Дарҳақиқат, инсон бу дунё ҳаётида азизу мукаррам бўлиб, барча неъматлар соҳиби бўлар экан, ҳаётидаги учрайдиган синовларга сабрли бўлишимиз керак. Хақ таъоло Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилади: “Сизларни бир оз хавф хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (хосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз”. (Бақара сураси, 155-оят).

Зеро, бу синов ўша инсоннинг гуноҳларига каффорат бўлади. Шуни билмоқ лозимки: бандани бошига келгувчи ҳар қандай мусибат, синовлар аслида унинг фойдасига бўлади, албатта. Уламолар бандага етадиган мусибат боиси уч хил дейишган экан:

  1. Аввало синов учун;
  2. Банданинг даражасини кўтариш учун;
  3. Ҳато ва гуноҳлар учун.

Абу Ҳурайра ва Абу Саид Худрийдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади:

   Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳу васаллам) дедилар: “Мусулмонга етган чарчоқ, беморлик, қийинчилик, ташвиш, азият, ҳафалик ва ҳатто танасига кирган тикон боис Аллоҳ таъоло унинг хатоларини, гуноҳларини мағфират қилади”.

Айтадиларки: Инсон ўзига синов учун етган мусибатга ажр олади? Албатта, яхши ният ва гўзал сабри билангина улкан савоблар олади. Демак, ҳар бир банда бошига етган, ҳар қандай синовларга, бу менга роббимнинг синови, у туфайли даражам кўтарилади, гуноҳларим кечирилади, деб сабр қаноат қилиши керак. 

Абдусалом домла Содиқов,

Избоскан тумани “Сўфи-Охун”

жоме масжиди имом-хатиби