Мехрибон ва рахимли Аллох – Таъоло улуғ зотлар бўлган Пайғамбарлар орқали оила масаласига алохида ахамият бериб, унинг мустахкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун хар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий қилган. Маьлумки, азал – азалдан жамият ва диний таьлимотларда оила муқаддас саналиб уларда оилавий муносабатларга алохида эътибор қаратилган,оила қуриш Исломдан аввал хам бўлган, лекин оилада эрнинг ва аёлнинг хуқуқларини ва масъулиятларини том маьнода Ислом дини кўрсатиб берди.Аллох таъоло барча мавжудотларни жуфт – жуфт қилиб яратди ; кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, қуёш хамда ой ва хоказо.

     Ислом дини таълимотларига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш Жаноб Пайғамбаримиз  соллоллоху алайхи васаллам ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади.Шунинг учун динимиз оилани никох асосида қуришга алохида ахамият беради ва никохни инсоний алоқаларнинг энг мухими сифатида юксак қадрлайди Зеро оила – катта жамиятнинг кичик бир бўлаги хисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг   барча турларидан холи, тинч ва обод бўлиши, аввало ушбу кичик жамиятнинг тинчлигига боғлиқ. Оиладаги тинчлик – хотиржамликни ва саодатни таьминлаш ундаги хар бир шахс ўз масъулиятини хис қилиши ва бажариши билан барқарор бўлади.Бундай масъулиятни эса эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи муқаддас никохгина мустахкамлаши ва жорий қилиши мумкин. Муқадас Ислом таьлимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган,оила қурмасдан таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никох ибодат даражасига кўтарилган.

     Хадиси – шарифларда уйланиш, оилали бўлиш – ибодат, тақво ва Аллохдан қўрқиш маъноларига зид эмаслиги кўп бора баён этилган, жумладан, Анас ибн Молик (р.а) дан ривоят қилинади ; “Уч кишилик гурух Набий соллоллоху алайхи васалламнинг аёлларини уйларига Набий соллоллоху алайхи васалламнинг ибодатлари хақида сўраб келди, Бас, уларга бу хақида хабар берилганда худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар, Шунда улар “Биз қаёқда – ю, Набий соллоллоху алайхи васаллам қаёқдалар, у зотнинг аввалу – охири гунохлари мағфират қилинган”, дедилар, улардан бири айтди : ” Мен умрбод тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман, бошқаси эса мен умрбод рўза тутаман, деди, яна бири эса мен аёллардан четда бўламан, умрбод уйланмайман, деди”.

   Буларнинг айтган сўзлари Набий соллоллоху алайхи васалламга етиб, маълум бўлгандан сунг уларниг олдиларига келиб;

     “Шундай, шундай деганлар сизларми?! Аммо Аллохга қасамки, мен Аллохдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман, лекин рўза хам тутаман, оғзим очиқ хам бўлади, Намоз хам ўқийман, ухлайман хам, Аёлларга уйланаман хам.Бас ким менинг суннатимдан юз ўгирса мендан эмас” дедилар.  ( Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти ) Хазрати Пайғамбаримиз Мухаммад Соллоллоху алайхи васаллам никохланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг хам суннатлари эканини айтганлар. Абу Аюб (р.а) дан ривоят қилинади : Набий саллоллоху алайхи васаллам: Тўрт нарса Пайғамбарларнинг суннатларидан : “ хаё, хушбўйланиш, мисвок ва никох ” дедилар. (Имом Термизий ривояти).

     Мазхабимизнинг мўътабар фиқхий манбаларидан бўлган “ Дуррул Мухтор” китобининг “Никох” фаслида зикр этилганидек “Одамзотга никох ва иймондан бошқа хатто жаннатда хам давом этадиган ибодат йўқ.Оила шундай саодатбахш бир боғки, у хатто жаннатда хам давом этади. Хар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг ўз кучини йўқотади, аммо бир – бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги хаёти ўлим билан тугамайди“.

      Хазрати Пайғамбаримиз Мухаммад Соллоллоху алайхи васалламнинг: “Яхшилик қилишни мехр – шафқат ва мехрибонликни оилангдан бошла “ деган пур хикматли хадиси шарифларига мувофиқ оилани мустахкалаш учун зарур бўлган барча эзгу ва савобли ишларни қилишимиз лозим бўлади.Бунда аввало эр хотин, қолаверса қайнона –  қайнота хамда уларнинг атрофидаги катталар  оиланинг мустахкамлигига жиддий эътибор қаратиши керак бўлади.

       Баъзи бир оилаларда аёл кишилар бозорларда бўлиб ,эрлари эса уйларда ўтирадилар бу эса оилада турли келишмовчиликларнинг юзага чиқишига сабаб бўлмоқда.Оиладаги унча – мунча майда гаплар, баъзи бир кечирса бўладиган хатоларга кўп хам эътибор бермаслик, ундан улкан,низоли иш ясамаслик лозимдир, шунда, иншаоллох, фарзандларимиз одобли, билимдон ва ақлли, мехнатсевар, иймонли – эътиқодли бўлиб тарбияланадилар. Ёшларимизнинг хар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустахкамлаш барчамизнинг диёнатлик, инсонийлик, фуқаролик бурчимиздир.

 Салимжон домла Юнусов

Избоскан тумани бош имом хатиби