Тасаввуф уламоларининг ўзига хос бўлган ахлоқий қарашлари.

872

 و إنك لعلى خلق عظيم

Ва албатта сиз улкан хулқдасиз. (Нун сураси   4-оят)

لقد كان لكم في رسول الله أسوة حسنة

 Батахқиқ, сизлар учун Росулуллох с.а.в. да гўзал ўрнак бор эди. (Аҳзоб сураси 21  -оят)

إنما بعثت لاتمم مكارم الأخلاق

Мен албатта гўзал хулқларни ниҳоясига етказишлик учун юборилдим. (хадиси шариф)

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор р.а. ҳазратлари “ Аллоҳ таоло менга пок шариатни ёйиш ва Ислом миллатини қўллаб-қувватлашни ирода қилди” дейдилар, демак, тариқат, тасаввуф мақсадларидан бири покиза Ислом шариатини ёйиш ва Ислом динини қувватлантириш экан.

“Ахлоқ” сўзи “хулқ” сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ- атворни белгилайди. Исломий ахлоқнинг асл манбаи Қуръони Карим ва унинг нуридан ҳосил бўлган суннатдир.

“Одоб” сўзига кўплаб таърифлар келтирган, одоб бу – нафснинг камолотга етганлиги, унинг интизомлилиги, унинг жиловланганлиги ва хайрда эканлигини аломатидир. Сўфийликнинг кўзига кўринган аломатларидан бири, сўфий – яхши ахлоқлар ва гўзал одоблар билан зийнатланган бўлишлигидир. Шу маънода “тасаввуф – хулқдир, кимнинг гўзал хулқи зиёда бўлса, тасаввуфи ҳам зиёда бўлади”, дейилган. Машҳур сўфийлардан бирларининг араб тилида ёзган “Ал-Мабохис – ул – аслия” номли китобида сўфийнинг одоби хақида  қуйидаги ажойиб байтлар келтирилган:

 

Тарийқатнинг зоҳири ва ботини бордур.

Унинг зохиридан ботинлари билинадир.

Унинг зохири одоблар ва ахлоқлардур,

Унинг ботини холларнинг манозилидур.

Зулжалолга юришнинг мақоматларидир,

Зохирий одоблар кўзларга кўринадир.

Алар инсон ботинининг далолатларидир.

Одоб фақийр учун аъло суянчиқдир.

(“Тасаввуф  хақида  тасаввур” китобидан)

Ҳар бир иш ва хар бир аъзонинг ҳар бир ибодат ва ҳар бир муомаланинг ўз одоби бўлади. Бугунги кунда “одоб” сўзи ўрнига “маданият” сўзини ҳам  ишлатилмоқда. Масалан, кийиниш одобини кийиниш маданияти шаклида. “Тасаввуфда Қуръони Карим ва суннат мутоҳҳара асосида ҳар бир нарсанинг ва ҳар бир шахснинг одоблари ва кимга нимага нисбатан қандай одобда бўлиши белгиланган. Шунингдек, тасаввуф беодобликни келиб чиқиш йўллари ва унинг зарарларини ҳам баён қилиб беради. Кейин эса ўша беодобликдан қутулиш йўлларини хам кўрсатиб беради. Тасаввуф ахлоқ масаласини хам атрофлича эҳтимомга лойиқ нарса сифатида муолажа қилади. Тасаввуф Қуръони Карим ва суннат асосида қайси ахлоқлар билан хулқланиш ва қайсиларидан узоқда бўлиш кераклигини хам кўрсатиб беради.   (“Тасаввуф  хақида  тасаввур” китобидан)

Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари М.Мўминов