Ислом динининг ўзи – илм ва маърифат динидир. Бу бизга катта куч ва ғайрат бағишлаб, бу йўлда астойдил маъсулият билан хизмат қилишимизга илҳом бермоқда. Юртимиз истиқлолининг аввалги кунлариданоқ бебаҳо маънавий-маданий меросимизни холисона ўрганиш ва тиклашга давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан бири сифатида катта эътибор берилмоқда. Мана шу сабабдан ҳам маданий меросимиз дурдоналарини излаб топиш, асраб авайлаш, сақлаб қолиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича истиқболли режалар тузилди. Улуғ алломаларимизнинг ҳаёти ва ижоди ҳар томонлама, холисона ўрганила бошланди. Аллоҳга шукрлар қиламиз, ҳақиқатни тан оламизки мана шундай улуғларимиз тариқат ва шариат пешволарининг (Аллоҳ уларни ўз раҳматига олсин) мақбаралари давлатимиз томонидан обод гўшаларга айлантирилди ва уларнинг ёзган асарлари ва қўлёзмалари ҳурмат билан сақланмоқда ва амал қилинмоқда. Қимматли асарлари билан нафақат ислом олами, балки бутун дунё маданиятида ўчмас из қолдирган Хожа Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ва шулар каби тасаввуф илмини назарий ва амалий жиҳатдан бойитган буюк мутафаккирларнинг фикрлари, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашган етук тарихий шахслар сифатидаги диний, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий қарашларининг асл моҳияти ва аҳамиятини ёритиб бериш, албатта, ҳозирги давр учун ҳам ниҳоятда зарурдир. Мақсадимиз кимнидир нимададир айблаб, юзини шувут қилиш эмас. Бироқ бу муборак динимизнинг асл мазмун-моҳиятини  бузиб, унинг ҳаётбахш таълимотларини нотўғри талқин қилувчиларни кўриб индамай қараб туриш ҳам инсофдан эмас. Мустақиллик йилларида диний қадриятларни қайта тиклашга эътибор қаратилиши масжидлар, мадрасалар ва бошқа диний ташкилотлар билан бир қаторда тариқат вакилларининг ҳам фаолиятига кескин туртки бўлди. Натижада  Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тариқатчилар фаолияти жадаллашди. Баъзи бир инсонлар  илмсизлиги ва ишонувчанлиги сабабли баъзи бир сохта пирларга қўл бериб уларга мурид бўлиб, шариатимизга зид ҳолда амал қилиб, керак бўлса оила – аҳлларига этиборсиз бўлиб келишмоқда. Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмунини бузиб, уни ислом таълимоти, шариат аҳкомлари ва ижтимоий ҳаётдан узоқлашган ҳолда талқин этмоқда. Мисол учун:

