошириш каби бир қатор ишларни амалга оширишлик мақсад қилиб олинган.
Биргина жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги ва вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг айнан манашу йўналишдаги аҳоли ўртасидаги тарғибот ва ташвиқот ишларини оладиган бўлсак, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигига оилавий келишмовчиликлар билан мурожаат қилган жами 43 та оила яраштирилганлигини, вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида ҳам фаолият кўрсатаётган имом-хатибларимиз томонидан 49 та оила яраштирилганлигини гувоҳи бўламиз.
Уларга Оила мустаҳкамлиги, уни асраб авайлашлик, оилада эр-хотин муносабатлари каби бир қатор муқаддас динимизнинг кўрсатмалари ҳақда кенг тушунчалар берилди.
Бундан ташқари оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни янада яхшилаш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларни олдини олиш борасида вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатибларимиз томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона, ташкилот, мактаб ва коллежларда амалга оширилиб келаётган ишларнинг салмоғи жуда муҳим ҳисобланади.
Имом-хатиблар ва отинойилар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинидаги хотин-қизлар ўртасида носоғлом мухитни олдини олиш, вояга етмаган қизларни эрта турмушга бериш, оилавий ажрим ҳолатларининг олдини олиш, ноқонуний-шаръий никоҳ сингари иллатларнинг асл сабаблари ўрганиб, бартараф этиш бўйича МФЙ раислари ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказилаётган бўлиб, мазкур тадбирларда «Оилавий хотиржамлик», «Оила муқаддас даргоҳ», «Ноқонуний никоҳнинг салбий оқибатлари», «Биз ноқонуний никоҳга қаршимиз» каби мавзулар кенг ёритилиб берилмоқда.
Хотин-қизлар ўртасида носоғлом ижтимоий-маънавий муҳитни олдини олиш, оилавий ажримлар ва ёшларни оилага тайёрлаш, ёшларнинг ўз жонига қасд ва суиқасд қилишни олдини олиш борасида вилоятдаги касб-хунар коллежлари, академик лицейлар ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида имом-хатиблар ва отинойилар томонидан ўтказилаётган маънавий ва маърифий учрашувларда «Оила мустаҳкамлиги», «Ёшларда тиббий маданият», «Инсон азиз ва мукаррам зот», «Инсон умри ғанимат», ёшлар ўртасида «оммавий маданият»нинг салбий оқибатлари каби мавзулар Қуръони карим оятлари, Ҳадиси шарифлар ва хаётий мисоллар билан ўқувчи-ёшларга кенг ёритиб берилмоқда.
Оила-турмуш муносабатлари доирасида хуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик хисобга олинган нотинч оилалар, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ноқобил оилаларни аниқлаш ва тизимли тушунтириш- профилакгик ишларни амалга ошириш мақсадида ҳар бир шаҳар туман бош отинойиларнинг режаси ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур йўналиш бўйича шаҳар ва туманларда фаолият кўрсатиб келаётган отинойиларнинг ҳудудлари бўйича нотинч оилалар ўрганиб чиқилган бўлиб, улар билан алоҳида профилактиш ишлар мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятимизнинг келажаги оилаларнинг мустаҳкамлигига боғлиқдир. Бу борада ҳар биримиз бир ёқадан бош чиқариб, оилаларнинг мустаҳкамлиги, жамиятимизнинг соғломлиги ҳамда фарзандларимизнинг порлоқ келажаги йўлида ўстираётган ўғил-қизларимизга тўғри тарбия бериб бормоғимиз лозим.
Зеро, оила мустаҳкамлиги йўлида тарбия – соғлом оиладан бошланади.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакили,
вилоят бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров