Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини, қийматини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб, мушоҳада қилиш билан билади.  Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деганлар. Дарҳақиқат инсон жисмининг соғлом ва саломат бўлиши, улкан неъмат ҳисобланади. Жаҳон адабиётига муносиб ҳисса қўшган Саъдий Шерозий сафар чоғида ялангоёқ юргани, йўлда  ҳафа бўлгани, оёғи кесилган кишига йўлиққанда тўғри хулоса қилиб шукр қилганини бир эслайлик. Одамнинг пешонасини деворга текканда ҳам, ёҳуд ақл юргизиб, тафаккур қилганда ҳам ботиний кўзлари очилади ва ибрат олади. Бир илм-маърифат даргоҳида бир устоз шогиртларига дарс бераётган эди.  Ташқарида кимдир, дераза олдида тургани кўринди. У гўё бизни имлагандек, бошини паслатиб кўтарар, лекин овозини эшитмас эдик. Шунда, устоз “менга: “Ташқарига чиқчи, нима иши бор экан”, деди. Мен у тамонга қараб, юришни бошладим. Не кўз билан қўрайки, у жойда икки қўли елкасдан йўқ бир киши турган экан.

     У менга: “ҳожатҳона қаеда?”, деб сўради. Унга кўрсатиб юбордим.

     У эса: “мен билан бирга бора оласизми?” деди. Мен: “бемалол”, дедим. Бирга бордик ҳам. Етиб боргач у менга: “эшикни очиб беринг?” деди. Мен эшикни очдим. У эса: “мени кутиб туринг”, деб ичкарига кириб кетди. Кутиб турсам, ичкаридан “эшикни очинг?”, деган овоз келди. Эшикни очдим. У: “Менга қарамасдан, кийимимни ечиб қўйинг”, деди. Мен унинг кийимини ечиб қўйдим, у халога кириб кетди. Шу пайт мен ҳафа бўлиб  кетдим. Ўзимга ўзим савол бера бошладим. У бавлдан қандай покланади? Ўзидан азиятни қандай кетказади? Лаҳзалардан сўнг ичкаридан, у: “эшикни очинг, кийимимни кийгизиб қўйинг”, деди. Эшикни очиб, кийимини кийгизиб қўйдим. Ҳаракати чегаралангани, мен сабабли ноқулайликдан қутилани учун, у кўпдан-кўп раҳматлар айтиб, мендан миннатдор бўлиб қайтди.

   Бу қандай ҳам улуғ неъматлар эканки, биз ундан ғафлатда қолдик. Ўйлаб мулоҳаза қилиб қоласан. Бу киши қандай ейди? Ичиш учун идишни қандай ушлайди?

    Ҳалога қандай кириб чиқади?

    Қандай таҳорат қилади? Қандай сажда қилади-ю, қандай бош кўтаради? Қандай? Қандай? Сўнг: “Алҳамдулиллаҳ,

    Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳга берган неъматларига чексиз шукрлар бўлсин”, дедим.

   Қиссадан ҳулоса шуки, жисмимиздаги Аллоҳ берган неъматларнинг қадри улуғ, қиймати бебаҳодир. Инсоннинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир ҳужайрасининг ўз  вазифаси ҳамда бир ҳикмати бор. Шу неъматларнинг биридан бебаҳра бўлган инсон ёҳуд ўйлаб, мушоҳада қилган инсон бунинг қадрини жуда яхши билади. Барчамизга жисмимизни яхшиликка, савобли ишларга ишлатишликни насиб айласин.

Андижон шаҳар “Имом Ал- Бухорий” жоме масжиди имом хатиби

Олимжон домла Рахимов