Фарзандлик вазифамизни бажаряпмизми?

414

Дунёдаги энг суюкли инсонларимиз – ота-онамизга ҳар қанча яхшилик қилсак ҳам кам ҳисобланади. Ота-онани рози қилиш фарзандлик вазифаси бўлиб, динимиз бу ишни  бизларнинг икки дунё саодатига бошлайдиган йўл сифатида белгилаб берган.

Аллоҳ таоло “Исро” сурасида шундай марҳамат қилади: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингга ва ота-онага яхшилик қилишликка амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексалик ёшига етсалар, бас, уларга “уфф” демагин, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила ҳокисорлик қанотингни пастлат ва: “Роббим, улар мени кичикликда тарбия қилганидек, уларга раҳм қилгин” деб айт”. (Исро сураси, 23-24 оятлар). Ҳақ таоло ушбу ояти каримаси орқали ибодатлардан кейинги амал сифатида ота-онага яхшилик қилишни амр этмоқда. Бундан ота-она ҳақи қанчалик улуғлиги маълум бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматида бўлиб, дуоларини олишга тарғиб қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

  • Амалларнинг қайси бири афзал? – деб сўрадим.
  • Вақтида ўқилган намоз, – дедилар.
  • Кейин нима? – деб сўрадим.
  • Ота-онага яхшилик қилиш, – дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ота-онага яхшилик қилишнинг фарзандлар учун фойдалари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Кимнинг умри узун ва ризқи кенг бўлиши хурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин”. (Имом Аҳмад ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда Набийимиз соллалоҳу алайҳи васаллам:

“Ота(она)ларингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, шунда фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилади. Иффатли бўлинглар, шунда аёлларингиз ҳам иффатли бўлишади”. (Имом Ҳоким ривояти).

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Яманлик бир киши ўз онасини елкасига кўтариб Каъбатуллоҳни тавоф қилдириб юрганини кўрдилар. У одам тинмай бу байтни айтар эди:

Онаи зорим учун бўйнини эгган туяман,
Туя минган онам ҳориса-да, мен ҳоримасман.

Шу байтни ўқир экан ҳалиги киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога қараб:

  • Эй Абдуллоҳ, мана шу хизматим билан онамнинг ҳаққини адо қила олдимми? деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо:
  • “Йўқ! Бу хизматинг онангнинг сен туфайли битта оҳ тортганига ҳам тенг келмайди”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Қуйидаги ҳадиси шарифни Молик ибн Робиа ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эдик. Бани Салама қабиласидан бир киши келиб:

  • Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онам дунёдан ўтгандан кейин уларга қилишим мумкин бўлган бирор яхшилик борми? деди. У зот алайҳиссалом
  • Ҳа, дедилар. Улар учун дуо ва истиғфор айтмоқ, васиятларини ўрнига қўймоқ, дўстларига иззат-икром кўрсатмоқ ва қариндошлари билан қариндошлик риштасини узмаслик, отаси вафот этганидан кейин унинг дўстларига илтифот кўрсатишлик” дедилар.

Ота-онаси вафот этган фарзандлар уларнинг номидан хайру садақа ва эҳсонлар қиладилар. Зеро, савоби марҳумларга бағишланган садақалардан маййитларга манфаат етади. Марҳум ота-оналарнинг қариндоши ва дўстларига яхшилик қилиши уларнинг ўзларига яхшилик қилиш билан баробар бўлиб, ўзининг эса умрига баракотлар берилишига сабаб бўлади.

Демак, ҳар биримиз юқоридаги оят ва ҳадислар, ҳикматли сўзлардан тўғри хулоса чиқариб, ота-оналаримизга янада кўпроқ яхшилик қилишимиз, улар вафот қилган бўлса, ортларидан фарзандлик вазифаларимизни адо этишимиз лозим. Шунда умримиз узун, ризқимиз кенг бўлади, кўплаб ажру мукофотларга эга бўламиз, иншоаллоҳ. Аллоҳ таоло ҳаёт бўлган ота-оналаримиз умрига барака берсин, марҳумларини раҳматига олсин.

Отабек домла Хусанов

Олтинкўл тумани “Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби