МУТАССИБЛИКНИНГ ЗАРАРЛАРИ!

607

Ислом инсонлар ўртасида ҳурфикрлиликни тарғиб қилишлик билан биргаликда ўзгалар билан ҳам фикрлашиб бир тўхтамга келишликка буюради. Ислом дини мутаассибликка ўта қарши бўлиб, уни ёқламайди. Чунки мутаассиб инсон ўз фикрида қаттиқ туриб олади. Ўзганинг фикри билан қизиқмайди. Ўз эътиқодини тўғри деб билиб ўзгалар эътиқодига раддия билдиради. Натижада халқ орасида фитна, муросасизлик келиб чиқишига сабаб бўлади.
Исломда гўё у билган нарсадан бошқа нарса йўқдек ўта қаттиқ ишонадилар ва ҳатто баъзи ўринларда Исломнинг аввалида рухсат берилган оят ёки ҳадисни ўқиб олиб кейинчалик уни мансух қилган оят ёки ҳадис келганлигини тан олгилари келмайди. Ёинки бунинг акси ўлароқ аввалда манъ қилиниб, кейинроқ рухсат берилганини инкор қилиб ўз фикрларида туриб оладилар. Натижада авом халқ орасида икки хиллик вужудга келади. Қайси бири ҳақ эканлигини билишда қийналишади ва турли низолар пайдо бўлади. Бундай инсонлар ўзгалар фикри билан қизиқмайдилар. Масаланинг асл моҳиятини, оятларнинг нузули сабаби ёки ҳадисларни нима сабабдан, қай холатда, бир шахсгами ёки оммагами, маълум бир жой учунми ёки барча жойга қарата айтилганми, нима сабабдан рухсат берилган, нима сабабдан бекор қилинган эканлигининг моҳиятини англаб кўрмайдилар. Кўпчилик олдида ўзининг ҳақлигини исботлашга уринадилар. Фитна чиқмаслиги учун бир уламо мунозара қилмай сукут қилса уни енггандек устидан мазах қиладилар. Натижада Исломнинг асл мақсади бу ёқда қолиб, сохта, ботил ва бидъат ривож топади. Диний саводсизлик катта мусибатларга, фитналарга, низоларга сабаб бўлади.
Ислом дини мутаассибликни ва террорни ёқламайди, аксинча эзгуликка ва яхшиликка чақиради. Шунингдек, халқлараро бирдамликка, ҳамжиҳатликка чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 13-оятида марҳамат қилади: “Эй одамлар сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Ислом дунёвий ҳамда диний ишларимизда ўзга миллат, дин вакиллари билан яхши муомалада, гўзал муносабатда бўлишликка ҳамда улар билан турли ишларда ҳамкор бўлиб биродарона ҳаёт кечиришликка чақиради. Ислом дини нафақат инсониятга, балки ҳайвонотга ҳам озор бермасликни ҳатто дов – дарахтларни ҳам бекорга кесмасликни таълимотини беради. Лекин Ислом динини ўзларининг асл башараларини яшириш учун ниқоб қилиб олган террорчи, мутаассиб, ақидапараст оқимлар муқаддас Ислом динининг дунё ҳамжамиятидаги мавқеини юксаклигини кўролмасдан унинг обрўйини йўқотиш мақсадида “Ислом бу террор” деган ном билан ёмон отлиқ қилишга уринмоқдалар. Бу жирканч мутаассиб тоифалар Исломнинг барча рукнларига тўлиқ амал қилинаётган ҳамда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар аҳил, иноқ ҳаёт кечираётган юртимизни ҳам “куфр диёри” деб куфрга нисбат бермоқдаларки, бу билан улар ўзларининг қора ниятларини яна бир бора намоён этмоқдалар. Улар халқимиз орасида фитна чиқариш мақсадида Исломдан бехабар бўлган ёш йигит – қизларни ўз домига тортиб, ҳижрат, жиҳод ва шаҳидлик ҳақидаги сафсаталари билан уларни ҳижрат қилишга чақирмоқдалар. Ҳамда ўз ота – онаси, яқинлари, шунингдек ўз халқи, ватанига қарши қурол билан жиҳод қилишга чақирмоқдалар. Бу мутаассиб оқимлар ўз фикрига қўшилмаган инсонларни “кофир” деб ўлдиришгача бормоқдалар. Уларнинг мақсади битта у ҳам бўлса халқни маҳаллий ҳокимятга, раҳбариятга қарши қўйиб, гиж – гижлаб уруш, фитна чиқариб исломнинг обрўсини туширишдир. Улар қанча чиранмасинлар Ислом ер юзида боқий қолади. Чунки Аллоҳ ўз динини қиёматгача боқий қолишини ваъдасини берган. Ва аксинча “Исломни йўқ қиламан” деган қанчадан қанча Ислом душманларининг ўзлари ер юзидан супурилиб кетди.
Аллоҳ таоло Юнус сураси 81-оятида “Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди” деб марҳамат қилган. Буларга ҳам Аллоҳнинг ўзи кифоя қилади. Бизнинг мақсадимиз бу муқаддас замин Ватанимизни, ёшларимизни турли фитналардан, ёмон кўзлардан кўз қорачиғидек асраб, муқаддас динимиз ва Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб, содиқ хизмат қилишликдир.

“Қўштепа” жомеъ масжиди имом – хатиби З.Муллажонов