Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломнинг нимаси яхши?» деб сўради. «Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимагангга салом бермоғинг», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Бир киши Пайғамбаримиздан Исломнинг энг яхши фазилатлари ҳақида сўради. Ислом ўзи яхши нарса, лекин сўровчи ўша яхши нарсанинг ҳам энг афзали ҳақида сўраган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Исломнинг энг яхши фазилатларидан иккитасини айтиб берганлар. Нима учун айнан шу икки нарсани зикр қилганлари ҳақида гапирадиган бўлсак, уламоларимизнинг айтишларича, бировга яхшилик қилиш, асосан, икки хил бўлади:
Биринчиси, моддий яхшилик бўлиб, унинг энг боши бошқаларни таомлантириш.
Иккинчиси, баданий яхшилик бўлиб, унинг боши салом беришдир, деганлар.
Шу билан бирга, савол берилган жой, вақт ва одамларнинг ҳолати ҳам эътиборга олинган. Айниқса, Пайғамбаримиз бошчиликларида саҳобалар янги ҳижрат қилиб келганларида Мадинаи Мунавварада очлик ҳукм сурар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда бировга овқат бериш, очнинг қорнини тўйдиришга жуда кўп тарғиб қилганлар. Шунингдек, танигану танимаган одамга салом беришни ҳам лозим санаганлар.
Ислом динининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса, шунча оз. Чунки бу икки нарса инсониятга кўплаб хайр-барака келтиради.
Оч кишиларга таом беришни диннинг энг афзал амалларидан қилган яна бошқа қайси дин ѐки мафкура бор?! Фақат Қуръони Карим ўз оятларида очларга таом беришни энг яхши амаллардан бири ҳисоблаган, ўзи муҳтож бўлса-да, таомини мискин, етим ва асирларга бериш мусулмонликнинг олиймақом сифатларидан эканини таъкидлаган. Фақат Ислом дини иймон комиллигини очларга таом беришга боғлаган. Ҳа, фақат Исломгина–Аллоҳнинг охирги ва мукаммал динигина шундай қилиши мумкин. Бу ишни иймон даражасига кўтарган, Ислом тарбиясини топган ҳақиқий мусулмонларгина дунѐ халқлари тарихида мисли кўрилмаган даражада сахий бўлишлари ҳам шундан.
Фақат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларида таҳсил кўрганларгина бу ишни қойилмақом қилиб адо этишлари мумкин.
Очарчилик пайти. Мадинаи Мунавварага ҳазрати Усмонга тегишли озиқ-овқат карвони етиб келди. Бозор чаққонлигидан хабардор савдогарлар эрталабдан карвонни ўраб олдилар. Ким ошди савдоси бошланди. Бир савдогар бир нархни айтди. Мол эгаси ҳазрати Усмон: «Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар. Савдогарлар бирин-кетин ўз имконлари етадиган нархларни айтиб чиқдилар. Ҳаммасига ҳам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:
«Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар.
Охири савдогарлар:
«Мадинада биздан бошқа савдогар қолмади, ким сенга бундоқ юқори нарх ваъда қилди, ахир?» деб сўрашди.
Ҳазрати Усмон:
«Аллоҳ таоло, ким очларга таом берса, ўн баробар қилиб савоб бераман, деган. Ҳамма молим Мадина фуқаро ва мискинларига садақа бўлсин», дедилар.
Қани, ҳазрати Усмондан бошқа бу ишни ким ҳам қила олади?
Халифа Умари Одил кечаси ҳеч кимга билдирмай одамлар ҳолидан хабар олиб юрарди. Бир аѐл овқат топа олмаганидан қозонга қуруқ сув қуйиб, тагига олов ѐқаркан: «Сабр қилинглар, ҳозир таом пишади», деб болаларни ухлатишга уринаѐтганини кўрди.
Халифа дарҳол ортга қайтиб Байтулмолдан бир қоп таомни ажратиб, ҳамроҳидан қопни орқалатиб қўйишда ѐрдам сўради. Ҳамроҳи:
«Эй мўминларнинг амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай», деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
«Агар қиѐмат куни ўша оиланинг оч қолгани гуноҳини ҳам менинг ўрнимга кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса, ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай», дедилар. Сўнгра қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар.__
Хулоса шуки хар бир мусулмон инсон таниган танимаганига салом бериш ва очларни тўйдириш, мискинлар холидан хабар олиш хамда уларга ғамхўрлик қилиши зарур.
Зеро, очларни тўйдириш, камбағаллар холидан хабар олиш, мухтожларга ёрдам бериш бизнинг хам мусулмонлик, хам инсонийлик бурчимиздир.
Бўстон туман бош имом хатиби Б.Қодиров