Юртимиз алломлар юртидир. Бу кўҳна замин не-не алломаларни етиштирмади! Илм ва маърифатга қанчалар уламоларимиз ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшмади, дейсиз. Уларни санаб адоғига етиб бўлурми?

Юртимиздан чиқққан алломлар фаннинг барча жабҳаларини қамраб олганлар. Айниқса муҳаддис уламоларимиз бутун дунё Ислом оламига устозлик қилганлар. Уларнинг ўлмас асарлари ҳозирга қадар Исломнинг асосий манбалари саналади. Шуларнинг бири имом Термизийдир.

Қадим Термиз диёрида кўплаб уламолар чиққан, биз айтмоқчи бўлганимиз имомнинг тўлиқ номи Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Захдок Сулламий Буғий Термизий. Сулламий деб нисбат берилишига сабаб боболаридан бири суллам деган араб қабиласига дўст тутинган, Буғий дейилишига сабаб ўша вақтдаги Бут номли қишлоқда вафот этиб, шу ерга дафн қилинган. Умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учун ад-Дарир тахаллуси билан ҳам аталган.

Термизий ҳижрий 209 (милодий 824) йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топган. Имом Термизий 20 ёшда Хуросон шайхларидан Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий каби олимлардан таълим олади. 25 ёшида Ироқнинг Басра шаҳрига, сўнг Ҳижозга бориб таълимини давом эттиради. У Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий, Али ибн Ҳужр Марвазий, Сувайд ибн Наср Марвазий, Қутайба ибн Саид Сақафий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилади. 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, Термизга ҳижрий 250 (мелодий 864) йилда қайтиб келади.

У зотнинг устозлари кўп бўлиб, улардан энг машҳури Имом Бухорийдир. Кўп ҳадисларни Бухорийдан ривоят қилганлар. Яна устозларидан Имом Муслим ва Абу Довуд ҳамда Басра, Куфа, Хуросон, Ҳижоз шайхлари бўлиб, уларнинг раъйи ва воситаси орқали ҳам фойдаланганлар. Имом Термизий китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган олти нафар имом ичида тўртинчи ўринда турадилар.

Имом Бухорий билан ҳижрий 250 йили Нишопурда учрашиб, ҳадис ва унга тааллуқли илмларни ўрганиб, у зот қўлларида камол топади. Имом Бухорий Термизийга қарата: «Сен мендан фойда олганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойда олдим» деган эдилар. Имом Термизийнинг шогирдларидан бири Абу Аҳмад Ҳоким ўз устози ҳақида: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этганларидан кейин Хуросонда илм, ҳифз, зуҳд ва тақво бобида Абу Ийсо Термизийдек бирор киши топилмас эди» деган.

Имом Термизий кўп китобларнинг муаллифидир. Айниқса, «Сунан» китоблари чиройли, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилган. Ундаги ҳадислар саҳиҳ, ҳасан, заиф каби турларга бўлинган ҳолда келтирилиши ҳадис илмида ўзига хос янги йўналиш бўлди. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг «Жомиъ ас-Саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар», деб айтадилар. 

У зотнинг китоблари бўлмиш «Сунани Термизий» «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларидан кейинги ўринларда туради. У зот ҳадисни жамлашликда ва уни аниқлашда, ёдлашда ва зикр қилишда алоҳида бир мақомга эга эдилар. У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрийсий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида зарбулмасаллар битилганини айтадилар.

Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафларнинг фикрларини мустаҳкамлади, мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Абул Муин Насафий милодий 1114 йили вафот этди. Қабри Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида.

Манбалар асосида

Таваккалжон домла Мукаррамов,

Марҳамат туманидаги “Шомат”

жоме масжиди имом-хатиби