АЁЛЛАР ЖАМИЯТ КЎЗГУСИДИР

805

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, интеллектуал, ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг оила ва жамиятдаги мавқеи юксалиб боришига замин яратмоқда.
Бинобарин, аёлни эъзозлаш, унга оила таянчи, миллат тарбиячиси сифатида эҳтиром кўрсатиш, бунга узвий равишда оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш мустақиллик йилларида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айни йўналишда мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос шакллантирилиб, хотин-қизларнинг ҳаётий манфаатларини кафолатлаш қамрови тобора кенгайиб бораётир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2016 йилнинг юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши ҳам жамиятимизда аёлларга бўлган алоҳида эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Эътироф этиш жоизки, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган улуғвор ғоянинг амалий ифодасини таъминлашга хизмат қилди. Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, аёлларнинг оғирини енгил қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, кучли, барқарор давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлаш борасида давлат ҳокимияти органлари, тегишли диний идоралар ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар белгиланган.
Жамоатчилик фикри мониторинги шундан далолат берадики, айнан истиқлол йилларида аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётига интеграциялашуви сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Хотин-қизларимиз мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётининг барча жабҳасида муносиб фаолият юритмоқда. Улар нафақат -навқирон авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш соҳасида, балки саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида ҳам салмоқли ҳисса қўшаётир.
Ўзбекистоннинг замонавий аёли — таълим олиб, касб эгаллаётган, хизмат даражаси пиллапояларидан кўтарилиб, мамлакат ва жамият ҳаётида бевосита иштирок этаётган ижтимоий фаол шахс. Оила ва мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, яқинларининг саломатлиги, бахт-саодати хотин-қизларнинг эртанги кунга ишончини ошириб, кайфиятига ижобий таъсир кўрсатаётган асосий омиллардандир.
Хулоса қилиб шуни айтамизки жамият бош бўғини бўлган оила институтининг ривожланиб бораётганини, юртимиз хотин-қизлари ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганига қатъий ишонишимизни, оила ва баркамол авлод тарбиясида аёлларнинг роли янада ортиб бормоқда.

Булоқбоши тумани “Мехри Кулол Азиз”
жомъе масжиди имом хатиби: М.Қодиров