Исломда сабр ахлоқий фазилатлардан бўлиб, мусулмон кишининг руҳий таянчларидан биридир. У мусулмонлар қалбига сукунат ва хотиржамлик солиб, қийноқ бераётган дардига малҳам бўлади. Сабрли киши қийинчиликарни сабот билан қарши олади. Уни чуқурроқ ўйлаб кўрилса, албатта ҳар бир қийинчилик ортида ажойиб ҳикматлар ётади.

     Шундай пайтда жоҳил киши хафа бўлади, ўзини ҳар ёнга уради, ғам-ғуссага ботади. Аммо оқил инсон эса, Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳар қандай қийинчилик орқасида ҳам ўзига бир яхшилик топишга уринади. Агар сабр бўлмаса, инсон етган балолардан ҳалок бўлиши ҳамда ҳаётдан ортда қолиши турган гапдир.

     Сабр – руҳий ҳаёт билан моддий ҳаётни ажратиб турувчи бир тушунчадир. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда сабрга катта аҳамият бериб, уни мақтаган, обрўсини кўтарган ва сабрли кишиларни “Жуда ҳам ажойиб кишилар” деб атаган. Қуръони каримда сабр тушунчаси 70 та ўринда зикр қилинган бўлиб, бошқа ҳеч қандай фазилат бунчалик кўп зикр қилинмаган. Мана шунинг ўзи ҳам сабрни қандай улуғ тушунча эканлигига ва бошқа кўпгина фазилатларнинг ҳам асоси эканлигига далилдир.

    Айтиш жоизки, сабр – барча фазилатларнинг онаси ҳисобланади. Чунки, у инсонни қалбида яхшиликни оширади. Инсондаги ҳар бир фазилат эса сабрга муҳтождир. Қуръони каримда сабрлилар икки дунёда ҳам Аллоҳнинг зиёда фазлу-марҳаматига сазовор бўлишини таъкидлайди. Жумладан Зумар сураси 10 – оятида шундай дейилади: “Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур”.

    Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган  ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«…Сабр зиёдир…»,  дедилар».

Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

   Зиё – бир жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликдир. Мисол учун, қуёшдан чиққан ёруғлик зиё дейилади.

   Бир жисм ўзидан, бошқадан олган ёруғликни қайтариб чиқарса, бу нур дейилади. Мисол учун, ой қуёшдан олган ёруғликни қайтариб таратгани учун ой нури дейилади.

   Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «У қуёшни зиё, ойни нур қилган Зотдир», деган. Зиё нурдан кучли бўлади.

  Сабрнинг зиё бўлиши шундаки, аввало инсон сабр ила маъсиятлар зулматидан чиқади. Қолаверса, сабр бора-бора мўмин инсоннинг қалбидаги зиёга айланади. Чунки Аллоҳ таолонинг дини ва тоати йўлидаги қийинчиликларга сабр қиладиган одамнинг қалбида зиё пайдо бўлади. Ўша зиё ибодатлар ва турли машаққатларнинг янглиш йўлини ёритиб, тўғри йўл танлашига ёрдам беради.

     Шунингдек, сабрнинг зиёси мўмин кишига қабрида ҳам, қиёмат кунида ҳам фойда беради.

   Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга куч, қувватга қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир. Шу боис Аллоҳ таоло қийинчилик ва машаққатлар остонасида турган Ислом умматини сабрга ва намозга чақирмоқда. Ва ортидан: «Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», деб таъкидламоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: «Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса ҳам, яхшилик бўлади. Хурсандлик етса, шукр қилади, яхши бўлади. Мусибат етса, сабр қилади, яхши бўлади», деганлар.

 Андижон вилояти Андижон тумани “Обод” жоме масжиди имом-хатиби

Азимов Мансурбек