ЭКСТРЕМИЗМ ЧАНГАЛИ

496

Телевизор томоша қилиб ўтирар эканмиз, турли мамлакатларда бўлаётган офат ва балоларни кўриб, беихтиёр “Худо сақласин” деб қўямиз. Аллоҳга шукрки, юртимизда тинчлик ҳукмрон. Бу – аввало бизларга Аллоҳнинг улуғ инъоми. Банданинг вазифси эса, чора ва тадбирларни кўриб, Аллоҳга таваккал қилишдир. Бу эса бизларга катта масъулиятларни юклайди.

Юртбошимиз “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида шундай деганлар:

“Айниқса, кейинги пайтда турли мамлакатларда содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг ижрочилари қаторида миллатимизга мансуб кимсалар ҳам борлиги халқимизда афсус ва надомат уйғотмоқда. Тинчлик ва осойишталикни, инсонийликни ҳамма нарсадан устун қўядиган халқимиз бундай шахсларни, уларнинг қилмишларини кескин қоралайди. Уларни ўзбек деган номга номуносиб деб ҳисоблайди. Ҳозирги вақтда ёшлар, айниқса, чет элда ишлаб, ҳалол меҳнат билан даромад топаман, деб юрган фуқароларимиз терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолмаслиги учун биз барча чораларни кўряпмиз”.

Биз фарзандалримиз, оиламиз ва энг асосийси – юртимиз келажаги учун масъулмиз. Шундай экан, барча бузғунчи ғоялар қатори экстремистик гуруҳлар ҳақида тўлиқ тушунча бериб, халқимизни огоҳ қилишимиз даркор. Бунинг учун ўзимиз бу ҳақда керакли тушунчага эга бўлишимиз керак.

Экстремизмнинг ниҳоятда муҳим бир хусусияти — унинг муайян сиёсий мақсад ёки амалий натижаларга эмас, балки у ёки бу хуруж натижасида одам­лар орасида, ижтимоий фикрда юзага келадиган хавотирли акс-садо, шов-шувга эришишга қаратилгани таъкидланган. Худди шу маънода, алоҳида олинган ҳар бир террорчилик хуружининг мақсади экстремистларнинг давлат тўнтаришини амалга ошириш, фуқаролар урушини келтириб чиқаришдек сиёсий вазифалар билан бир-бирига мос келавермаслиги олдиндан маълум. Кейинчалиқ амалда, бу номувофиқлик экстремистлар жар солаётган мақсадлар билан улар эришаётган натижалар ўртасидаги зиддиятга айланади.

Бугунги кундаги террорчилик услубларининг анча кенгайганини таъкидлаш зарур. 1970 йилларда бирор шахс ёки сиёсий арбобга қарши уюштирилган террор амалиёти кўпроқ учраган бўлса, ҳозирда жамоат жойларида, самолёт, автобус, поездларда портлашларни содир этиш орқали кўплаб тасодифий кишиларнинг қурбон бўлишига олиб келадиган қўпорувчиликни амалга оширишга эътибор берилмоқда. Экспертларнингфикрича, бун­дай ҳаракатлар, биринчи навбатда, нобуд бўлганлардан кўра, унинг гувоҳларига қаратилгандир.

Шунинг учун ҳам, ОАВ террорчиларнинг ўз мақсадларига эришишларида асосий қуролга айланиб бормоқда. Киднеппинг ёки гаровга олиш ҳам моҳиятан ўзгариб бормоқда. Авваллари гаровга олишдан мақсад пул ундириш бўлган бўлса, ҳозирда террорчилар асосан халқаро муносабатлар соҳасида ва мамлакатда беқарорликни келтириб чиқариш борасида мўлжаллаган сиёсий мақсадларига эришишни кўзлайдилар.

Шу билан бирга, бу жараённинг ОАВ орқали кенг ёритилиши ва омма онгида хавотирли акс-садо беришига эришиш орқали гуруҳнинг жамият олдида танилиши ҳам ҳисобга олинади. Бундай ҳаракат замирида, аслида террорчиларнинг ожизлиги намоён бўлишини кўриш мумкин. Чунки жамиятда овоза бўлишга интилиш, одамларда қўрқув ҳиссини уйғотиш йўли билан ташкилот ўзининг бош мақсадига эришмоқчи бўлади. Шунинг учун ҳам, таъсир ўтказиш орқали хулқини моделлаштириш ва фаоллигини бошқариш мумкин бўлган pyҳи ожиз ва қарашларида собитлик йўқ кимсалар ижрочи сифатида чиқадилар.

Бугунги кунда оммавий ахборот тарқатиш манбаларининг турлари ниҳоятда кўпайиб кетди. Бинобарин бундан ҳар ким ўзича фойдаланиши натижасида бир томондан инсонларга манфаат етказувчи маълумотлар тарқаса, иккинчи томондан одамларга зарарли маълумотлар ҳам тарқатилмоқда. Ўша зарарли ахборотлар гоҳида моддий жиҳатдан бўлса, бошқа пайтда маънавий жиҳатдан бўлмоқда. Айнан маънавий зарар инсониятга катта зарар олиб келади.

Биз ўзимиз ҳам ҳушёр бўлишимиз керакки, фарзандларимиз бугун нима билан машғул?

Қандай сатлардан фойдаланмоқда.

Ҳа, қўлимиздан келганча чора кўриш бизнинг мажбуриятимиздир.

Улуғбек Сатторов

Марҳамат тумани

“Обиджон Ботиров”

жоме масжиди имом хатиби