Суннийлик эътиқодидаги тизим асосчиси

897

“Аҳли сунна вал жамоъа Абул Ҳасан Ашъарий,
Абу Мансур Мотурудий эътиқодидан бошқа йўналишлар
фосид ва адашган тоифалардир”
Ибн Ҳажар Асқалоний[1]:

Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик йўналишлардан бири бўлмиш Мотуридия асосчиларидан ҳисобланади. Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий дунёга келган аниқ санаси тарихий манбаларда учрамайди. Аммо, баъзи тарихчилар 233-247 ҳ. йиллар оралиғида халифа Мутаваккил даврида дунёга келган дейди. Тахминий ҳисобга кўра устози 268 ҳ. Нусайр ибн Яҳё Балхийдан 20 ёшларида илм олган бўлса демак, 248 ҳ (870 м.) йилда дунёга келганлар. Мотуридий Самарқандда 333 ҳ. (945) йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга кўмилган. Бобоси Абу Айюб Ансорий р.а. ҳисобланади[2]. Буюк олим асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан (ҳозирги Жонбой раёнида жойлашган) бўлниб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Дунёдаги мусулмонларнинг салкам 50% Мотуридийлик йўналишидадир[3].

Абу Мансур Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган, баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги ал-Аёзий мадрасасида таълимни давом эттиради. Мотуридий яшаган вақт Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг бошқарув жойи бўлиб, сўнгра IХ асрнинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодий-маданий маркази бўлиб қолаверади. Демак, Имом шарқнинг илмий марказида таълим ишларини олиб борган ва ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифат тарқатган.

Профессор Муҳаммад “Моликий ва Шофеъийларнинг имоми Абу Мусо Ашъарий авлодларидан бўлган Абул Ҳасан Ашъарий ҳисобланади. Ҳанафийлар имоми Имом Мотуридий ҳисобланади. Мотуридий ва Ашъарий ҳақ йўлдаги имомлар. Ҳанбалийлар ҳам шу эътиқод негизидадир ”[4].

Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанафия мазҳаби олимларидан дарс олиш билан ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Эътибор бериладиган бўлса, имом Абу Мансур Мотуридий устозлар силсиласи орқали имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадга етиб борадилар. Мисол учун

Ушбу машҳур олимлар ўз шогирдларига асосан имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан дарс берар, “Фиқҳул акбар”, “Рисола” ва бошқа китобларни чуқур ўргатишар эди.

Бутун умри давомида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдиргандир. Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавийнинг (вафоти 1582 йил) “Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот ва машаойих мазаҳаб Нуъмон” (“Нўмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб”) номли китобида Мотуридий ва унинг асарлари ҳақида айрим маълумотлар берилади. Масалан, қуйидаги асарлари номлари келтирилган: “Китаб Тавҳид” (“Алломани яккалашлар китоби”), “Китаб Мақомат”, “Китаб рад авомил лил адила лил кабий” (“Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”), “Китаб баён ва ҳум ул-муътазила” (“Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”), “Китаб Таъвилот ал-Қуръон” (“Куръон таъвили китоби”). Лекин Ҳожи Халифанинг (1609—1659) “Кашф аз-зунун ан-асомил кутуб ва-л-фунун” (“Китоб ва фанлар номлари ҳақидаги шубҳаларни бартараф этиш китоби”) китобида эътироф этилишича, яна Абу Мансур Мотуридийнинг “Маъхази аш-шариъа” (“Шариат асослари сараси”), “Китаб ал-жадал” (“Диалектика ҳақида китоб”)ни таълиф қилганларидан кейин шуҳратлари яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг эътиқодий мазҳаб соҳибига айландилар.

Булардан ташқари Мотуридийнинг “Китаб ал-усул” (“Диний-таълимот усули китоби”) асари ҳам маълум. Абу Мансур Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам асосан хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади. Ал-Мотуридий ислом оламида жуда нозик ҳисобланган “Тавҳид китаби” — асари бизнинг давримизга етиб келган ва у 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулиф томонидан Байрутда нашр этилган. У ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, фиқҳга ва каломга оид асар ёзади. Бу ал-Мотуридийнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланади. Мотуридий бу асарида сунний ақидага (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Абу Ханифанинг қарашларига суянган холда иш кўради. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. “Таъвилот”нинг биринчи жилди Қоҳирада 1971 йилда Иброҳим Авадайн ва ас-Саид Авадайнлар томонидан нашр этилган. Мотуридийнинг бу биргина асари тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган.

Шогирдлари ўз устозларининг таълимотини давом эттиришганлиги туфайли Ҳанафия мазҳабидагилар ичида Мотуридия йўналиши вужудга келган.

Мотуридий мактаби давомчилари Абу Юср Аздавий, Абул Муин Насафий Нажмиддин Умар Насафий, Саъдиддин Тафтазоний, Камол Ибн Ҳумом, Камолиддин Аҳмад Байзовий, Муҳаммад Зоҳид Кавсарий ҳисобланади. Шулардан бири Аловуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандийнинг шарҳидир. У “Шарҳ таъвилот аҳли ас-сунна” деб номланган.

Абу Мансур умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқатда бўлган ва мунозарлар олиб борган. У ислом дини Ҳанафия мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга камчиликсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди. Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади. Мотуридийни улуғлаб “Имом ҳуда” ва “Имом мутакаллимин” (Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар. Мовароуннаҳр — Марказий Осиё халқлари турли фалсафий, табиий, аниқ фанлар, адабиёт, санъат соҳаларида дунёга машҳур сиймолар, алломалар билан бирга ислом назарияси, диний илмлар бўйича ҳам Мотуридийдек бутун мусулмон оламида ном қозонган олимларни ҳам етиштириб чиқарди.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоа фуқаҳолари ва муҳаддисларидан биридирлар. Улар у Имомдан ақоид, фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмларни ўрганган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Таъвийлоту аҳлис-сунна” номли тафсирларида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилганлар ва ҳаммаларига раддия берганлар. У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.

