Ибодатларимизнинг  вақти белгиланадиган ҳижрий қамарий йил ҳисобининг биринчи ойи Муҳаррам ойидир. Аллоҳ таоло бу ойни Қуръонда ойлар ичида хослаб зикр қилиб, марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади Аллоҳнинг осмонлар ва ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ ўн икки ойдир. Уларнинг тўрттаси (уруш) ҳаром қилинган ойлардир…” (“Тавба”, 36-сура).Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни шарҳлаб: “Бу тўрт ой  — Зул қаъда, Зул ҳижжа, Муҳаррам ва Ражабдир…” деганлар. (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).Демак Муҳаррам ойи ҳам ўн икки ой ичидаги хос ойлардандир. Бу ой кирганда ҳатто Исломдан олдинги жоҳилият давридаги жанжалкаш, урушқоқ қабилалар ҳам қуролларини ташлашган, қилич-ханжарларини қинларига солишган. Бу ойнинг ҳурматидан урушлар тўхтатилган.

    Бу ойнинг халқимиз орасида “Ашур ойи” деган номи машҳур. “Ашур” араб тилида “ўнинчи” деган маънони билдиради. Бунинг сабаби эса аксар пайғамбарлар қийинчиликлардан нажот топган кун айнан Муҳаррам ойининг ўнинчи кунига тўғри келганидир.  Масалан, Одам Ато алайҳиссалом ман қилинган мевани еб қўйиб, жаннатдан чиқарилгандан кейин, надомат билан Аллоҳга тавба қилдилар. Ривоятларга қараганда, уч юз йил йиғлаб, Аллоҳдан кечирим сўрадилар. Охир-оқибат Аллоҳ таоло тавбаларини қабул қилди. Бу айнан Муҳаррам ойининг ўнинчи кунига тўғри келди.

    Нуҳ алайҳиссалом ўз қавми билан тўфондан нажот топиб, улар жойлашган кема қуруқликка тушган куни ҳам, Мусо алайҳисалом Бани Исроил билан Фиръавннинг зулмидан қутулган — улар учун денгизнинг нариги қирғоғига ўтиб олишлари учун сув ўртасидан йўл очилган кун ҳам Муҳаррам ойининг ўнинчи кунига тўғри келар экан.

    Ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида, кўрдиларки, яҳудийлар Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутишар эди. Сабабини сўраганларида, “Мусо алайҳиссалом рўза тутганлар, чунки шу куни Фиръавннинг зулмидан нажот топганлар” дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан кўра биз кўпроқ ҳақли эканмиз”, деб, ўша куни рўза тутишликка буюрдилар. Ва ташбиҳ бўлиб қолмаслиги учун тўқизинчи куни ҳам рўза тутишликка буюрдилар (Муслим ривояти).

    Аллоҳ бу улуғ мавсумларни ва янги йилимизни файзу-баракотли бўлишини насиб этсин. Бу йил давомида Аллоҳ таоло барчамизга эзгу ишларни, савобли амалларни кўпайтириб адо этишимизда ғайрат, куч-қувват, сиҳат-саломатлик берсин! Омийн.

Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов

Олтинкўл туман бош имом-хатиби