Кексаларимизни қадрлайлик

962

Ислом динида кексаларни қадрлаш ва эъзозлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Кексаларни қадрлаш, ота-онани эъзозлашдан бошланиб, улар кексайганларидан кейин фарзандлари олдидаги ҳақлари яна ҳам кўпайиб, яъни кексалик ҳақлари ҳам қўшилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир ёш кексани ёши учун икром қилса, Аллоҳ унга ҳам қарилик чоғида ёши учун икром қиладиган кишини муҳайё қилади дедилар”. Ким қариган чоғида ўзгалар унга ҳурмат-эҳтиром  кўрсатишини истаса, демак ёшлик чоғида кексаларга ҳурмат эҳтиром кўсатмоғлари лозим экан.

Ёши улуғ бир чол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ирода қилиб келди. Қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичкинамизга рахм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас” дедилар.

Мўмин – мусулмонлар қадимдан кексаларнинг ҳурматини жойига қўйганлар. Бу ишга Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари асос солганлари ва бош бўлганлари ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди. У зот алайҳиссалом катта ёшдаги одамга йўл очишда кечикиб қолингани учун саҳобаларга танбеҳ бердилар ва “Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас” дедилар.

Демак ушбу ҳадиси шарифдан қуйидаги фойдалар олинади:

1.Катта ёшдаги кишиларни кўрганда тезроқ уларга ёрдам беришга ҳаракат қилиш лозимлиги;

2.Ёш болаларга нисбатан рахм шавқатли бўлиш мусулмонлик аломати эканлиги;

3.Катта ёшли кишиларни улуғлаш , уларнинг ҳурматини жойига қўйиш мусулмонликнинг аломатларидан эканлигидир.

Энг эътиборлиси бизнинг динимизда фақат мусулмон кексаларни эъзозлаш билангина чекланилмай, балки бошқа диндаги кексалар ҳам эъзозланади.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг бош шогирдлари Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг “Харож” номли китобида қуйидагиларни ёзган эканлар: “Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу бир қавмнинг эшиги олдидан ўтаётиб, катта ёшдаги кўзи ожиз одамнинг тиланиб турганини кўрди. Сўнг унинг билагидан тутиб: “Қайси аҳли китоблардансан” деб сўради. “Яҳудийман” деди у. “Сени тиланчиликка нима мажбур қилди” деди. Шунда яҳудий “Жизя, эҳтиёж ва кексалик” деди.

Сўнг Умар розияллоҳу анҳу унинг қўлидан ушлаб, уйига олиб борди. Уйидаги борини олиб берди. Кейин байтулмолнинг ҳазиначисига одам юбориб, “Бунга ва бунга ўхшаганларга қаранглар! Аллохга қасамки, агар унинг ёшлигини еб, қариган чоғда уни бепарво ташлаб қўйсак, инсоф қилмаган бўламиз. “Садақалар фақирларга, мискинларгадир” деди. Сўнгра ундан ва унга ўхшаганлардан жизя олишни бекор қилди”.

Бошқа ривоятларда айтилишича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг буйруқларига биноан ўша одамга нафақа ҳам белгиланган ва кекса мусулмонларни нафақа билан таъминлаш ҳам ўша яҳудий қариянинг сабабидан жорий қилинган экан.

Демак Ислом динимиз аззалдан бағри кенг ва инсонпарвар дин бўлган экан. Шундай экан Аллоҳ таоло қанақа миллат ва қанақа динда бўлишидан қаттъий назар кекса отахон ва онахонларимизни қадрлаб-эъзозлаб, хурматларини жойига қўйиб яшамоқликни барчаларимизга насиб этсин.

Олтинкўл тумани “Далварзин” жоме масжиди имом-хатиби Искандар домла Ортиқов