ХАЛҚ МАНФААТЛАРИ

816

Инсон токи ҳаёт ҳаёт экан, ўз мақсад йўналишига эга бўлишига тўғри келади. Ўша мақсадлар ичида муҳимроғи – халқ учун манфаат етказиш. Чунки инсон жамиятда доимо халқ билан бирга ҳаёт кечирар экан, улар билан кундалик мулоқотда бўлар экан умр давомида шу халқ учун манфаат етказишни мақсад қилмаслик ҳақиқатан ҳам инсоний хислатларга зид бўлади.

Зотан инсон Аллоҳ таоло яратган бутун махлуқотлар ичида энг мукаррамидир. Бу ҳақда Қурони каримда баён қилинади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً

Яъни: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”. (Исро. 70)

Ана шу мкаррам хилқат, яъни башарият ҳаётда бир-бирларига адоват ва лушманлик қилиш, бир-бирининг қонини тўкиш, ҳуқуқларини поймол қилишга эмас, балки доимо ўзаро ёрдамда бўлишликка буюрилган:

وَتَعَاوَنُواْ عَلَى الْبرِّ وَالتَّقْوَى

Яъни: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг”. (Моида. 2)

Ҳа, бу чақириқ шунчаки ўйлаб топилган фалсафий мушоҳада эмас, балки айни илоҳий фармон эрур! Инсонларга доимо кўмакда бўлиш соф инсоний фазилат эрур. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаатлироғидур”.

Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ҳам халқ олдида ҳар бир инсоннинг қарздорлигини таъкидлаб ўтган эди:

“Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ”.

Яна шундай деган:

“Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади.

Шу маънода, буюк Алишер Навоий бобомизнинг «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами» деган сатрларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни, бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз.

Бу ўлмас сатрлар бизнинг бугунги ҳаётимиз билан, бизнинг орзу-интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади”.

Муҳтарам Президентимиз ушбу кунда ўз ваъдасида содиқ турмоқда. Хусусан халқимиз бошига ташвиш тушган кунларда кўрилаётган чора ва тадбирлар жамоатчилик томонидан юқори баҳоланмоқда.

Хабарларга кўра Ўзбекистонда COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишлаб Покистонда видео мулоқот шаклида давра суҳбати ўтказилди. «Daily Ittehad» газетаси бош муҳаррири Тоҳир ФАРУК шундай дейди:

– COVID-19 пандемияси 200 дан ортиқ давлатда қайд этилди ва тарқалишда давом этмоқда. Хусусан, ушбу касаллик Ўзбекистонга ҳам кириб борди. Аммо Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда коронавирусга қарши ўз вақтида ва самарали чоралар кўрилмоқда.

Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Саид Ал Катири «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида юртимизда ушбу эпидемияга қарши кураш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирди:

– Коронавирус пандемияси дунёнинг ўзаро боғлиқлиги, ҳеч бир мамлакат глобал муаммони якка ўзи ҳал қила олмаслигини яққол кўрсатди. Ушбу умумий муаммони бартараф этиш учун барчамиз бирдамлик руҳида ҳаракат қилишимиз керак.

Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўриб, тадбирларни изчиллик асосида амалга оширишга қаратилган назорат стратегиясини ишлаб чиқди. Қабул қилинган баъзи тартиблар инсонлар учун бироз ноқулайликлар келтириши мумкиндир. Аммо ушбу юқумли вирус тарқалишининг олдини олиш учун шу каби тадбирлар жуда зарур. Ўз навбатида, таъкидлаш жоиз, ушбу чоралар нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг бошқа мамлакатлари томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом хатиби