“Кашфуз-зунуни ан асомийил кутуби вал фунун” китобининг соҳиби Ҳожи Халифа “Таъвийлоту аҳлис-сунна” тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади:

“У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди”[5].

 “Таъвийлоту аҳлис-сунна” тафсирининг ярми мисрлик олимлар томонидан чоп этилган ва кўпчилик фақат шуни билади. Кейинчалик бу китобни доктор Маждий Босалум таҳқиқ қилди ва 2005 йилда Ливанда “Дорул кутубил илмийя” нашрёти томонидан ўн жилдда ва 6230 бетда чоп қилинди.

 Тавҳид китаби” асари-ноёб хазина

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг бош асарларидан бири “Тавҳид китаби” дир. Бу китобнинг номи унинг мазмунига далолат қилиб турибди. Имом Мотуридий ўзларининг бу асарларида мутакаллимлар услуби ила Аҳли сунна ва жамоанинг эътиқодини баён қилганлар.

  1. Муаллиф ўз китобини ақийдада тақлид қилиш ботил эканини баён қилиш билан бошлайди. Сўнгра маърифат ва уни ҳосил қилиш воситалари ҳақида баҳс юритади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, Мотуридийгача мутакаллимлардан ҳеч ким маърифат назариясига аҳамият бермаган. У кишидан ўрганиб, кейин келган ҳаммалари бу борада сўз юритганлар.

  1. Имом Мотуридий ўз китобларида жисмларнинг кейин пайдо бўлганига нақлий, ақлий ва ҳиссий далиллар келтирганлар. У киши худди шу далилларни Аллоҳ таолонинг борлигига ҳам далил қилиб келтирадилар.
  2. Имом Мотуридий Аллоҳ таолонинг борлигига бошқа файласуф ва мутакаллимлардан айрича, фарқли бир далил келтирадилар. Бу далил дунёда ёмонлик борлигидир: агар оламнинг яратувчиси бўлмаса, унда ёмонлик бўлмас эди.
  3. Имом Мотуридийнинг айтишларича, Аллоҳ таоло азалдан Ўзини Ўзи сифатлаган сифатларга эга бўлган. Бунда зотий-ўзига ва феълий-яратганга оид сифатларнинг фарқи йўқ. Аллоҳ таолонинг исмлари фақат шариат манбаларида келганидек бўлиши лозим. У Зотни бошқа исмлар билан номлаб бўлмайди.
  4. Имом Мотуридий Аллоҳ таолони кўриш кайфиятсиз бўлишини таъкидлайди. Мазкур кўриш мўминлар учун охиратда бўлиши ва бу дунёда бўлмаслигига Қуръони Каримдан оятларни далил қилиб келтиради.
  5. Роҳманнинг Аршга истивоси ҳақида имом Мотуридий қуйидагиларни ёзадилар: У Зот ўзгаришдан, заволдан, ботилликдан устундир…
  6. Инсон аслида ихтиёри ўзида бўлган иш бажарувчидир. Аллоҳ таоло инсонга амал ва ихтиёр ҳаққини берган.
  7. Имом Мотуридий “Тавҳид китаби” да қазо ва қадар масаласига ҳам бошқа масалалар қатори, батафсил тўхталган.
  8. Мўмин киши гуноҳи кабира қилгани учун Исломдан чиқмайди. Иймон ва куфрнинг орасида – икки манзила орасида манзила йўқ.
  9. Имом Мотуридий китобда бир неча фаслларни мажусийлар, зиндиқлар, даҳрийлар, суфустоийлар ва бошқаларнинг эътиқодлари ботил эканини баён қилишга бағишлаган.

Суннийлик эътиқодини қуйидагича тизимга солган:

Шундай қилиб, худди фиқҳ илмида бўлгани каби ақийда илмида ҳам уламоларимиз керакли қоида ва низомларни жорий қилиб, Қуръони Карим ва Суннатда келган ақийда бобидаги ҳукмларни оддий халққа тушунтириб бериш йўлларини ва услубларини, қонун ва қоидаларни ишлаб чиқдилар ва уларни ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатдилар.

Ана шундай қилиб, ақийда бўйича ҳам мусулмон умматининг бирлиги таъминланди. Мусулмонларнинг асосий оммаси Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ақийдасида бирлашдилар. Мазкур мазҳабнинг ақийдаси уларнинг бу борадаги метин қўрғонига айланди ва уларни турли ақийдавий адашувлардан, хуружлардан ҳимоялаб келиш воситасидир.

ЎзХИА магистранти Мадаипов Аҳрорбек

[1] Муаллифлар жамоъаси. Ал-Мавсуаътул фиқҳия Кувйтия. 1- октябрь 2016.
[2]  Камолиддин Баёзий. Ишоратул маром. Дор Кутуб илмия. 2007. –Б. 245. “Имом Мотурудий”. Иттиҳод газетаси.7 август. 2016 й.
[3] Профессор Бакр Тўбол ўғли. Китабут Тавҳид Абу Мансур Монсур Мотуридий. Байрут. Дор Содир 1989.-Б.5. Истанбул.
[4] Профессор Муҳаммад ибн Дарвеш Ҳут Байрутий. Аҳли Сунна вал жамоъа баёни рисоласи. Дор улум. Қоҳира. 1986.-Б.77.
[5] Доктор Али Абдул Фаттоҳ Мағрибий. Ал-Фарқ ал-каламия ал-исламия мадхал ва дироса. Мактаба ваҳбия.–Байрут. 1986. -Б 330. Китоб 488 бет.