  • “Пири йўқнинг пири шайтон” деган даъво илгари сурилади. Исломда бирор – бир шайхга мурид бўлиш ҳеч кимга фарз қилинмаган;
  • “Кечаси таҳажжуд намоз ўқиш фарз” деб ҳисобланиб, “Исро” сураси 79-ояти далил қилиб келтирилади: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд намозини ўқинг! Шоядки, Роббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса”). Уламолар юқоридаги оят фақат Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам)га аталган, деб тафсир қиладилар. (Тафсири Жалолиддин Суютий) Бинобарин, Аллоҳ таоло баъзи амалларни Мухаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам) га хослаб айтган бўлиб, уларни адо этиш одамларга машаққат туғдириши ва уларнинг мазкур амалга тоқати етмаслиги жиҳатидан кўплаб сахих ҳадисларда саҳобалар ушбу амалларни ўзларига одат қилиб олишларидан қайтарилганлар;
  • Гўёки “пирга мурид бўлганларнинг қазо бўлган намози ва рўзаси соқит бўлади” деб ҳисобланади. Улар далил қилиб олган “Фурқон” сураси 70-оятини: “Илло , кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир”) далил қиладилар. Уламолар ушбу оятни ислом динини энди қабул қилаётган одамларга тааллуқли деб тафсир қиладилар.
  • Гўёки “тариқатга кирган кишига илм шарт эмас” деб ҳисобланади. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи васаллам) “Илм талаб қилишлик ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир” деб марҳамат қилганлар. Ўтган улуғ тасаввуф пешволари ҳеч қачон илмга қарши бўлмаганлар, балки илмсизлик билан тариқат уйғун бўла олмаслигини уқтириб келганлар.
  • Айрим мутаассиб муридлар томонидан пирнинг таҳоратидан қолган сувни истемол қилиниши ҳолатлари учрайди. Бу ҳам шариатга зид амал бўлиб, Имом Раббоний: “Таҳоратни ният қилиб ишлатилган сувни ичиш мумкин эмас. Имом Аъзам наздида бу сув нажосат билан аралашган бўлади. Фақихлар уни ичишдан ман этганлар”, – дейди.
  • “Шукри вузуъ намозини қайси вақтда бўлса ҳам таҳорат олганидан сўнг даррров ўқиб олиш зарур” – деб, ҳисоблашади. Ваҳоланки, Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам)дан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларда кун чиқаётган пайт, Қуёш тиккага келганидан оғишига қадар, Қуёш ботаётган пайтда намоз ўқилиши мумкин эмаслиги очиқ- ойдин баён этилган. Бу масала фиқх китобларида намоз ўқилиши макруҳ бўлган ва жоиз бўлмаган вақтлар деб санаб ўтилган.
  • Яна Самарқанд вилояти ҳудудида фаолият юритаётган сохта тариқатлардан бири халқ орасида “қора саллалилар” деб ном олган жамоада: “ясама тишли имом орқасида намоз ўқиб бўлмайди”, деган даъволарига жавобан Ханафий мазҳаби уламолари Имоми Аъзам ва Имом Абу Юсуф тишга пломба қўйиш ва тиш устига қоплама қилишга рухсат берганликларини, фиқхий китобларда “танада машаққатсиз ювилиши мумкин бўлган жойларни ювиш фарздир” дейилгани каби раддияларни келтириш мумкин.
  • “намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва тиловат қилишни макруҳ” деб билишлари Ханафий мазҳаби асосчиларининг Қуръон тиловати Пайғамбаримиз суннатлари ва саҳобаларнинг яхши кўрган амалларидан эканини ҳисобга олган ҳолда намоздан кейин тасбиҳ айтиш, “Оят ал-Курсий” ва Қуръон тиловат қилиш бўйича жорий қилинган қоидаларига зид келади.
  • “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонасида бўлмаган ҳар қандай ишни бидъат” (янгилик) деб биладилар ва инкор этадилар. Расулуллоҳнинг даврида бўлмаган ҳар нарсани бидъат – адашишлик деб билиш тўғри бўлмайди. Чунки нахв ва сарф илми каби динимизнинг муқаддас китобини тушунишимизга ёрдам берувчи илмлар, талабаларга диний ва дунёвий илмлардан сабоқ берадиган, мутахассислар тайёрлайдиган мадрасалар, компъютердан дин илмларини ўрганиш каби нафақат мусулмонлар, балки барча инсониятга фойдали бўлган амаллар ўша даврда бўлмаган. Шунинг учун уламолар бидъатни икки қисмга бўлдилар. Мусулмонларга, дин ривожига, барча инсониятга фойдали бўлгани яхши бидъат, унинг акси бўлса ёмон бидъат хисобланади. Жумладан Имом Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Суннатга мувофиқ бўлган бидъат бу яхши бидъат ва унга хилоф бўлгани ёмон бидъат”,- деб билганлар.

Аллоҳ таоло юртимизга истиқлол неъматини бериб, бунинг сабабидан     диний эркинликка эришдик. Масжид-мадрасаларимиз чиройли фаолият юритиб келяпти. Аввалда яшаб ўтган шариат ва тариқат пешволарини номлари улуғланди. Ҳозирги пайтда айрим жойларда чиқаётган “сохта” тариқатчиларнинг кирдикорларини ошкор қилиш ва ёшларимизни буларнинг фитналаридан огоҳ этиш шу Юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчидир. Аллоҳ таоло юрт-элимизни тинч-омон қилсин ва барча халқимизни ҳидоятда барқарор айласин. Омин.

Искандар домла Ортиқов,

ОЛтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-ҳатиби.