Исломда тадбиркорлик ва инсон манфаътлари

1271

Ҳаммамизга маълумки ислом оламида тадбиркорликка катта эътибор берилган. Меҳнатсевар халқимиз тадбиркорликка кирувчи касб-хунар, дўкондорлик, зироат ва тижорат каби касблар билан шуғулланиб, ҳалол йўллар орқали оиласини боқиб, рўзғор тебратган.  Хусусан, Қурони Каримда Аллоҳ таоло шундай деб мархамат қилади.

“У (Аллоҳ) сизларга Ерни хокисор (бўйсинувчи)  қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёхат, тижорат ёки дехқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан танаввул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг хузуригадир”. (Мулк сураси 15 оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад  (а.с) ҳам: “Ҳар бир мусулмонга касб-хунарни эгаллаш фарздир”, деб мархамат қилганлар.

Абдуллоҳ ибни Умар (р.а)дан келган ривоятда Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар. “Инсонларнинг ичида Аллоҳ таолога энг севимлиси инсонларга кўпроқ нафи тегадиганидир. Амалларнинг ичида Аллоҳ таолога энг севимлиси мусулмоннинг қалбига хурсандлик киритиш ёки ундан бирор ташвишни кетказиш ёки унинг қарзини ёпиш ёки ундан очликни қувишдир. Мен учун биродаримнинг хожатини чиқариш мақсадида у билан бирга юриш ушбу масжидда – яъни, Мадинаи мунавварадаги масжидда  – бир ой эътикоф ўтиришдан кўра яхшироқдир. Ким жаҳлини тийса Аллоҳ таоло унинг айбини ёпади. Ким ўч олишга қодир бўла туриб ғазабини ютса Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг қалбини умидга тўлдиради. Ким биродари билан унинг хожатини чиқариш учун юрса ва уни уддаласа, Аллоҳ таола қадамлар тоядиган кунда унинг қадамини собит қилади. Дархақиқат ёмон хулқ худди сирка асални айнитганидек , амални бузади” (Имом Бухорий ривояти).

Малумки юртимизда қадим-қадимдан инсофли, дину-диёнатли ва мурувватли давландмандлар, тижоратчилар, дўкондорлар бўлиб, бу саҳий инсонлар етим-есирлар, ёлғиз кишилар, бева-бечоралар ва мискинлар холидан доимо хабар олиб турганлар.

Албатта инсонлар ҳалол касб-кор қилиш учун тадбирли бўлиб, ўзининг барча салоҳиятини ишга солиб, ҳалол ризқ топиш йўлларини истаб, берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиши керак бўлади.

Бугунги кунлик ҳаётимизда ҳам тадбиркорликка эътибор қаратишликда  катта ютуғлар бор.

Шунинг учун ҳам  Мухтарам юртбошимиз 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” деб эълон қилишлиги бежиз эмас.

Тадбиркорлик инсонни доимо ҳаракатда бўлишга ундайди. Танбалликдан, дангасаликдан ва ҳар-хил бекорчи ишлардан тўсади. Энг асосиси таъмагирлик, ўғирлик ва бошқа иллатларни олдини олади.

Албатта тадбирли иш тутиш инсонларга хос бўлган ҳусусиятдир.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” дан унумли ва тўғри фойдаланишга муваффақ айласин.

Андижон шаҳар

“Холиқбердибой” масжиди имом хатиби

Назиров Улуғбек