Тинчлик – бебаҳо неъмат!

1179

Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида бандаларига санаб ҳисобига ета олмайдиган, жуда кўп неъматлар ато қилганини хабарини беради. Мусулмон киши берилган ана ўша беҳисоб неъматларга доимо шукрона келтириб, дили эътирофда, тили шукрда, бадани эса хайрли ва савобли амалларда бардавом бўлиши лозим.
Ҳаётимизда Аллоҳ берган ҳар бир катта – кичик неъматларнинг ўз ўрни бор. Лекин, шундай неъматлар борки, улар неъматлар асоси, онаси ҳисобланади. Ана ўша неъматларга тинчлик, саломатлик, кифоя қилгудек ризқни мисол қилиб келтириш мумкин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқорида саналган неъматлар ҳақида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, қуйида ҳадисда шундай марҳамат қилинади:

عَنْ عُبَيْدِ الله بنِ مِحْصَنٍ الأَنصَارِيِّ الْخَطْمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «مَنْ أصْبَحَ مِنْكُمْ آمِناً في سِرْبِهِ، مُعَافَىً في جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا بِحَذَافِيرِهَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий Хотмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким манзили тинч, тани саломат, бир кеча – кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса, гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”, – дедилар”.
Термизий ривоят қилган.
Ҳадиси шарифнинг ҳаётимиздаги ўрнига бир эътибор қаратайлик.
Эрталаб уйқудан туриб, кўзимизни очдик, демак, ҳаёт эканмиз. Аллоҳ бизга яна яшаш имконини берибди. Сўнг атрофга қараймиз: ҳамма жой тинч, осуда. Уй ҳам тинч. Ўғри тушмаган, душманнинг хавфи йўқ. Биров эшигимизни тақиллатиб безовта қилмаган. Ўзимизга қараймиз: танимиз саломат, аъзолардан шикоят йўқ. Уйимизда эса қорнимиз тўядиган озиқ – овқатимиз етарли даражада бор. Дам оладиган уйимизга эгамиз. Бировга ялинмаймиз. Дунёда инсон учун бундан ортиқ неъмат борми?!
Келинг, ҳадиси шарифни янада чуқурроқ, ҳаётий мисоллар билан кўриб чиқайлик.
“Ким манзили тинч…” Дарҳақиқат, тинчлик улуғ ва бебаҳо неъматдир. Боиси бутун неъматлар лаззати, ҳатто ибодатлар ҳаловати ҳам мана шу тинчлик неъматига боғлиқ. Тинчлик нафақат тирик инсонга, балки оламдан ўтган марҳумларга ҳам керак бўлган неъматдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр зиёратини қила туриб: “Аллоҳдан сиз ва бизларга офият – тинчлик сўрайман”, деб дуо қилардилар.
Ҳаттоки тинчлик ҳайвонот олами учун ҳам муҳим неъмат ҳисобланади. Олимларнинг таъкидлашича, нотинч жойлардан ҳайвонлар–у қушлар кетиб қолар экан.

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَداً آمِناً وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنْ الثَّمَرَاتِ

“Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла”. (Иброҳим сураси, 7-оят).
Дуо – кўнгилдаги яширин сирлардан хабар берувчи, ёлғон аралашмайдиган, ҳақиқий, чин кўнгилдан сизиб чиқувчи бир туйғу ҳисобланади. У Аллоҳ билан бевосита боғланишдир. Бу боғланишда энг самимий тилаклар, энг катта орзулар рўёби сўралади.
Дуонинг мазмунига эътибор қаратинг! Унда жамиятнинг фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи икки омил айтилмоқда. Бири тинчлик – омонлик, иккинчиси ризқ – рўз. Ҳақиқатда мана шу икки нарса биргаликда турар экан ҳаёт бир маромда давом этади. Ҳар иккиси ёки бири йўқ бўлганда, ҳаётда қийинчилик ва машаққатлар бўй кўрсата бошлайди.
“…тани саломат…” Инсоннинг тану – жони саломат бўлиши катта неъмат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саломатликни бир томонда кўпчилик қадрига етмайдиган неъмат деган бўлсалар, бошқа томондан эса уни ғанимат билишга тарғиб этганлар. Танида бирор касаллиги бор кишининг ҳаётидан ҳаловат қочади. Фикру хаёлини ўша дарддан халос бўлиш эгаллаб олади. Бемор кишида на емоқ – ичмоққа, на ҳаётга рағбат қолади.
“…бир кеча-кундузлик озуқаси бор…” Инсон ҳаётида емоқ – ичмоқнинг ўрни катта. Усиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон овқатсиз 2 ҳафтагача, сувсиз 3 кунгача яшайди.
Бугунги кунга келиб, очарчилик катта, глабал муаммога айланиб улгурди. Ҳозирги кунда бутун дунёда 800 млндан ортиқ одам очарчиликдан азият чекмоқда. Бу кўрсатгич сайёрамизда яшовчи аҳолининг 11% дан кўпроғини ташкил қилади. Ҳар куни 21 000 киши очликдан вафот этар экан. Бошқача қилиб айтганда, ҳар 4 сонияда бир киши оламдан ўтар экан. Уларнинг аксарияти болаларни ташкил қилади. Африканинг баъзи ерларида туғилган чақалоқлар 3 ёшга тўлмагунча туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилмас экан. Чунки очликдан вафот этаётган болаларнинг асосий қисми 3 ёшга етмаган гўдаклардир.
Очлик ҳам бир офат. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доим: “Эй Аллоҳ, Сендан очликдан паноҳ тилайман. Чунки, у қандай ёмон ҳамроҳдир”, деб дуо қилар эдилар.
Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Гулистон» китобида бир бурда нонга эга бўлишни катта бойлик деб баҳолаб, ҳаммани унга шукр келтиришга тарғиб этиб, инсофга чорлайди.

Айтадики:

Абру боду маҳу хуршеду фалак даркоранд,
То ту ноне ба каф орию ба ғафлат нахури.
Ҳама аз баҳри ту саргаштаву фармонбардор,
Шарти инсоф на бошад, ки ту фармон набари.

Маъноси:

Булут, шамол, қуёш, ой–у осмон
Етказиш учун сенга бир бурда нон.
Ҳаммаси ухламас, бедордир ҳар он,
Инсофдан эмас, тутмасанг фармон.

“…тонг оттирса…” Бир кечада 18 000 киши уйқуга кетиб, қайтиб ўрнидан турмас экан. Улар уйқудалик чоғида вафот этар эканлар. Уйқудан уйғониб, кўзини очган ҳар бир кишини биринчи тилига келадиган сўзи шукрона келтириш бўлмоғи лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам муборак одатлари уйғонишлари билан Аллоҳга ҳамд айтиш бўлар эди. Хулоса ўзингиздан.
Аллоҳ таоло барчамизга берган неъматларини қадрига етиб, шукрини адо этиб яшаш бахтини насиб қилсин.
Жаннатмакон юртимизни доим тинч, танимизни саломат, ризқимизни кенг айласин.

Равшанбек Ўринбоев,

“Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби