Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантириб айтганларки: “Яҳудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага бўлиниб кетган эдилар. Менинг умматим 73 фирқага бўлингайлар. Улардан биттасигина нажот топиб омон қолур, қолганлари эса дўзах аҳлидирлар» ( Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу мўъжизавий башоратлари вафотларидан кейин ўз тасдиғини топди. У фирқалардан қадария, муржиа ва хаворижларни ўз ҳадиси шарифларида номма-ном келтириб, улардан ҳазарда бўлишни васият ҳам қилганлар.

Мазкур фирқалардан бири ҳисобланган Мўътазила фирқасининг мотуридия ақидасига зид қарашлари, асосан, қуйидаги нуқталарда ўз аксини топади. Улар айтадилар:

  1. Аллоҳнинг исми ва сифатлари азалий эмас, улар ҳеч қандай маъно ва мазмунга эга эмас. Аллоҳнинг исми билан сифатлари бир нарса;
  2. Аллоҳни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўриш мумкин эмас;
  3. Қуръон карим – маҳлуқ (яратилган). У азалий эмас;
  4. Банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш Аллоҳнинг зиммасига вожиб;
  5. Банданинг қудрати ва тоқати Аллоҳга боғлиқ эмас. Феълларни банданинг ўзи яратади;
  6. Қатл этилган киши ажалидан олдин ўлган бўлади;
  7. Ҳалол (луқма) – ризқ, лекин ҳаром (луқма) – ризқ эмас;
  8. Аллоҳнинг иродаси ҳодисдир, қадим эмас.
  9. Аллоҳ фақатгина яхшиликни ирода қилур. Ёмонлик унинг иродасидан ташқаридир;
  10. Амаллар имоннинг таркибига киради. Балки амал имоннинг асосий рукнидир;
  11. Имон озайиб, кўпайиб турувчи нарсадир;
  12. Гуноҳи кабира қилган мусулмон имон билан куфр ўртасида қолур;
  13. Кабира эгалари дўзахда абадий қолурлар.
  14. Шафоат фақат яхши одамларга нисбатан қилинур. Гуноҳларни ҳеч ким шафоат этмас;
  15. Жаннат билан дўзах ҳануз яратилмаган;
  16. Қабрдаги азоб ёки роҳат, қиёмат тарозуси, Пулсирот, Ҳавзи Кавсар кабиларнинг ҳаммаси йўқ нарса;
  17. Авлиёларда ҳеч қандай каромат бўлмайди;
  18. Муқаллид (бошқаларга тақлидан мусулмонман деб юрувчи одам) нинг имони қабул қилинмайди;

Зикр этилган нуқталардан кўриниб турибдики, мўътазила фирқасида бизнинг мотуридия ақидамизга хилоф равишда алоҳида назарияга асос солинган. Нозик ва қалтис жойи шу ердаки, мазкур 18 та бандда айтиб ўтилган нарсаларда анча-мунча ақлли, зиёлилар, ҳатто, уламолар ҳам чалғиб кетишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам ўзимизни юқорида айтилганлардан сақлаб, аҳли сунна вал жамоа фирқаси, ҳанафий мазҳаби, мотуридия ақидамизга оид китобларни кўп мутолаа қилиш ва дилга жо этиш энг зарур ишлардандир. Уларнинг нотўғри эътиқодларидан огоҳ булайлик!

Акмалжон домла Қурбонов

Олтинкўл тумани “Оқ масжид” жоме

масжиди имом-хатиби