Ислом таълимоти хар нарсада хар кимга чиройли таълимни ва дастурул амални жорий қилган ягона дин. Жамиятни кўпайишлиги учун барпо қилинадиган оила ришталарини боғлашлик (никоҳ) маросимини ёки фарзанд кўрганларнинг ота-она бўлиб уларни қиладиган вазифаларини, фарзандни тарбия қилган ота-оналар кексалик ёшига етганларида уларга, фарзандлари томонидан қилинадиган муомалани оласизми барчаси Ислом аҳкомларида Аллоҳ таъолонинг муқаддас каломида ҳамда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг муборак ҳадисларида, унга қўшимча суннатларида жуда чиройли баён қилингандир.
Аллоҳ таоъло ўзини муқаддас каломи Қуръони Каримда:
“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”. (Луқмон сураси. 14-ояти)
Дунёдаги мавжуд таълимотларни ўрганиб чиқсак ҳам Аллоҳни каломидагидек ота-онага ғамхўр бўлишга чақирадиган даъватни учратмаймиз. Албатта фарзанд ўз ҳаётини ота-онасидан айро тасаввур қилаолмайди. Мусулмон фарзанди эса бу борада ўзгаларга ибрат бўлиши лозим. Бунинг учун Аллоҳнинг каломидан, Расули акрам (с.а.в) ҳаётларидан яхшигина хабардор бўлиши керак. Бугунги кун ёшларига кўз тегмасин бу борада анча ижобий ҳаракатларни амалга оширмоқдалар. Ота-онанинг муомаласи ҳам жуда кўп нарсани аниқлаб беради.
“Агар сенга ота-онанг муомалада муроса йўлига ўтиб, сенинг безовта бўлмаслигингни ва жахл қилмаслигинг учун сўзларини танлаб-танлаб, эҳтиёткорлик билан гапираётган бўлсалар, билгинки, сен уларга оқ бўлибсан.”
Абдуллоҳ ибни Муборак.
Бу жуда нозик масала, нозик бўлганда ҳамки гоҳо шошиб турганимизда ёки бирор нарсадан диққат бўлиб турганимизда ота-онамиз бизга муомала қилса, ўта эхтиёткорлик билан ҳурматини ўз жойига қўйиб муомала қилишимиз кераклигини англатувчи таълимдир.
Фарзанд орзу-ҳаваслар билан улғаяди. Не-не ишларни амалга оширишлик ўйлари билан ҳаёт кечиради. Ана шу орзуларни, ҳавасларни амалга ошишида ота-онанинг розилиги энг муҳим бўлган восита бўлади. Шунинг учун ота-онага оқ бўлишдан эхтиёт бўлишлик лозим. Мен бир ака-бир укани биламан. Ҳаётимда кўрганим ва ҳабардор бўлганим. Ака ҳаётида жуда кўп қоқилди. Нима иш қилса иши юришмайди. Хонадонида ҳам узоқ йиллар тинчлик бўлмай фарзандларини уйли-жойли қиладиган ёшда, аёли билан ажрашди. Албатта бу ачинарли аҳвол. Ука эса деҳқончилик қилса ҳам чорвачилик қилса ҳам савдогарчилик қилса ҳам ишлари олдинга юриб барака топиб яшамоқда. Ҳатто акасини ҳам рўзғорига ёрдам қилиб туради. Бунинг сабаби яъни ака нима иш қилса иши чаппага кетиб, ука нима иш қилса ривожланиб кетишининг сабаби ота-онанинг розилигига бориб тақалар экан. Ака отага қўл кўтариб, ўз отасини урган ва уйидан хайдаб чиқарган эди.
Ука акасига дашном берган ва отанинг тарафини олиб амакисинигига бориб қўниб топган эди. Йиллар ўтиб, отани тарафини олган ука, ўзгалар ҳавас қиладиган даражада ҳаётда ўз ўрнини топди. Қўним топиш учун ўзига Ватан қилиб ҳовли-жой сотиб олди. Отасига автомобил сотиб олди. Ака эса ҳалиям ишсиз бекорчи, ука эса қаддини уриб ота-онанинг бағрида кўнгли тўлиб юрибди. Шундай экан ҳар биримизга ота-она дуосини олишлик насиб этсин. Азизлар уларни ғанимат билайлик.
Аҳмадали Худайбердиев
Олтинкўл тумани “Кўтармачек” жоме масжиди имом-хатиби