Хушхабар: Янги мадраса очилди

548

Муҳтарам Президентимиз томонидан барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса диний таълим тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган хайрли ишлар юртимиз мўмин-мусулмонлари учун катта туҳфа бўлмоқди, десак муболаға бўлмайди.

Давлатимиз Раҳбарининг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди.

Таълим муассасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим маскани бўлиб, ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси, имом-хатиблар тайёрланади.
Мазкур таълим муассасасига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлар қабул имтиҳонлари асосида ўқишга қабул қилинади. Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 2020 йилнинг 15 июндан бошлаб онлайн шаклда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Таълим муассасасига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тугатганлиги ҳақида ҳужжат (диплом)га эга бўлган фуқаролар қабул қилинади.
Кириш имтиҳонлари ўтказишнинг тасдиқланган тартиби ва қабул жараёнларига оид маълумотлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар саҳифалари орқали бериб борилади.
Юртимизда яна бир диний таълим муассасаси ташкил этилиши халқимизга, айниқса, воҳаликларга жуда катта Рамазон туҳфаси бўлди, Аллоҳ таоло ушбу мадрасани муборак айласин!

Манбаа: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Салоҳиддин Шерхонов
Таълим ва илмий-тадқиқот
бўлими мудири