Одамлар сизни хатти ҳаракатингиздан, гўзал одоб-ахлоқингиз ҳамда муомалангиздан танисинлар. Инсон қанчалик чиройли, қанчалик кўркам бўлмасин, агар унинг юриш туриши, феъл атвори, одоби гўзал бўлмаса, уни комил инсон сифатида эътироф этилмайди. Холиқ ҳам қалб гўзаллигига қарайди. Хақиқий мўминнинг сифати шуки, у ҳеч кимга на қўлидан, на тилидан озор беради, балки ўз хатти-харакати билан бошқаларга намуна бўлади. Бу ўринда жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом ибрат эдилар. Бунга қуйидаги воқеа ҳам яққол далилдир.
“Бир яҳудий аёл бозорлик харид қилар экан, юки оғирлигидан бироз қийналди. Унга ҳеч ким ёрдам бермади. Шунда бир киши келиб, “келинг онахон манзилингизга элтиб қўяй”, деб аёлга ҳиммат кўрсатди. Ҳожати чиққан аёл:
– Сенга қандай миннадорчилик билдиришни ҳам билмайман?!” Яхшиси сенга насиҳат қиламан:
“Ёдингда тут! Маккада бир ёлғончи ўзини пайғамбарман дея бизни ота-боболаримиз динини ёлғонга чиқармоқда экан. Сен ундан узоқ бўл, уни учратсанг, у билан асло гаплашма”, деди юк кўтарган кишини танимаган аёл.
Шунда: “Мен ўша Муҳаммадман” дея жавоб қилдилар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам. Бу сўздан ҳамма ёғи титраб кетган аёл бироз сукутдан кейин:
“Сен ҳақингда менга ўзгача хабар етганди. Кўриб турибманки, сенинг дининг аслида одамларга энг гўзал ва пок ишларни ўргатар экан. Мен ҳам сенинг динингни қабул қилдим” дея кўзига ёш олди.
Дарҳақиқат, инсон ўз хулқи билан ҳам инсонларни тўғри йўлни топишида сабабчи бўлиши ҳам нодир фазилатдир.

Отабек домла Хусанов

Олтинкўл тумани «Жалабек ота»

жоме масжиди имом-хатиби