Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ ҳаёти

1048

Имом Аъзам – буюк имом лақаби билан танилган, Абу Ҳанифа куняси билан машҳур Нўъмон ибн Собит ибн Зути мутлақ мужтаҳид ва фиқҳда Ҳанафия мазҳабининг имомидирлар.

Абу Ҳанифа Куфада ҳижрий 80-йилда туғилганлар. Аксар уламоларнинг таъкидлашларича у зот ва оилалари араб эмаслиги аниқ. Ота боболари эронлик ёки турк бўлганлиги ҳақида турли хил қарашлар мавжуд. Баъзилар боболари Зути Тайм ибн Бани Саълаба қабиласининг озод қилган қули бўлган дейдилар. Бу эса ҳақиқатдан анча узоқ бўлган қарашдир. Чунки аллома Ҳатиб Бағдодий бир нечта санадларга суянган ҳолда Абу Ҳанифанинг набиралари бўлмиш Исмоил ибн Ҳаммоднинг “ота-боболаримизда ҳеч ҳам қуллик бўлмаган” деганликларини ривоят қиладилар.

Абу Ҳанифанинг оталари ҳазрати Али разияллоҳу анҳу билан учрашган. Ва у зот унинг ўзига ҳамда зурриётига Аллоҳдан барака тилаб дуо қилганлар. Абу Абдуллоҳ ибн Аҳмад айтадилар: “Аллоҳ таоло Абу Ҳанифага динда ислом аҳлининг акарини тобеъ қилиш, ва уни ердаги ҳалифалардан қилиш билан ҳазрати Алининг дуоларини ижобат қилди “

Ислом ҳоким бўлган бир вазиятда етишган Нўъмон ибн Собит кичик ёшда Қуръони каримни ёд оладилар. Қироатни, етти қоридан бири сифатида танилган Имоми Осимдан олганликлари ривоят қилинади. Нўъмон ёшлик пайтларида тижорат билан машғул бўлиб, ипак отар, вақти-вақти билан илм ҳалқаларига ҳам қатнашар эдилар. Илм мажлисларидан кўра бозорда кўп бўлардилар.

Кейинчалик машҳур тобеъин Имом Шаъбий раҳматуллоҳи алайҳнинг тавсия ва қўллаб-қувватлашлари билан таълим ва таҳсилда давом этганлар. Араб тили адабиётидан шеърият, сарф ва наҳвни пухта ўргандилар.

Абу Ҳанифа яшаган жой ва давр эътиқодий фирқалар кўпайган, бир қанча залолатга кетган фирқалар пайдо бўлган, Умавий ҳукмдорларининг Аҳли байтга зулм ва тазйиқи давом этган ҳолатда эди. Мантиғи жуда ҳам кучли бўлган Нўъмон ибн Собит ҳеч бир фирқага боғланмасдан илм таҳсилини давом эттириб калом илмига юзлангандилар. Тортишув ва мунозара (жадал) учун тез-тез Басрага бориб турдилар. Лекин калом ва жадалнинг диндан ташқари бир иш эканлигини кўрганларидан кейин фиқҳга берилдилар.

Яҳё ибн Шайбонийдан қилинган ривоятда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтганлар: “Мен каломда тортишиш қобиляти берилган одам эдим. Бир муддат унга аралашиб юрдим, талашиб, тортишдим. Хусумат ва мужодала соҳибларининг кўпроғи Басрада эди. Басрага йигирма мартадан ортиқроқ бордим. Бир йил ундан кўпроқ ёки озроқ турдим. Ўша пайтда калом илмларнинг афзали деб билар эдим. “Бу калом диннинг аслидир” дердим. Унда бир муддат умрим ўтгандан кейин ўйлаб қолдим ва “Салафлар ҳақиқатларни билувчироқ эдилар. Шунга қарамай мужодала қидмай, ундан тийилганлар. Улар шариат илмига шўнғиб, унга рағбат қилишди. Уни таълим олиб, таълим беришди ва унда мунозаралар қилишди” дедимда калом (илми)ни тарк қилдим ва фиқҳ билан машғул бўлдим. Калом (илми) билан шуғулланувчиларнинг юзларида солиҳларнинг сиймоси йўқлигини, қалблари қосиятли ва қаттиқ эканлигини кўрдим. Улар китоб, суннат ва салафи солиҳларга қарши эканларига эътибор хам бермас эдилар”.

Аҳмадали Худайбердиев

Олтинкўл туман

“Кўтармачек”

жомеъ масжиди имом-хатиби