ДУО НАЖОТДИР

503

Дуо- шундай бир кучки,у сабабли қийинчилик енгилликка, дард-шифога ҳавотир сакинатга ўз ўрнини бўшатиб беради.
“Дуо” сўзи араб тилида чақириш сўраш маъноларини англатади.Дуо банданинг синиқлик ва ҳокисорлик билан Аллоҳ таолога юзланиб,чин дилдан илтижо қилишидир. Аллоҳ таоло ўз китобида шундай марҳамат қилади:”Роббингиз:”Менга дуо қилинг,сизга ижобат қилурман”деди”(Ғофур сураси.60- оят).Бу қандай олий неъматки, Роббимиз дуо қилсак ижобат қилишини ўзининг мукаррам китобида баён қилмоқда. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:”Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, Бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман”.(186-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло биз бандаларга яқин эканлигини баён қилиб, дуо қилсак ижобат қилиши ҳақида марҳамат қилмоқда.Бу биз бандалар учун чексиз марҳамат ва катта имкониятдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”, дедилар”.(Термизий,Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар).Демак дуо Аллоҳ таолонинг ҳузурида икром қилинган амаллардан экан.Дуо даражаси улуғ ибодатлардандир. Шу сабаб банда Роббисига кўп дуолар қилиши лозим.Албатта дуо қилаётганда банданинг қалби ва тили бир нарсани ирода қилиши керак. Банда Роббисига тазарруъ ва ихлос билан дуо қилмоғи лозим.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Дуо ибодатнинг миясидир”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти). Ибодатдан мақсад,Аллоҳ таолонинг розилигини топишдир. Дуоси ибодат, миясиз ибодат бўлади деганидир.Ибн Арабий айтадилар:”Илик аъзоларнинг қувватидир.Дуо ибодатнинг илигидир.У билан обидларнинг ибодати қувватланади.Чунки у ибодатнинг руҳидир”.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан,қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса,албатта,Аллоҳ таоло унга ё сўраганини беради,ёки ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди”, дедилар.Шунда одамлардан бири:“Ундай бўлса,(дуони) кўпайтирамиз”, деди.“Аллоҳ кўпайтирувчироқдир”,дедилар”.
Бу ҳадиси шарифда дуонинг қабул бўлиш шартларидан баъзилари баён қилинмоқда.Дуонинг қабул бўлиши учун зарур бўлган шартларидан:
1.Мусулмон кишининг гуноҳ аралаштирмасдан дуо қилишидир.Ҳеч ким айб-нуқсондан ҳоли эмас, аммо банда қилган ҳатоларига тавба қилиб Аллоҳдан кечирилишини сўраши лозим ва гуноҳлардан четда бўлмоғи даркор.

2.Мусулмон кишининг қариндошлик алоқаларини узмасдан дуо қилишидир. Қариндошлик алоқаларини узган ҳолда қилинган дуо ҳам қабул бўлмас экан.Агар банда гуноҳлардан тийилиб, қариндошлик алоқаларини узмай дуо қилса,Аллоҳ таоло унинг дуосини тезда ижобат қилар экан ёки дуо қилувчидан сўралган нарса мислича ёмонликдан буриб қўяр экан.Албатта бу Аллоҳ таолонинг бандаларига ато қилган марҳаматидир.Дуо қилишда иккиланмаслик,ёмон гумонда бўлмаслик керак.Ижобатидан умидвор бўлиб дуони кўпайтириш лозим.Дуонинг қандай ижобат қилиш Аллоҳ таолонинг иродасидадир.Ўзи билади,агар истаса ижобат қилади, ижобат қилмаса ажрини оҳиратга олиб қўяди,ёки ўрнига бандадан бир ёмонликни даф қилади.Ибн Жавзий айтадилар:”Билки Мўминларнинг дуоси рад қилинмас.Фақат унинг учун ортга суриш яхши бўлганда ижобати ортга сурилади.Ёки тездами,секинми,унинг ўрнига ундан кўра яхшироқ эваз берилади.Еҳтимол,арзимаган нарсани сўраган бўлади.Аммо унга афзал ва ўта арзигулик нарсани беради.Бас,мўмин киши Роббисига дуо қилишни,Ундан талаб ва сўрашни тарк қилиши жоиз эмас.У таслим бўлиш ва тавфиз қилиш-Аллоҳга солиб қўйиш ила қанчалик ибодат қиладиган бўлса, дуо билан ҳам шунчалик ибодат қилади”.
Аллоҳ таолодан сўраладиган нарсаларнинг энг афзали нима эканлиги ҳақида қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Кимга дуо эшиги очилса унга раҳмат эшиги очилган бўлади.Аллоҳдан сўралганда бериладиган нарсалар ичида у Зотга энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашдир”,дедилар”. “Офият” сўзи саломатлик,эсон-омонлик деган маъноларни билдиради.Демак офият Аллоҳ таолодан сўраладиган энг маҳбуб нарсалардан экан.Шундай экан офиятни кўп сўраб, дуолар қилишимиз лозим.Бутун дунёга “Корона вирус” тарқалиб, барча халқ шу дард билан синалаётган айни дамда, Аллоҳ таолодан офиятни сўраб дуолар қилишимиз лозим.Аллоҳ таолога иҳлос билан,ижобат бўлишидан умид қилган ҳолда, Ўзбекистон халқимизга ва бутун дунё халқига офиятни,сиҳат-саломатликни дуо қилиб сўраймиз.Аллоҳим шу касаллик билан бетоб бўлганларга комил шифо ато эт,қолганларни ўзинг муҳофазангда асра!Бутун Ўзбекистон халқи сенга дуолар қилиб, илтижолар қилмоқдалар ўзинг дуоларимизни ижобат айла. Омийн.

Анваржон Ибайдуллаев

Олтинкўл тумани

“Ўйшин”

жоме масжиди имом-хатиби