ИСЛОҲОТЛАР – ЭЗГУ ИНТИЛИШЛАР ИФОДАСИ

596

Шиддат билан одимлаётган бугунги кунимизда барча соҳаларда ўзгаришлар, янгиланишлар ва ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Боиси бу ислоҳотлар замирида эзгу ишлар амалга оширилиши баробарида халққа енгиллик ва қулайликлар эшигини очиб бермоқда.

Бўлаётган ислоҳотларлар диний соҳани ҳам четлаб ўтмади.  Юртимизда сўнгги йилларда ислом дини ривожи ва равнақи йўлида мисликўрилмаган хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса азал-азалдан қон-қонимизга сингиб кетган миллий-диний қадриятларимизга янада эътибор билан қараш ҳамда улуғ аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганишни тақозо қилмоқда. Дунёнинг камдан-кам жойларида учрайдиган бундай маънавий меросни ўрганишга ва уларнинг устида изланишлар олиб бориб, илмий тадқиқотлар қилишга кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу эса мана шу соҳада фаолият олиб бораётган инсонлар зиммасига қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда.

Жумладан, бугунгикунда ёшларимизни диний таълим олишлари учун барча қулайлик ва шароитлар яратиб берилди. Ўзбекистонда диний таълим тизими ривожланиб, ўзининг янги босқичига кўтарилди. Ушбу йўлга қўйилган янги тизим нафақат ўз юртимиз, балки қўшни мамлакатлар ва кўпгина хорижий давлатлар учун ҳам ўзига хос андозага айланди десак муболаға қилмаган бўламиз.

Бугунги кунда жонажон юртимизда жами 2000дан зиёд масжидлар фаолият юритиб, халқимизга беминнат хизмат қилиб келмоқда. Масжидлар ҳақида сўз кетар экан, яқин йиллар ичида уларнинг деярли барчаси таъмирдан чиқиб, замон талабларига мос кўринишга келтирилди. Биргина Андижон шаҳри мисолида оладиган бўлсак, тарихи узоқ йилларга бориб тақаладиган “Девонабой” жоме масжидида хозирги кунда жуда катта кўламдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Масжидларни обод қилишилик борасидаги бу ишлар тизимли ва тартибли равишда вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида давом этмоқда.

Гап диний соҳадаги ислоҳотлар ҳақида кетар экан, диний таълим тизимида олиб борилаётган ишлар борасида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Сабаби бу йўналишда ҳам талайгина янгиликлар бўлди.

Республика бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари (мадраса) ва Тошкент ислом институти, Мир араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаблари фаолият юритиб келмоқда.

Жорий йили Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига асос солинди. Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб онлайн тарзда амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ 2018 йилда Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Бу эса юртимизда Қуръон илми, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, хорижий тиллар ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.

Қолаверса, Муқаддас Ҳаж ва Умра зиёрати квоталари сони оширилди. Умра зиёрати учун квота буткул бекор қилинди. Бу эса хурсандчилик устига хурсандчилик бўлиб, халқимизни жуда мамнун қилди. Шунингдек, сафар билан боғлиқ жараёнлар, меҳмонхоналар, борди-келди масалалари – зиёратчиларимизнинг Ҳаж ва Умра амалларини адо этишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасидаги ташрифлари чоғида Қуръон мусобақаларини ўтказиш ҳақида ўзларининг таклиф ва тавсияларини берган эдилар. Бу ҳам жуда гўзал ҳолатда амалга оширилди. Мусобақалар бутун дунёга онлайн тарзида узатилди.

Халқимизнинг Қуръони каримга бўлган муҳаббатлари ва уни тўғри ўрганишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари ҳамда илмий мактаблар ҳузурида Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари ташкил этилди.

Мазкур ислоҳотларга жавоб ўлароқ биз ҳам шукроналик ҳисси ва бу хайрли ишларга бош бўлиб турган Юртбошимиз ва барча мутасаддиларни ҳақларида дуойи хайрларда бўлишимиз лозим. Зеро, неъматлар зиёдалиги шукроналикка боғлиқдир. 

Валижон домла Сидиқбоев,

Андижон шаҳар “Оқ гўр” жоме масжиди имом-хатиби