Ёшлик ҳар бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматлардан бири бўлиб, унинг қадрига етмоқ керак. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади

Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисоблашади. Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: «Нажот фақат илмдадур», деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради», – деб айтган ҳадислари ўз мазмунини йўқотган эмас.

 Ёшларимизни турли хил ёт оқимлардан ҳимоя қилишда диний омиллар – Қуръон оятлари ва ҳадислардан кенг фойдаланиш ҳамда диннинг асл моҳиятини англатиш ҳам лозим. Экстремизм ва терроризм муқаддас Ислом динига алоқадор бўлмасдан,  муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассибона унсурларнинг фаолияти мафкурасининг натижаси эканлигини ҳар бир ёш авлодга тушунтириш бугунги куннинг долзарб мавзуларидандир. Ҳолбуки, динда мутаассибона эътиқодда бўлиш ва соф исломий эътиқоддан бехабарлик экстремизм ва терроризмнинг асл манбаи ҳисобланади.

Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Бундай кимсаларга нисбатан Аллоҳ таоло Қуръони каримда хитоб қилиб шундай дейди:

яъни: “…Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”. (Бақара, 60).

Диний ақидапарастлик жаҳолатидан ўзини асраш эса ҳар бир эътиқодли инсоннинг мусулмон сифатидаги бурчидир. Чунки Исломнинг ўзида яхшини ёмондан, тафаккурни жаҳолатдан, илмни кўр-кўроналикдан ажратиш меъёрлари белгилаб берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди:

 “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?”.

Бузғунчи ғояларнинг тез тарқалишига сабаб бўлаётган ижтимоий тармоқлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир этаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай воситадир. Ижтимоий тармоқдаги турли кимсалар азалдан шаклланиб келаётган ана шундай қоидаларни фарзандлар онгида ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу билан уларни ўз ота-оналарига қарши қилиб қўйишмоқда. Натижада ана шундай руҳда катта бўлган ўғил-қизлар вақти келиб, оила қурганларида ҳаёт синовларига чидолмасдан, енгил ҳаётни афзал кўриб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.

Бизнинг Мовароуннаҳр мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (ҳанафий) раҳматиллоҳу алайҳ мазҳаби кўрсатмаларига риоя қилиб келганлар. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдирганлар. Халқимиз ҳам шу мазҳаб йўл-йўриқларига амал қилишга ўрганиб қолганлар. Уларга бошқа мазҳаб ҳукмларидан гапирилса ёки бошқа мазҳабдаги мусулмонларнинг бошқача намоз ўқиётганликларини кўрсалар, таажжубга тушишлари табиий.

Аммо ақидапараст оқим тарафдорлари диёримиз мусулмонларининг ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли манбалардан ўқиган ёки эшитган бошқа мазҳабларга оид ёки динимиз таълимотларига зид фикрларни оммага тарқатиб, мўмин-мусулмонлар орасида иккиланишларни келтириб чиқаришмоқда. Ҳатто, бу борада бошқалар билан баҳс-мунозараларга ҳам киришадилар. Аллоҳ таоло бундай дейди.

«(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсаларга эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Исро, 36).

Динимизга берилган имкониятларни, афсуски, суистеъмол қилган баъзи ёт тоифа ва фирқалар кишилар ўртасида турли ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлдилар. Буни биринчи бўлиб, ўзини «соф ислом таълимоти ҳимоячиси» сифатида таърифлаган оқимлар бошлаб берди.

Бу оқимлар ўзининг илк фаолиятини ҳанафий мазҳаби кўрсатмаларига қарши курашишдан бошлади. Улар ҳаёт моҳиятини ҳали англаб етмаган, ғўр ёшларни ўз таъсирига торта бошладилар. Чунки умри давомида маълум мазҳабда ибодат қилиб келган, кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган кексаларни йўлдан оздириш улар учун маҳол эди. Бу оқим динга эътиқод қилишда ҳеч қандай мазҳабга ёки имомга эргашишни шарт қилмайди.  Қуръон ва ҳадисдан ҳар ким ўзи мустақил фатво олиб эътиқод ва ибодат қилиши лозим, деган даъвони илгари сурди. Шунингдек, асосий ҳужумни масжид имомларини танқид ва айблаб, соддадил ва ғўр мусулмонларни ўз ортларидан осон эргаштирди.

