НАФСНИ ПОКЛАШ ЗАРУРАТИ

1445

Динимизда нафсни поклаш, инсон ўзини-ўзи тергаб, эртанги кунга нима тайёрлаганига назар солиб туриши ўта муҳим ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Ҳашр сураси, 18-оят).

Аллоҳ таоло шундай деган: “Нафс ва уни тиклаган, унга маъсиятни, тақвони билдирган (Зот)га қасамки, (нафсни) поклаган киши, албатта нажот топибди! Уни (гуноҳ қилиш билан) хорлаган кимса, аниқ зиён кўрибди!” (Шамс сураси, 7-10-оятлар).

Аллоҳ таоло инсон нафсини, унинг руҳий оламини мукаммал қилиб яратган, Унга яхшилик қозониш, ҳис қилиш, идрок этиш, камолотга эришиш каби хислатларни сингдирган. Аллоҳ ҳар бир нафсни пок ҳолида, Исломга мансуб қилиб яратган, унга икки йўлни – яхшилик ва ёмонлик йўлини билдирган. Унинг нафсида тақвога рағбат, маъсиятга мойиллик бор. Қайси бирини танлаш банданинг ўзига боғлиқ. Ким нафсини Аллоҳга итоат этиш билан чиркин ахлоқлардан, ёмон одатлардан покласа, хулқини гўзал қилса, албатта нажот топади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Кимда-ким нафсига эрк берса, уни гуноҳ-маъсият, куфру залолат билан булғаса, ҳалок бўлиши муқаррар.

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар:

яъни: “Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривояти).

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай дедилар:

яъни: “Ҳисобга тортилишингиздан аввал нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг ва буюк рўпара бўлиш кунига зийнатланинг (тайёргарлик кўринг). Қиёмат кунидаги ҳисоб фақат дунёда ўзини тергаб турган кишиларгагина енгил бўлади” (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолодан нафсимизни поклашни сўраб дуо қилишни ўргатганлар: Келинг азизлар биз ҳам мана шу дуони қилайлик….

яъни: “Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато қилгин ва уни поклагин. Зеро сен энг яхши покловчисан. Сен унинг эгаси ва мавлосисан” (Имом Муслим ривояти).

Манбалар асосида Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.