Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тукилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадинага ҳижрат қилаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишимга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”-деганлар. Демак, Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир.

Тарихдан маълумки. Бирор миллат бошқа миллатни таҳқирламоқчи ёки оёқ ости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз Ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Зеро, Ватан,миллат,дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Молини жонини, динини,аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, — деганлар (Имом Термизий ривояти). Дарҳақиқат,бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежис эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди.

Ватанни севган халқини севади, халқини севган инсон ўз халқини урф-одатлари,миллий қадриятларини ардоқлайди. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” тўпламида Ватанни қўмсаш, уни севиш ҳақида бир ҳадис шарифда шудай дейилади: “Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳрига келганларида Абу Бакр Сиддиқ ва Ҳазрати Билоллар истималаб қолишди. Мен уларнинг ҳузурига кириб: “Эй Отажон, эй Билол ўзингизни нечук ҳис этмоқдасизлар?-деб сўрадим. Абу Бакр Сиддиқ истима зўриққанда: “Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал, пояфзал ипидан яқиндир ажал”-дер. Ҳазрати Билол истима бироз пасайганда, йиғлаб: “Тақдирим не эрур билмасман эвоҳ, бошимга ажалдан келирми сипоҳ? Бир кеча бўлса ҳам она водийим, қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ! Қониб ичсам эрдим шаффоф сувларин, қанийди ташласам унга бир нигоҳ!”, — дер эдилар. Кўриниб турибдики, бу икки саҳоба Пайғамабаримиз алайҳис салом билан бирга яшаш баҳтига муяссар бўлсаларда, ўз Ватанларини соғиниб яшаганлар. 

Халқнинг бошига оғир кунлар келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда “ўзга юртда шоҳ бўлганидан ўз юртингда гадо бўл” деган хикматли сўз бежисга айтилмаган. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унитган киши ҳеч қачон она Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди. Хакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлигини унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”.  Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Мустақиллик, ҳурлик, бировларга қарам ва муте бўлмаслик Аллоҳ таолонинг халқимиз, юртимиз, миллатимизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда хам , ҳар куни, ҳар соат фикр қилиб кўриладиган, ҳар дам шукур қилиниши лозим бўлган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асралишлиги зарур бўлган бебахо бўлган неъматдир.

Бугун юртимиз мустақиллиги навқирон йигирма тўққиз ёшга тўлди. Озод юртга байрамлар ярашади. Қутлуғ айём билан барча юртдошларимизни муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло Ватанимиз фаровонлиги, элимиз тинчлигини янада зиёда қилсин.

Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов

Олтинкўл туман бош имом-хатиби.