Қиз фарзанд тарбияси

1172

Фарзандларга насиҳат қилиш, ўрнак бўлиш, уларни гўзал тарбия билан ўстирмоқ Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак тавсияларидир. Қизларига яхши тарбия бериб турмушга чиқариш, кейин уларга яхшилик қилишни давом эттириш жаннатга кирмоқликнинг ҳақ йўлида бўлмоқ демакдир. Мусулмонликда қиз ва эркак авлоднинг фарқи йўқ. Ҳатто қиз авлодга нисбатан бир қадар меҳрибонлик, ҳассослик, шафқат бор. Севикли Пайгамбаримиз (с.а.в.)нинг ушбу ҳадиси шарифида ана шу назокат, меҳрга ишорат бор. “ Кимки уч қизни ўстириб, тарбиялаб ва турмушга чиқариб ҳамда яхшилик қилишни тўхтатмаса, ул жаннатийдир”.
Бошқа бир ҳадисда “ Ҳар кимки, икки қизни тарбия қилиб ўстирса, қиёмат куни мен ва у жаннатда бирга ёнма-ён бўламиз”, деб айтар эканлар. Яъни Пайғамбаримиз(с.а.в.) муборак бармоқларини бир-бирига теккизиб “шундай ёнма-ён” деб кўрсатган эканлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг бу амрларини билган ҳар бир мусулмон, эс-ҳуши жойида оталар болаларини ажратмасликлари, ҳатто қиз фарзандларига тузукроқ эътибор бериб тарбиялашлари уларнинг ўзларининг манфаатларидандир дейилади.Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг ҳаётини ва буюк авлиёуллоҳларнинг ҳаётларини ўқиган мусулмонлар қиз авлодни ўстириб тарбия бериш жуда савоб иш эканлигини яхши билиб тушунадилар. Қизини турмушга чиқариб, ундан алоқасини узган ота яхши ва ҳақиқий мусулмон эмас. Ҳақиқий мусулмон –қиз фарзандини ҳам астойдил тарбиялайди ҳам турмушга беради, ҳам кейинчалик унга меҳрибонлигини кўрсатиб туради. Бу қиз, бу куёв деб бепарволик қилиб, улардан узоқлашган, қизи, куёвидан хабар олмайдиган ота жаннат юзини ҳам кўрмайди дейилган.
Фарзандини, авлодини қадр қимматини билмаган, авлодига муҳаббати бўлмаганни, Ватанига ҳам муҳаббати бўлиши мумкинми?. Авлодини ёмон йўлдан қайтармаган , тўғри йўлга бошламаган ота ҳақиқий, чин мусулмон эмас дейилади.
Улуғ бир авлиёуллоҳ дейди – Эй инсон, модомики куёвингни севмасанг, у ақлли –ҳушли бўлмаса, нега жигар поранг, кўзинг нури қизингни унга бердинг?. Мен қарши эдим,ўзи кетди, ўзи шуни хоҳлади десанг, унда сенинг айбинг аввалгидан ҳам кўпроқдир. Сен ўз вазифангни адо этмагансан. Қизингга бир Ислом тарбиясини бермагансан. Ўзинг ўрнак бўларли бир мусулмон ота ёки она бўлмагансан.Табиийки, қизинг ҳам ўрнак бўларли бир ислом қизи бўла олмаган. Шунинг учун шундай бир бало бошингизга келган. Модомики бўлар иш бўлибди, сен ҳеч бўлмаса инсонийлигинг билан ҳушфеъл ва намунали одобинг билан ул адашган одамни тўғри йўлга киргаз, токи сени фарзандинг ҳам роҳат кўрсин. Қандай қилиб ёш аёлни икки ўт орасига ташлайсан?. Бунинг учун фарзандингни соҳиби бўл. Ўрнак бўла оладиган бир ислом ота-онаси бўл!. Бизга тушган вазифа-билганимизни айтиш ва ёзиш. Тўғри йўлга солиш, қадрини билиш сендан. Ҳидоят Аллоҳ таъолодандир деган эканлар.
Демак қиз фарзандимизнинг тарбиясига эътиборли бўлишимиз ва турмушга бергандан кейинги ҳаётида ҳам унга ёрдам ҳамда меҳр кўрсатишимиз лозим экан. Аллоҳ таъоло барчаларимизга фарзандларимизни гўзал тарбия билан ўстирмоқлигимизни ва уларга умрларимизнинг охиригача меҳрибон бўлиб, меҳр кўрсатиб яшашликка насиб айласин.

Олтинкўл туман “Далварзин” жоме масжиди имом-хатиби:
Искандарбек Ортиқов