Инсон наслининг давомчилари, кўзларнинг қувончи, жамият келажаги бўлган фарзандларимизнинг тарбияси доимий долзарб мавзу бўлган. Шариатимиз таълимотларида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир жамиятнинг асосий ташвиши ҳам айнан келажак авлод тарбияси эрур.

Юртимизда ҳам фарзанд тарбиясига эътибор юқори даражада. Хусусан, Юртбошимиз бу ҳақда ўзининг нутқида жумладан шундай деган:

“Бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда қандай улкан аҳамият касб этаётгани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Нега деганда, айнан шу масалалар бизнинг бугунги ва эртанги кунимизни, фарзандларимиз, набираларимиз тақдири ва келажагини, бир сўз билан айтганда, ҳаёт-мамотимизни ҳал қилиши ҳеч кимга сир эмас”. (“Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан)

Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир. Зеро Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек:

“Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир” (Бухорий ривояти).

Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди. 

Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандлардан ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Замахшарий, Имом Марғилоний, Имом Косонийлар каби буюк олиму алломалар чиқади. Иншааллоҳ. 

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.

Шунинг учун ҳар биримиз – ота-оналар, устоз ва мруаббийлар, жамоатчилик, фаоллар барчамиз масъулиятни ҳис қилишимиз лозим. Зеро фарзанд тарбияси келажак пойдеворидир.

Жалолиддин домла Исмоилов,

Асака тумани “Тошбой халфа”

масжиди имом-хатиби