ЕТИМЛАРГА ҒАМХЎРЛИК

546

Аллоҳ таолонинг энг гўзал исмларидан бири Раҳмон бўлиб, у барча махлуқотларига меҳрибон деган маънони билдиради. Динимиз Аллоҳнинг меҳрибончилигидан умидвор бўлган кишиларни, бошқаларга меҳр мурувват кўрсатишлари лозим эканлигини таъкидлайди. Меҳр мурувватга кўпроқ мухтож бўлганлар эса етимлардир. “Етим”деб шариатда балоғат ёшига етмай отаси вафот этган сағир ва сағираларга айтилади. Етимларнинг бошини силаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш нақадар савобли иш эканлигини Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар. Абу Хурайра розияллоху анху ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоху алайхи ва саллам: “Мен жаннат эшигини биринчи бўлиб очувчиман. Фақат бир аёл мендан илдамроқ эканини кўраман. Ундан:  Сен кимсан? деб сўрайман. У: “Мен ўз етимларимга қараб ўтирган аёлман”дейди дедилар. (Имом Абу Яъло ривояти). Қайси бир хонадонда хоҳ  ўз                                                                                   қариндошларидан бўлсин, хоҳ бегоналардан бўлсин, бирор етим тарбияланса ва у ўша хонадон фарзандларидек суюкли бўлса у хонадон Аллох таолога яхшироқ хонадон бўлар экан. Бу ҳақда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога сизларнинг уйларингизни яхшироғи бир уйики унда етим эъзозланса” деб марҳамат қилганлар. Мўмин киши етимларга меҳрибон бўлиб, уларга яхшилик қилиб ва уларнинг кўз ёшларидан ва озор бериб дилларини оғритишдан эхтиёт бўлмоғи керак. Чунки етим йиғласа арш ларзага келади. Шайх Саъдий айтадиларки:

Огоҳ бўлинки етим йиғламасин,

Етим йиғлар бўлса арши азийм ларзага келур,

Меҳрибонлик билан унинг кўз ёшини тўхтатинг, шавқат билан унинг чеҳрасидан ғуборини кетказинг деганлар.

Эри оламдан ўтганидан кейин  келинни вояга етмаган болалари билан қўшиб, вафот этган эрининг уйидан хайдаб юбориш холлари ҳам учраб туради. Ислом шариати етимларни кўчага хайдаб, отасидан қолган бойликларини тортиб олишга буюрмайди, балки етимни уйига олиб кириб унга мурувват ва ғамхўрлик қилишга буюради. Бу ҳақда Набий соллаллоху алайхи васаллам: “Мен билан етимга кафил бўлган кимса жаннатда мана бундайдир”деб кўрсатгич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилдилар. Барчаларимиз  атрофимиздаги етимларга, мусулмонларга хос меҳрибонлик ва рахм –шавқат кўрсатайлик.

Сирожиддин домла Ҳакимов,

Олтинкўл туманидаги “Хазрати Умар” жоме масжиди имом-хатиби