Маълумки, жамият оилалардан таркиб топади. Бинобарин ҳар бир оила жамиятнинг биринчи бўғини экан, оилаларнинг тотувлиги йўлида бутун жамият ва ҳар бир инсон масъулдир. Қайсики оила дарз кетар экан, бунинг учун нафақат ўша оиладаги эр ва хотин айбдор, балки бутун жамоатчилик ҳам жавобгардир.

Асака туман имом-хатиблари ҳам жамоатчилик асосида маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда оилаларни ўрганмоқдалар. Ўртадаги муаммоларнинг ечимини топишда фаол қатнашмоқдалар.

Хусусан шу кунларда бир неча оилаларнинг бузилиб кетишининг олди олинди. Ажрашиб кетаётган оилаларга бориб, эр ва хотинларга насиҳатлар қилинди. Натижада бир қанча оила қайта яраштирилди, норасида болалар ота-оналарининг бағрларига қайтишди.

Жумладан туман бош имом хатиби Парпиев Шаҳобиддин домла бошчилигида “Файзобод” жоме масжиди имом-хатиби Сулаймонов Баҳодиржон иштирокида Занкан МФЙда яшовчи, 1981 йилда туғилган Жабборов Зиёд оиласига бориб, шароит ўрганилди.

Жабборов З. Тувадоқ МФЙда яшовчи Расулжонова Феруза билан турмуш қурган. Оила бузилиб, келин уйига кетиб қолган эди. Маҳалла фаоллари иштирокида Расулова Ф. Чақиртирилди, уларга бир қанча тушунтиришлар олиб борилди. Оилда эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари айтиб ўтилди.

Насиҳатлардан тўғри тушунча олган келин-куёв яна бирга аҳиллик билан яшашга келишиб олдилар. Олдинги хатолар такрорланмаслиги учун тушунчалар берилди. Энг муҳими – уларнинг бир нафар ўғиллари отаси ва онаси билан бахт оғушига қайтди.

Шунингдек 1981 йилда туғилган сайдободлик Эрхонов Ҳабибилло собиқ турмуш ўртоғи, навканлик Гулнозахон билан турмуши тикланишига муваффақ бўлинди.

Уларнинг уч нафар ўғиллари бор эди. Узоқ айрилиқдан сўнг оила аъзолари яна бир оилада, бир дастурхон устида жам бўлдилар. Айниқса болаларнинг шодлиги барчамизнинг қалбимизга сурур олиб кирди.

Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака тумани “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими.