Диний мутассибликнинг ҳанафийликка ёт жиҳатлари

939

(Акромийлар экстремистик оқими мисолида)

Мустақилликнинг илк давридан бошлаб, юртимизда виждон эркинлиги қонун йўли билан кафолатланди. Бироқ, баъзи ақидапараст гуруҳлар каби «Ҳизбут-таҳрир» тарафдорлари ҳам яратиб берилган ҳуқуқ ва имкониятларни суистеъмол қилди. Бу бузғунчи оқим ўзининг дастлабки радикал кўринишдаги, ҳеч бир ўлкада хайрихоҳ топмаган эски ғоя ва қарашларини мамлакатимиз ҳаётига тиқиштириб, мавжуд турмуш тарзини ўзгартиришга ҳаракат қилди.

Унинг сўл қаноти бўлмиш «Акромийлар» ҳам айнан ҳизб таълимотини ўзлаштирилган шаклига кўра фаолиятини олиб борди. Ушбу жамоанинг ғоявий раҳбари «Ҳизбут-таҳрир» диний-сиёсий экстремистик ташкилоти қасамёдини қабул қилган А.Йўлдошев ҳисобланади. 

«Ҳизбут-таҳрир» ташкилоти «Акромийлар» жамоасига «ўрнак» бўлиб, ҳозирги замонамиздаги ҳеч бир давлатни ислом диёри деб айтиб бўлмаслиги, балки у хоҳ араб давлати бўлсин, хоҳ мусулмон мамлакатлари бўлсин, ҳаммасини дорул-ҳарб (куфр диёри) деб эълон қилган. Унинг бирдан бир ечими фақатгина тузилмалар ғояларига эргашишлик тарғиб қилинган. Яъни, ҳужумлар фикрларга қаратилиши, натижада бу ҳужум фикрий курашга, фикрий кураш ўз навбатида фикрий инқилобга олиб бориши кўзланган. Фикрий инқилобнинг орқасидан эса ҳукм, низом ва бошқа алоқаларни ўзгартириб юборадиган сиёсий инқилоб келади.

  Демак, ҳар икки бузғунчи тузилма кенг омма ўртасида ўз ғояларини ёйиш борасида  фикрга бирламчи эътиборни қаратишган. Қолаверса, «Акромийлар» «Ҳизбут-таҳрир» билан яна ғоятда жиддий хусусият ва қарашларда ўхшаш хусусиятларни кузатиш мумкин. Жумладан, уларнинг эътиқод эркинлигига бирдек раҳна солишлари, айниқса аҳли китобларга нисбатан муросасиз хатти-ҳаракатлари, миллий ва диний бағрикенглик тамойилларига очиқдан-очиқ тажовуз қилишлари ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

  Жамоанинг «Иймонга йўл» рисоласидаги фикрлар фалсафий-мантиқий баён услубига яқинлаштириб ёзишга ҳаракат қилинган. Лекин, фикрлар ёрқин ва охиригача ёритиб берилмаган бўлсада, баъзи ақидавий ва фиқҳий масалаларга муносабат билдирилган. Ушбуларда илгари сурилган жамоа қарашлари юртимиз мусулмонларининг асрлар давомида эътиқод билан амал қилиб келаётган анъанавий суннийликнинг ҳанафия таълимотига зидлиги билан ажралиб туради.

  Бу борада биринчи навбатда жамоа йўлбошчисининг «имон» масаласидаги қараши анъанавий ҳанафий мазҳаби ва мотуридия таълимотига зидлиги билан эътиборимизни тортади:

  «Иймон комил бўлиши учун, тилда айтилган нарса амалда тасдиқланмоғи шартдир»[1].

  Ҳанафий мазҳаби ва мотурудия таълимотига кўра, имон шарти иккита: Аллоҳнинг бирлиги ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар эканига тил билан иқрор бўлиб, дил билан тасдиқлаш, демакдир. Имом Мотурудий «имоннинг жойи қалбдир», деганлар. Демак, дин арконларига амал қилиш имоннинг шарти эмас ва амалсиз одам кофир бўлмайди, балки фақат гуноҳкор бўлади.    

  Фиқҳий жиҳатдан ҳам камчилик китобнинг 9-дарсида кўринади:

  «… Мазкур аломатлар зоҳир бўлмаса, 15 ёш қизлар ва ўғил болалар учун руҳий талаблар ҳосил бўладиган балоғат ёшиҳисобланади»[2].