Лекин улар ўзлари қилаётган даъволарига зид равишда, «раҳнамо»ларининг фикри ва фатвосига қараб иш тутардилар. Биринчи ихтилоф намоз ибодатини адо қилиш борасида юзага келди.

Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабида қабул қилинмаган: намозда «Фотиҳа» сурасидан сўнг «омин»ни баланд овоз билан айтиш, «рафъул-ядайн», яъни рукудан олдин ва кейин икки қўлини кўтариш каби амалларни намозхонлар орасида ёйишга уриндилар.

Натижада маҳаллий мусулмонлар орасида тамойиллар жиҳатдан ихтилоф юзага келди. Бу нарса соғлом эътиқодли мўмин-мусулмонларнинг қалбини ларзага солди. Улар ўз мазҳабларини ҳимоя қилишга киришдилар.

Аммо баъзи «аҳли илм»ларнинг масжидда ҳар ким хоҳлаганича намоз ўқиши мумкин, кексаларнинг ёшлар билан иши бўлмасин, асосийси, қанақа йўл билан бўлса ҳам намоз ўқияпти-ку, дея ихтилофларга лоқайд муносабатда бўлишлари оқим тарафдорлари тегирмонига сув қуйди. Улар янги-янги зиддиятларни авж олдиравердилар, намозда оёқни кериб туриш, суннат намозини ўқимаслик, фарз намозидан кейин бошқалар суннатни ўқиётган пайтларида ўтириб олиб, тасбеҳ айтиш ва ҳоказо янгиликларни бирин-кетин киритавердилар.

Мусулмонлар «Аҳли Сунна вал-Жамоа» сифатида бирор-бир мазҳабга эргашишлари лозим. Аммо ихтилоф юқорида зикр қилинган «аҳли илм»лар ўйлаганидек, фақат намоз масаласида бўлиб қолмади, балки у мафкуравий зиддиятга айланиб кетди. Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабига зид тарзда, ўзгаларни кофирга чиқариш, Аллоҳга ширк келтиришда асоссиз айблаш каби бузуқ ақидаларни тарқата бошладилар.

Хўш, оқим аъзоларининг бундан мақсадлари нима эди? Нима учун кофирликда айблаш улар учун керак бўлиб қолди? Шу ўринда дунёдаги қўпорувчи оқимлар учун хос бўлган ва бир-бирига боғлиқ икки иллат тўғрисида тўхталиш ўринли:

Кофирликда айблаш.

Кофирларга қарши кураш – уруш эълон қилиш.

Бундай иллатлар барча бузғунчи оқимларда учрайди. Зеро, бузғунчилар ўз тарафдорларини ғоявий жиҳатдан бошқалардан ажратиб олиш мақсадида ўзига эргашмаганларни кофир деб айблайдилар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида одамларни «кофир» деб ҳақоратлашдан қайтариб шундай деганлар:

“Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир! деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар, (яъни, агар кофирликда айбловга ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади, башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади).

Мухтарам диндош биродарлар, динда ғулувга кетиб ёки беписандлик қилиш, мутаасиблик қилиш, кибр қилиш ва шунга ўхшаш иллатлардан сақлансак ҳар-хил фитналарни олди олинади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидаги солиҳ бандалари қаторида бўлиб, турли фирқа, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни хифзу-ҳимоясида сақласин. Яратганнинг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фикрлардан узоқда қилиб, илму-маърифат, одобу-ахлоқ фазилатлари билан зийнатласин.

Жўрабек домла Эргашев,

Балиқчи тумани “Мулла Хидирали” жоме масжиди имом-хатиби