ГЎЗАЛ ҲИСЛАТЛАРДАН ҚОЛМАЙЛИК

954

Жаҳонга ҳукмдор эди Искандар,
Дунёни ташлаб кетди ул абгор.
Умрин чўзолмади дақиқа бир дам,
Бир дам учун ҳатто олам бериб ҳам.
Шунин
г учун дўстлар бу дам ғанимат,
Бир дам учун беринг оламча қиймат.

Ҳақиқатан ҳам шоир таъкидлаганидек, инсон умри шу қадар аниқ яъни, илоҳий тақсимот ила ўлчанганки, бу улуғ неъматнинг бир сониясини ҳам беҳуда ўтказишга ҳаққимиз йўқ. Бир сония учун бир олам қиймат бермоғи лозим. Шу боис ҳам муқаддас динимиз бетакрор умрнинг ҳар лаҳзасини сермазмун ўтказишга, имкони борича башариятга мурувват кўрсатишга буюради. Ҳар бир замон ва маконда жамиятга хизмат қиладиган, фуқароларнинг осойишталиги ва фаровонлигини таъминлайдиган маънан комил инсонларга эҳтиёж сезилади. Бунинг учун эса ёшларнинг тарбиясига катта эътибор қаратилиб, уларнинг беғубор қалбларига яхшилик ва эзгулик уруғлари экилиши зарур. Уларнинг қалбларига ёвузлик ва зулм ўрнашиб қолишидан эҳтиёт бўлишимиз лозим.

Хўш, бугун биз ота-она сифатида, мураббий сифатида фарзандларимиз тарбиясига нечоғлик аҳамият қаратаяпмиз? Аждодларимиз ҳақида гап кетганда, уларни ор-номусли, саҳоватли, меҳр-оқибатли, мард, ватанпарвар шахслар сифатида тилга оламиз. Бироқ ўзимиз ва ортимиздан ўсиб келаётган фарзандларимизда ҳам шу каби ижобий сифатлар топиладими?! Аниқроғи, ер қазиб топилмайдиган, бозорда сотилмайдиган, самода учиб юрмайдиган бу гўзал сифатларни биз бугун қаердан қидиряпмиз? Интернетдаги турли бетайин сайтларданми, гиёҳвандлигу ичкиликбозликданми ёҳуд тунда бемаҳал санғиб юрадиган, яширинча ва пинхона бўлган кайфу-сафо маконлариданми ёки батамом халқимизга ёт бўлган ўзга халқлар маданиятиданми?…
Афсуски, сўнги пайтларда, фалончи пистончининг пулини олиб бермай юрганмиш, фалончи одам савдоси билан шуғулланиб юрган эмиш, фалончининг қизи никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолганмиш, фалончининг ўғли отасини урганмиш, фалончи хотинини уч-тўртта фарзанди билан ташлаб, бошқа аёлга уйланиб кетганмиш, фалончи ўз жонига қасд қилганмиш, фалончи ўғирлик билан қўлга тушганмиш, фалончи аёл оиласидан воз кечиб хорижга ишга кетганмиш ва ҳоказо, миш-мишлар кўпайиб қолди.
Бугун мамлакатимиз аҳолиси учун барча соҳаларда яратилиб берилаётган қулай шарт-шароитлар, имкониятлар уларнинг фаровон турмуш кечириши учундир.
Абдураҳмон Жомий айтади: “Анушервон мажлисида румлик, ҳиндистонлик шайҳлар ва эронлик Бузургмеҳр ҳозир эдилар. Савол бўлди: “Ҳамма нарсадан оғирроқ, қаттиқроқ нарса нима?” Румлик донишманд деди: “Қарилик, танглик, йўқчилик”. Ҳиндистонлик донишманд эса: “Касаллик ва ғам андуҳ” деди. Эронлик Бузургмеҳр эса: “Ажалнинг яқинлашиб қолиши ва ҳаётда яхшилик қилмай, ёмон номга эга бўлиб дунёдан ўтиб кетиш” деди. Мажлис аҳли Бузургмеҳрни маъқуллашди. 
Ҳақиқатан ҳам ҳар бир киши қилган фисқ-фужур ишлари билан дўзаҳга чоҳ эмас, аксинча яхшиликлари билан жаннатга сарой қурмоғи лозим. Зеро, икки дунёда кишининг бошидаги соябони унинг яхшилик ва савобли ишлари ҳисобланади. Зотан, бу соябонни биров ясаб бермайди, бозорда ҳам сотилмайди. Ҳар ким эзгу амаллари билан бунёд қилади. Шундай экан, фарзандларимизга эзгуликни сингдирайлик, токи оиласини, ватанини, динини, ҳалқини қадрлайдиган соф виждонли, покиза қалбли бўлишсин. Зеро, ҳазрат Навоий таъкидлаганларидек:

Нафъининг агар ҳалққа бешак дурур
Билки, бу нафъ ўзингга кўпрак дурур.

Пахтаобод туман

бош имом-хатиби

Абдуманнон хожи Усмонов