Фарзанд тарбияси

1185

Ҳар биримиз кунига бир қанча киши билан рўбарў келамиз, муомала қиламиз, суҳбатлашамиз. Одобли, маданиятли, хушҳулқ, камтар ва ҳалим кишиларнинг суҳбатидан, муомаласидан диллар шод, қалблар масрур бўлса, айрим бадхулқ, дилозор, қўпол кимсаларнинг муносабатларидан, беодоблигидан ранжиймиз, кўнглимиз оғрийди.

Шунинг учун ҳам Шарқда  кишиларнинг ахлоқ-одобига катта аҳамият берилган.

Болаларни ёшлигиданоқ чиройли хулқ, одоб асосида тарбиялашга ҳаракат қилинган. Айниқса инсониятга улуғ ҳидоят ва чексиз саодат олиб келган Ислом динимиз ахлоқ-одоб масаласини олий даражага кўтариб қўйди.

Ислом дини барча мўмин-мусулмонларни одобли, хушхулқ, ширинсўз, ҳалим, камтар, олийжаноб бўлишга даъват этади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон оятлари орқали бундай деган: “Аллоҳ берган раҳмат туфайли уларга  (саҳобаларга) мулойимлик  қилдингиз. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингизда эди, улар атрофингизда тарқалиб кетар эдилар”. (Оли Имрон сураси, 159-оят)

Демак инсонлар Қуръони карим ҳукмларига амал қилиб, хулқу одобларини тузатсалар, жамиятда, оилада хушмуомала, меҳрибон, олийжаноб бўлсалар, абадий саодатга эришадилар.

Айниқса бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари  юриш-туришда, оилада, жамият орасида комил ҳислатлари, юксак одоблари, олий фазилатлари  билан  намуна кўрсатганлар, умматларини ҳам шунга чақирганлар.

Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: “Мен яхши ҳулқларни камолга етказиш учун пайғамбар этиб юборилдим” деганлар. Яна бошқа ҳадис шарифларда шундай дейилган: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу одобдан буюкроқ мерос беролмайди”, “Мўмин кишига берилган нарсаларнинг энг яхшиси  чиройли хулқдир”.

Минг таассуфки, яқин ўтмишда шарқона ахлоқ-одобимизнинг минг йиллик тажрибаларимиздан “Эскилик сарқити” дея  воз кечилгани, исломий тарбияни ҳатто оиладан, ҳаётдан сиқиб чиқарилгани оғир мусибат, катта йўқотиш бўлди. Унинг ўрнига беҳаёлик, оврупача урф-одат зўрлаб тарғиб қилинди. Уларнинг “мевасини” бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Мустақиллик туфайли миллий қадриятимиз, ахлоқ-одобимиз аста-секин ўзимизга қайтмоқда. Болаларнинг ёшлигиданоқ чиройли хулқ, шарқона одоб асосида тарбиялашга ҳаракат қилмоқлигимиз ва ўзгаларга ҳам тушунтирмоқлигимизда Ўзи мададкор бўлсин.

Пахтаобод туман

бош имом хатиби

Абдуманнон Усмонов