Нафс тарбияси энг ҳассос мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзуда кўплаб олимлар, тариқат машойихлари сўз юритганлар, қатор китоблар ва рисолалар битганлар.
Дарҳақиқат, нафсга хилоф қилишда инсон учун жуда кўп яхшиликлар, баракалар бор. Унга тобеъ бўлиш эса ёмонликларга пойдевор ҳисобланади. Шу кунгача ўтган солиҳ бандалар барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, барча ёмонликларнинг асоси эса унга тобеъ бўлишда эканлигига ижмоъ қилганлар.
Нафсга хилоф қилиб, уни тарбиясига машғул бўлган киши ютуққа, нажотга эришган ҳисобланади. Унга эргашган, қул бўлганлар эса гумроҳ кимсалар саналади.
«Ҳақиқатда, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришади». (Шамс сураси, 9 – оят).
«…ўз ҳавои нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?!». (Қасос сураси 50 – оят).
Оддий одамлар орасида ҳам нафсга эргашиш яхшилик келтирмаслиги, шумликка сабаб бўлиши айтилади: «Менинг нафсим балодир. Ўтдан чўққа солодир».
Уламолар нафсга хилоф қилишни ибодатнинг боши, дейдилар.
Тарихда ўтган кўплаб алломалар, машойихлар, руҳий тарбия уламолари нафс ислоҳи, унга хилоф қилиш билан олий мартабалар, мақомларга эришганлар.
Бир киши ҳавода муаллақ ўтирган одамни кўриб, бунинг сабабини сўради.
У айтди: «Мен ҳавони тарк қилган эдим, Аллоҳ ҳавони бўйин сундириб қўйди». Яъни, ичимдаги нафсу ҳавога хилоф қилган эдим, Аллоҳ ташимдаги ҳавони хизматимда қилди.
Машойихлар айтади:
Нафсга хилоф қилишнинг баракаси, таъсири ҳар бир инсонга гарчи у ислом аҳлидан бўлмаса ҳам ўтади. Ривоят қилинишича, Мисрда мукошафа билан машҳур бўлган роҳиб бўлар эди. Унинг бу ҳолати мусулмонларни фитнага солишидан қўрққан бир олим заҳарланган пичоқни олиб, роҳибнинг уйига борди. У эшикни таққиллатган эди, ичкаридан: «Ҳой мусулмонлар пешвоси! Пичоқни ташла», деган овоз эштилди. Олим пичоқни ташлаб, уй ичига кирди. Роҳибга қараб: «Сенда мукошафа нури қаердан пайдо бўлди? Ёки мусулмонмисан», деди. Роҳиб айтди: «Ҳа, мусулмон бўлдим». Имом: «Бу қандай содир бўлди?», деди. У: «Нафсга хилоф қилиш билан бўлди. Нафсимга исломни таклиф қилгандим, у бош тортди. Мен эса унга хилоф қилдим», деб жавоб қайтарди.
Ҳўжаобод туман “ЕТТИ ЧИНОР” жоме масжиди ноиби-имоми
Муҳаммадқуддус Абдуҳалимов