Оила – муқаддас қўрғондир!

1187

Меҳрибон ва рахмли Аллоҳ таоло улуғ зотлар бўлган Пайғамбарлар орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий қилган. Маълумки, азал-азалдан жамият ва диний таълимотларда оила муқаддас саналиб уларда оилавий муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган, оила қуриш Исломдан аввал ҳам бўлган, лекин оилада эрнинг ва аёлнинг ҳуқуқларини ва масъулиятларини том маънода ислом дини кўрсатиб берди. Аллох таоло барча мавжудотларни жуфт – жуфт қилиб яратди; кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, қуёш ваҳоказолар. Ислом шариати  таълимотларига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш Жаноб Пайғамбаримиз соллоллоху алайҳи васаллам аҳлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро оила-катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан ҳоли, тинч ва обод бўлиши, аввало ушбу кичик жамиятнинг тинчлигига боғлиқ. Оиладаги тинчлик – хотиржамликни ва саодатни таъминлаш ундаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини хис қилиши ва бажариши билан барқарор бўлади. Бундай масъулиятни эса эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи муқаддас никоҳгина мустаҳкамлаши ва жорий қилиши мумкин. Муқадас Ислом таьлимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган, оила қурмасдан таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган.

Ҳадиси – шарифларда уйланиш, оилали бўлиш, ибодат, тақво ва               Аллохдан қўрқиш маъноларига зид эмаслиги кўп бора баён этилган, жумладан  Анас ибн Молик розияллоху анҳудан ривоят қилинади; “Уч кишилик гурух Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди, Бас, уларга бу ҳақида хабар берилганда худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар, Шунда улар “Биз қаёқда – ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг аввалу – охири гунохлари мағфират қилинган”, дедилар, улардан бири айтди: “Мен умрбод тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман, бошқаси эса мен умрбод рўза тутаман, деди, яна бири эса мен аёллардан четда бўламан, умрбод уйланмайман, деди”.

Буларнинг айтган сўзлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб, маълум бўлгандан сўнг уларнинг олдиларига келиб; “Шундай, шундай деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман, лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади, Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, Аёлларга уйланаман ҳам. Бас ким менинг суннатимдан юз ўгирса мендан эмас” дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

 Ҳазрати Пайғамбаримиз Мухаммад Соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннатлари эканини айтганлар. Абу Аюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади : Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Тўрт нарса Пайғамбарларнинг суннатларидан: “Ҳаё, хушбўйланиш, мисвок ва никоҳ” дедилар. (Имом Термизий ривояти)

Мазҳабимизнинг сўнгги мужтахидларидан бирининг мўътабар фиқхий манбаларидан бўлган “ Дуррул Мухтор” китобининг “Никоҳ” фаслида зикр этилганидек “Одамзотга никоҳ ва иймондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг ўз кучини йўқотади, аммо бир – бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан тугамайди”.

Ҳазрати  Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Яхшилик қилишни меҳр – шафқат ва меҳрибонликни оилангдан бошла” деган пур ҳикматли ҳадиси шарифларига мувофиқ оилани мустаҳкалаш учун зарур бўлган барча эзгу ва савобли ишларни қилишимиз лозим бўлади. Бунда аввало эр хотин, қолаверса қайнона – қайнота ҳамда уларнинг атрофидаги катталар оиланинг мустаҳкамлигига жиддий эътибор қаратиши керак бўлади. Баъзи бир оилаларда аёл кишилар бозорларда бўлиб, эрлари эса уйларда ўтирадилар бу эса оилада турли келишмовчиликларнинг юзага чиқишига сабаб бўлмоқда. Оиладаги унча – мунча майда гаплар, баъзи бир кечирса бўладиган хатоларга кўп ҳам эътибор бермаслик, ундан улкан, низоли иш ясамаслик лозимдир. Шунда, иншаоллох, фарзандларимиз одобли, билимдон, ақлли ва меҳнатсевар, иймон – эътиқодли бўлиб тарбияланадилар.

Ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг диёнатлик, инсонийлик, фуқаролик бурчимиздир.

Салимжон Юнусов.

Избоскан тумани   бош  имом – хатиби.