Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга не синов юборса, барчаси ҳикматдан ҳоли эмас. Ҳар қандай синовда мўмин банда Аллоҳни унутмаслиги керак. Мусулмон халқимиз фаровон кунларимизда доимо шукрда бўлдилар, имом-хатибларимиз халқимизни шукронага чорлаб кўплаб даъватлар қилдилар. Гоҳо ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилсалар, бошқа пайтларда одамларнинг яхши кунида ҳам, мусибат кунида шукрона ҳақида кўплаб насиҳатлар қилдилар.

Бугунги синовли кунларда ҳам имом-хатибларимиз қалбларга тасалли бўлмоқдалар. Пандемия шароитида ибодатларни қай тарзда адо қилиш ҳақида, бундай шароитда муқаддас динимиз аҳкомларида бандалар учун енгилликлар жорий қилинганлиги ҳақида далиллар асосида кенг кўламдаги тушунчалар бериб бормоқда.

Бу эса мўминлар ҳар қандай вазиятда тушкунликка тушмаслиги, балки бундай пайтларда ўзаро меҳр-оқибатларимизни намоён қилишлари, доимо Аллоҳнинг зикрида бўлишлари лозимлигини англатиш учун етарли ва қониқарли ҳолат касб этмоқда.

Хусусан ўтган Рамазон ойида таровеҳ ва хатмларни уй шароитида қандай адо қилиш, ҳайитни ҳам ўз уйларимизда ўтказишимиз, имкони борича ҳайит намози пайтида зуҳо намозини ўқиш ҳақида чиройли тарзда тушунчалар берган эдилар. Шунингдек Ўзбекистон мусулмонлари Идорасининг фатво ва баёнотларини кенг миқёсда талқин қилган эдилар. Мана, энди Қурбон ҳайити яқинлашиб келмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг баёноти ҳаммага етказилди. Баёнотда жумладан шундай дейилади:

“Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир”.

Юртимиз мусулмонлари далилларга асосланган баёнотларни қабул қилмоқдалар. Бизларга пандемия шароитида ибодатларни қай тарзда адо қилиш ҳақида ҳар қандай ихтилофларга ҳожат қолмайдиган даражадаги хулосаларни тақдим этган уламоларимизни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўз ҳидоятида муҳофаза қилсин.

Кириб келаётган Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлиб, хонадонларимизга қувонч олиб келсин. Бутун инсоният бошидан тождор вирус офатини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тезроқ кўтарсин.

Сарварбек домла Йўлдошев,
Асака туманидаги “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом-хатиби