Огохлик давр талаби (ёҳуд одам савдоси- қуллик балоси)

190

          Дархақиқат Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча мавжудот ва махлуқотларга хос муҳим вазифани юклаган. Улар хоҳ наботот олами бўлсин, хоҳ хайвонот дунёси бўлсин, зиммаларига юклатилган илоҳий хизматни адо этадилар. Албатта ўз навбатида инсон ҳам ўзига топширилган омонатга мувофиқ Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш ва Уни таниш, буюрган амалларини бажариб, қайтарган ёмон, гунох амаллардан ўзини эҳтиёт қилишга буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўзининг каломида : “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирор ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман (Заарийаат сураси 56-57 оят).

Инсон ўзининг кичик танаси, заиф жисми, қисқа умри, коинотга нисбатан жуда кичик бир заррадай бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло уни мукаррам зот қилиб яратди. Сўзимизга ушбу ояти карима далил бўлади : “Дархақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70 оят). Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоху алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида мўмин кишининг сифати ҳақида мархамат қилиб шундай дедилар: “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир

        Аччиқ бўлсада ҳақиқат, инсон ўзи ожиз бўла туриб Қуръон ва ҳадисда гунох дейилган ҳамда давлатимиз қонунларида таъқиқланган жиноятларни бемалол тап тормасдан қилади. Хусусан Аллоҳ таоло инсонни барча мавжудот ва махлуқотлари ичида азизу мукаррам қилиб яратган бўлсада, тинч ва хотиржамликда, жаннатмакон ўлкада яшаб турган баъзи бир инсофсиз, виждонсиз кимсалар Одам а.с зурриётини алдаб, дунё роҳати ва маишатига берилиб ўз мўмин мусулмон биродарларини чет давлатларга олиб бориб сотиб юборишлари жуда ачинарли ҳолдир. Албатта бундай аянчли ҳолатга тушишдан аввал ақл неъматига эга бўлган ҳар бир инсон ўйлаб, фикрлаб, маслаҳат билан иш кўрсалар мана шундай ёмон иллат яъни, Одам савдосини олдини олган бўламиз. Ер юзида ўзининг адолатли кўрсатмалари билан ҳамиша устувор бўлган Ислом дини ва унинг таълимоти нафақат комил, эзгу қалбларни, балки, каттаю кичик ҳар бир инсонни, ирқи, миллати ва этиқодидан қатъи назар бошқалар томонидан хорланиши ва тахқирланишига асло йўл қўймайди. Айниқса, оналар ва болаларни доимо улуғлаб, авайлаб асрашни, уларга мехрибонлик кўрсатишни талаб қилади. Ҳақиқатдан ҳам бу ўткинчи фоний дунёда яшар эканмиз кимларгадир яхшилик қилиб қалбига хурсандчилик киритиб  кўнглини овлаймиз, яна кимларнидир ранжитиб қалбини оғритиб қўямиз. Ҳар бир бўлаётган воқеъалар, ҳодисалар ҳаётимизни ўзгартириб юборишини ҳеч биримиз тан олгимиз келмайди. Мана шу ҳаёти дунёда яшар эканмиз яқин дўстимиз ҳам душманимиз ҳам бизлар билан ҳамроҳ бўлиб олам юзини кўради. Дарҳақиқат Инсон — Аллоҳ томонидан яратилган барча мавжудот ва махлуқотлари ичида азизу мукаррам эканлиги ҳаммага аён. Демак юқорида баён қилинган оят ва ҳадислар ҳамда улуғларимизни ўгитларига кўра инсонни бошқа бир инсон кимгадир пул эвазига арзимас бир буюмдек сотиб юбориши жуда оғир гунох ва кечириб бўлмас жиноят эканлиги барчамизга кундек маълум. Ҳозирда йилдан йилга шиддат билан ўсиб, ривожланиб бораётган бир замонда бу гунох (одам савдоси) баъзи бир кимсаларга одатий ҳолга айланиб кетганлиги кишини чуқур ўйга толдиради. Айниқса бу балонинг юртимизда кенг илдиз отиб бораётганлиги хавотирни кучайтиради, албатта. Аллоҳ таоло Ўзи инсонни барча махлуқот ва мавжудот ҳатто фаришталардан ҳам улуғ деса-ю, баъзи бир виждонсиз шайтон қуллари, одамни оддий нарса сингари бошқа бировга сотиб юборганини тасаввур қилишнинг ўзи дахшатли. Бундай разолат йўлига кирган инсонларни ҳар бирини нафсига қул бўлган кимсалар десак адашмаймиз. Аслида ҳаммамиз ҳам Аллохнинг қулимиз. Шундай экан орамиздан чиқаётган нафс ва шайтон қулларини, аниғроқ қилиб айтганда одамфурушларни, тинч ва хотиржам яшаб келаётган инсонларни тўғри йўлдан адаштиришига яъни алдов йўли билан катта ваъдаларни бериб чет давлатларга олиб бориб қўйиб ўзлари изсиз йўқолишларига йўл қўймаслик ҳамма учун инсоний бурч деб биламан. