Мўмин киши ёлғончи бўлмайди

643

Тўғрилик – ёлғон, хиёнат, тухмат, вафосизлик каби қабиҳ ишлардан узоқда бўлмоқ демакдир.  Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёга имтиҳон учун келтирди ва шу имтиҳон дунёсида  тўғри юриб тўғри туришга, тўғри сўзлашга ва тўғри ҳаёт кечиришга буюрди.

Аллоҳ таоло инсонларни ёлғиз Ўзидангина қўрқишга буюрган вақтда унинг ортидан тўғри сўзлашликка ҳам буюрган. Жумладан, “Аҳзоб” сурасида: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди», деган.

Демак, бизлар доимо тўғриликни қасд қилишлигимиз лозим бўлар экан. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканлигини таъкидлаганлар. Жумладан: «Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас», деганлар.

Бир киши Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

Ё Расулаллоҳ, (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми? – деб сўрашди. У киши:

– Ҳа, деб жавоб бердилар.

– Мўмин киши бахил бўлиши мумкинми? – деб сўрашди. У киши:

– Ҳа, деб жавоб бердилар.

– Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми? – деб сўрашганда,

– Йўқ, деб жавоб бердилар.

Аллоҳу Таоло мўминларни тўғри сўзликка чақириб, “Тавба” сурасида шундай дейди: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва содиқ (ростгўй) кишилар билан бирга бўлингиз!». Ушбу ояти каримада Аллоҳ Таоло бизларни рост сўзлашга ва сўзлаган сўзлари, амалларида рост бўлган инсонлар билан бирга бўлишга буюряпти.

Бугунги кунда инсонлар орасида одатий ҳолга айланиб бораётган ёлғончилик, ваъдага вафосизлик каби салбий ҳолатлар ривожланиб бораётган жамиятимизга хунук оқибатларни олиб келиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун ҳар биримиз ўз хонадонларимизда, маҳалла-кўйларимизда, иш жойларимизда оила аъзоларимиз, фарзандларимиз, ёру дўстларимизга ёлғончилик, бевафолик оғир гуноҳ эканлигини эслатиб турмоғимиз даркор.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: «Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни жаннатга етаклайди. Албатта киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилади. Албатта, ёлғон (ўз соҳибини) ёмонлик сари етаклайди. Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди. Киши доим ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ таоло ҳузурида каззоб (ёлғончи) деб ёзилади».

Юқоридаги ҳадиси шариф бизларга ҳар эзгуликнинг боши ростгўйлик ва ҳар ёмонликнинг сабабчиси ёлғончилик эканлигини уқтириш билан бирга, тўғриликнинг оқибати жаннат билан зафар қучиш, ёлғончиликнинг оқибати жаҳаннам туашлигини бизларга англатади.

Ҳар бир ота-она фарзандини ростгўй қилиб тарбиялашлиги учун аввало ўзи ростгўй бўлиши керак. Уйда бўлиб туриб, чақириб келган кишига “мени йўқ деб қўй” деб, фарзандига буйруқ берган ҳолда ёки фарзандига бир нарсани ваъда қилиб, ваъдасини устидан чиқмаса бу нарса фарзанд тарбиясига салбий таъсир қилади.

Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: «Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат берилса, хиёнат қилади».

Ўтган улуғ авлиёлар, алломаларни ҳаётига назар солинса, ҳар бирлари ҳам тўғри сўзлик, ваъдага хилоф қилмаслик, омонатни вақтида адо қилишлик билан улуғ мақомларга етишганлар.

Ҳазрати Луқмони ҳакимдан сўралди: «Сизни шу даражага нима етказди?». Айтди: «Тўғри сўзлик, омонатни адо қилиш ва кераксиз бўлган нарсаларни тарк қилиш».

 Аллоҳ Таоло барчамизга ҳар бир қилаётган ишларимизда тўғриликни қасд қилиб, ёмонликлардан сақланиб боришлигимизга ўзи ёрдам берсин. Омин.                                                                    

 

Икандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби.