Уламолар, устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар. Улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар. Уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етадилар. Бинобарин, олимларни рисоладагидек ҳурмат қилмай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимизни эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, тадбиркор инсонлар этиб улғайтириш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап.

       Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан имом-хатибларга ойлик иш ҳақи тўлаш, фаолият юритаётган уй-жойга муҳтож ходимларни хизмат уй-жойлари билан таъминлаш, кўп йиллар давомида намунали фаолият юритаётган, уй-жойга муҳтож имом-хатибларга янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойларни сотиб олиб, текинга берилиши диний соҳа вакиллари ҳурматини янада ошириш билан бир қаторда, улар томонидан жамиятимизнинг ижтимоий-маънавий ривожида, оилалар тотувлигида ҳамда ёш авлод онгу тафаккури ривожланишида куч ва билимларини намоён этишлари талаб этилади.

       Куни кеча вилоятимиз ҳокими Шухратбек Абдурахмонов томонидан яна бир хайрли иш амалга оширилди. Вилоятимизда фаолият юритаётган масжид имом-хатибларининг ҳар бирига  бир тоннадан буғдой берилди.

      Бу ҳукуматимиз, хусусан вилоятмиз ҳокими томонидан диний соха вакилларига, имом-хатибларга ва уламоларга кўрсатилган юксак эхтиром намунасидир.

      Аллоҳ даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат экани Қуръони каримда таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Рабби қадрларини баланд қилган тоифага мансубдирлар. Қуръони каримда бундай дейилади: «(Гап)шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят).

Оятда “шиорлар” дея таржима қилинган сўз “шаъааироллоҳ” калимаси билан келган. Аслида буни бир сўз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъааироллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати билдирилган барча нарса тушунилади. Устоз ва илм муаллимлари илм шарафи туфайли улуғланадилар. Илм аҳлларининг қадри нақадар улуғ экани қуйидаги оятда ҳам баён этилади: «…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодила сураси, 32-оят).

      Вилоятимиз хокими томонидан вилоятимизда барча соҳалар сингари диний-маърифий соҳа бўйича олиб борилаётган оқилона сиёсатни қўллаб-қувватлаб, бу борада белгиланган чора-тадбирларни самарали бажариш, ўз ҳудудида кенг кўламдаги диний-маърифий тарғибот ишларини янада кучайтириши ҳамда аждодларимиз билан фахрланибгина қолмасдан улар сингари олиймақом даражаларга эришиш ва бу борада келажак авлодга ўрнак бўлиш ҳар бир диний ходимнинг шарафли масъулиятидир!

Мухаммадали домла Ўсканов,

Бўстон туман “Абдулазизхон”

масжиди имом-хатиби