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг каломида “Албатта мўминлар оға- инидирлар” деб мархамат қилса-ю, бир мўмин мусулмон биродаримиз акамиз ё укамиз, қариндошимиз ё қўшнимиз чет давлатларга бориб бир неча йиллар юриб қул сингари ишлаб охир оқибат қуруқ қўл билан касал ҳолатда келиши жуда оғир мусибат. Албатта ақлли инсон нафақат одам савдосига балки муборак Ҳаж ва Умрага жўнатаман деб пулларни олиб, дом дараксиз йўқолиб кетаётган фирибгарлардан ҳам ўзини эҳтиёт қилиши ва яна ўз ўрнида сафарга кетаётган мўмин мусулмонлар ҳам бошқалар билан маслаҳат қилиб, сафарга олиб кетаётган инсонни кимлигини билиб ва суриштириб кейин кетсалар ҳам дуруст бўлади. Тўғри, сафарга бориб катта даромдларга эга бўлаётган инсонлар ҳам жуда кўп  ва лекин касал бўлиб қуруқ қўл билан келаётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳам оқил инсон ҳар доим бу молу дунё кимлардан қолган, охиратимизга тўғридан тўғри олиб кетамизми ёки йўқми деб ҳар доим тафаккур ва тадаббурда бўлиши лозим, ҳамда улуғларимизни ўзга юртда роҳатда ва фароғатда юргандан, ўз юртингда қийналиб фарзандларинг олдида бир тишлам нон еганинг афзал деганларига амал қилиб борилса ҳар хил ёлғончиларнинг кирдикорларига инсонлар камроқ алданадилар. Албатта одам савдосига учрашлик жуда оғир мусибат, аммо мўмайгина, кўпгина пул топиб келаман машина оламан ёки чек соламан, уйларни ремонт қиламан деб кетгандан сўнг Исломни ниқоб қилиб олган баъзи ғаламисларни алдов ва ваъдаларига учиб оиласидан, Ватанидан кечиб юборишлари бунданда оғир мусибат. Бўлиб ўтган воқеий ҳикояни эслаб ўтсак яни: Бир йигит бошидан ўтганларини шундай ҳикоя қилади: -Мен дўстларим билан мўмай пул топиш мақсадида Россияга бордим. Москва шаҳрида ёлланма ишчи бўлиб юрган кезларим, Абдуваҳоб исмли шахс билан танишиб қолдим. Дастлаб у менга Ислом дини арконларига доир тушунчаларни ўргатди. Мен эса бу ҳолатга табиий қизиқиш билан қарадим. Кейинчалик у мени Солижон, Абдулаҳад, Турғун каби одамлар билан таништирди. Янги дўстлар билан сухбатларимиз қизғин тус олар, баъзан тундан тонггача давом этарди. Айниқса, “odnoklassniki.ru” ижтимоий тармоғида кун сайин янги дўстлар орттирар ва эркинлик, адолат учун кураш ғояларини тарғиб этар, бошқалар онгига сингдириб борардик. Улар менга доимо Ислом динига садоқатли бўлиш ва бу йўлда жиҳод қилиш, ҳатто жонимни ҳам фидо этишдан ҳам қўқмасликни алохида уқтириб борарди. Охир-оқибат мен уларнинг Россиядан Покистонга хижрат қилиш ва Сурияда бўлаётган қуролли тўқнашувларда жиҳодчи сифатида қатнашиш ниятида эканидан хабар топдим. Охирги кунларда Худо сақлаб, ота-онам меҳри ва яқинларим соғинчи бузғунчилар билан бирга сафарга чиқиб кетишдан кўра устун бўлди. Мен бугун қанчалар алданган, гўл ва ахмоқ эканимни, дин йўлида фидоийлик деб, халқимга душманлик қилаётганимни, ота-онам ва Ватанимга қарши чиқаётганимни тушуниб етдим. Азизлар бунга ўхшаш бўлиб ўтган аянчли воқеъалар жуда кўп. Аллоҳим барчаларимизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин. Айни дамда ёшлардан қаерга ўқишга кирасан ёки қаерга ишга борасан деб сўралса деярли уларнинг кўпи чет элга кетмоқчиман дея жавоб берадилар. Ана ўша чет эл хавасмандларининг касрига юртимизда одам савдосидек бало авж олиб бормоқда. Ахир бекорга айтишмайдида “Ўзингдан чиққан балога, қайга борай давога” деб. Одам савдоси мамлакатимизга кириб келгандан буён миллионлаб юртдошларимизни ўз домига тортди. Уларни тўғри йўлга бошлаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир. Зеро, Инсоннинг қадр-қимматини дунёдаги ҳеч бир нарсага тенглаштириб бўлмайди. Аммо одамни оддий қоғозга алмаштириш эса қабиҳликдан бошқа нарса эмас. Шу ўринда савол туғиладики: Инсон ўзи кимга бўйсиндирилган?, кимга хизмат қилмоғи лозим? У ўзини яратган Парвардигорига тоат ва ибодат қилиши учун яратилган. Коинотдаги барча нарса инсон учун яратилган, инсоннинг ўзи эса Парвардигор хизмати учун яратилгандир. Аллоҳим аввало барчаларимизни бир-бирларимизга мехр-оқибатли қилсин. Юрт-элимизни саломат ҳолда Ўз панохида сақласин. Омин.

 

Андижон шаҳар бош имом-хатиби      Валижон хожи Сидиқбоев