Барча разолатларнинг асли!

497

Бугунги кунда инсонларда одатий ҳолга айланиб бораётган ёлғончилик, ваъдага вафосизлик каби салбий ҳолатлар секин-асталик билан ривожланиб келаётган жамиятимизга ҳунук оқибатларни олиб келишлиги мумкин.Буни олдини олиш учун ҳар биримиз уйимизда, махалламизда, иш жойимизда ёлғончилик, бевафолик оғир гуноҳ эканлигини бир-биримизга эслатиб турмоғимиз керак. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам бу ҳақда ўзларининг кўрсатмаларини бериб, жумладан шундай дейдилар: “Рост сўз (ўз эгасини) яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳиштга (жаннат) етаклайди. Албатта, киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилади. Албатта, ёлғон (ҳам (ўз эгасини) ёмонлик сари етаклайди. Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди.Киши доим ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади”.

Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва алал-оқибат ўз эгасининг обрўсини тўкади. Жамиятда ёлғонни тарқалиши сабаб одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, омонатдорлик йўқолиб фисқу фужур кенг илдиз отади. Ёлғон ишончни йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ёлғончиларни  йўлдан адашганлар қаторига қўшади. Қуръонда шундай дейилади: “Кимки исрофчи, ёлғончи бўлса, албатта Аллоҳ уни тўғри йўлга бошламайди” Шунингдек, Пайғамбаримиз с.а.в. ёлғончилик жуда оғир гуноҳ эканлигидан огоҳ этиб, улар ҳақида: “Ёлғончилар менинг умматим эмас,” деб  мўмин кишини ёлғончи бўлиши мумкин эмаслигини, ёлғончи киши эса мусулмончиликдан чиқишини аниқ ва қатъий қилиб баён қилдилар.Ёлғончи ўз оиласини – ота-онаси, аёли, фарзандларини алдашга ҳаракат қилади, ишхонада бошлиғига ёлғон гапиради, хуллас, сувдан қуруқ чиқиши учун бебаҳо имонини ёлғонга сотади. Аммо, ёлғони фош бўлганидан кейин атрофидаги инсонлардан, яқин кишиларидан жудо бўлади, қариндошлик, дўст-биродарлик ришталари узилади, оилалар бузилади. Шунинг учун Сарвари олам (алайҳис-салом): “Ёлғончи жаннатга кирмайди”, деганлар. Ёлғон сўзнинг касри имонга уради ва соҳибини юзидан нурни кетказади. Ёлғончиликнинг ёмон оқибатларидан бири – у жамиятга фитна солиб, одамлар орасини бузишдир. Бир ёлғон ўз ортидан минглаб, балки унданда кўпроқ ёлғонларни эргаштириб бузғунчилик ва фитнага асос бўлади. Ёлғончилик ҳамма вақт ҳам ёлғон бўлавермайди. Баъзи бир вақтлар борки, унда ёлғон гапиришлик мумкин. Шулардан бири  – одамлар орасини тузатишдир. Пайғамбаримиз (с.а.в):“Одамлар орасини тузатиш учун  яхши гапларни топиб гапирган одам ёлғончи эмас”, – деганлар. Уч жойда ёлғон жоиздир: 1. Икки урушганларни яраштиришда, чунки бу ёлғон билан икки аразлашган инсон ораси ислоҳ қилиш нияти мавжуд. 2. Уруш майдонида, чунки ҳадисларда келтирилишича урушнинг ўзи макр-ҳийла, ёлғондан иборат. 3. Эр бирла хотинни яраштираётганда, чунки ислом динида оила энг муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Ҳар қандай йўл билан бўлсада уни дарз кетишидан сақланишга ҳаракат қилинади. Эр-хотинни, қариндош-уруғларни, дўстларни бир-бирига яраштириш мақсадида айтилган ёлғон сўз учун азоб қилинмайди. Чунки бунда ният тамоман бошқачадир.Ёлғон гувоҳлик бериш ижтимоий бузғунчиликларга сабаб бўладиган ёлғоннинг турларидандир. Бу нарса бегуноҳ инсонларни жабру жафо тортиши, ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлиши каби кўпгина ёмонликларга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Ислом динида ёлғон гувоҳлик  беришни дунёдаги энг катта гуноҳ, Аллоҳга ширк келтириш билан тенглаштирилган.

Аҳмадали Худайбердиев

Олтинкўл туман

“Кўтармачек” жоме масжиди

имом-хатиби