  Аслида, ислом манбаларига кўра, муайян аломатлар зоҳир бўлмаса, қиз 12, ўғил бола 15 ёшдан балоғатга етган ҳисобланади.

  Рисоланинг 9-дарсида очиқ ояти карима нотўғри шарҳланган. Чунончи, Қуръони карим «Бақара» сурасининг 30-оятида Аллоҳ шундай деган:

  «Эсланг, (Эй, Муҳаммад!) Роббингиз фаришталарга: «Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман»…»[3].

  Рисола муаллифи ушбу оятнинг шарҳини … (инсонни) ерда халифалик қилишдек ўта масъулиятли вазифаси бордир[4], дея нотўғри маъно берган. Яъни, жамоа асосчиси «халифа» (ўринбосар) билан «хилофат» (халифалик қилиш)ни ўқувчига чалкаштириб, оятни ўзининг фойдасига бурган. Аслида, ояти каримада Аллоҳ Ер юзида Одам алайҳиссалом ва унинг то қиёматгача бўлажак зурриётларини «халифа» («ўринбосар») қилган. Яъни, Ердаги барча нарсаларни унинг манфаати учун яратиб, улардан улуғ қилган, қолаверса Ер юзига эгалик қилиш, уни обод этиш вазифаси ҳам Одам авлоди зиммасига юклатилган.

  Жамоа асосчиси А.Йўлдошев эса, ўз рисоласида оятни сиёсий тузум шаклига ўзгартириб «халифалик қилиш», яъни халифалик давлатини қуриш дея маъно  берган.

  «Акромийлар» томонидан махсус тайёрланган варақада Қуръони каримнинг «Саф» сураси матни асосида жамоа манфаатларига мос равишда шарҳланиб, қуролли курашга очиқ чақирилган: « … кураша беринглар, сизларга Аллоҳ ёр бўлсин»,   деб очиқ жиҳодга «фатво» берилган.

Улар шу каби турли хил услублардан фойдаланган ҳолда ўз сафини кенгайтиришга интилмоқда. Бошқа экстремистик ташкилотлар каби ушбу жамоа ҳам бугунги кунда ўз мақсадига эришиш борасида икки услубдан фойдаланмоқда:

  Биринчидан, гўё уларнинг фикрича, барча ҳозирги замон мусулмон жамоалари исломий қиёфаларини йўқотганлар ва жоҳилият асри жамиятларига айланганлар;

  Иккинчидан, гўё фақат «ҳақиқий» мусулмонлар ўзларидир.

  Бундан ташқари «Акромийлар» Макка мушриклари яшаган жоҳилият асрига ҳозирги замонамизни тенглаштириб, худди оятда айтилган неъмат сифатида ўз жамоаларига эргашишликка чақиришмоқда. Улар худди, ёлғиз ўзлари халқни ғамини ейдиган, дин учун курашадиган, ҳаётда юзага келаётган муаммоларга ечим топиб берадигандек қилиб жамоаларини кўрсатишмоқда. Ваҳоланки, жамиятдаги барча ёмон иллатларнинг сабабчиси ўрнатилган тузумда эмас, балки халқ оммасининг маънавий ва ахлоқий камолотга муҳтожлиги натижасида юзага келаётганлигидан кўз юмишмоқда.

Ислом тарихидан маълумки, Макка даври, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам то Мадинага кўчиб ўтгунга қадар, 13 йил давомида кишилар фақат Аллоҳ ва охиратга иймон келтиришга даъват қилинганлар. Намоз, рўза, ҳаж, закот каби ибодатлар Мадина даврида фарз бўлгани учун то ислом давлати қурилмагунча мазкур ибодатларни бажариш шарт эмас, деб қарайдилар, сигарета ва спиртли ичимликлар ичиш ҳамда шариат томонидан таъқиқланган «муваққат никоҳ» (вақтинчалик, яъни маълум муддат – 1 соат, кун ва ҳ.к.)га рухсат берилади.

  Ислом уламолари бу борада аниқ мисоллар келтириб ҳар қандай давлат ва ҳукумат қўл остида бўлишдан қатъий назар шариатнинг инсон шахсининг ўзигагина боғлиқ бўлган кўрсатмалари ҳеч қачон амалда тўхтатиши мумкин эмаслигини айтадилар[5].

Аҳмадали Худайбердиев

Олтинкўл туман

“Кўтармачек” жоме масжиди имом-хатиби