Бутун дунё терроризмга қарши

921

Ислом терроризмни қоралайди Халқаро террорчилик ҳаракати жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборидаги муҳим муаммолардан биридир. Зеро, бу иллатга бархам берилмас экан, тинчлик ва барқарорликка путур етаверади. Муқаддас динимизда зўравонлик, босим ўтказишнинг ҳар қандай кўриниши тақиқланади. Халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни мустахкамлашга чақиради. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларига “Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлалигича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир”. (Бақара сураси 208-оят) дея амр этади. Бандаларнинг бир-бирига босим ўтказишлари, зулм-зўравонлик кўрсатиш, ер юзида бузғунчилик қилишлари ҳам динимизда қаттиқ тақиқланади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ билан ахд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам бор, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (Жаҳаннам) бордир.” (Раъд сураси 25-оят).

         Афсуски, хозирги кунимизда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини фақат тинчлик, осойишталик ўрнатишга, бағоят эзгу ва хайрли ишлар қилишга ундовчи бундай даъватларини унутган қабиҳ ниятли ёвуз кимсалар кўпайиб кетди. Афсусланадиган жиҳати шундаки, бундай шахслар ўзларининг бузғунчиликларини Ислом дини таълимоти билан хаспўшлашга интилмоқдалар. Айни дамда бундай хатти-ҳаракатлар хақ дин – Исломга нисбатан нохолис фикрлар ва қарашлар уйғотади. Ҳеч кимга сир эмаски, кейинги йилларда “Ҳизбут-таҳрир”, “Акромийлар”, “Нурчилар” “Ўзбекистон Ислом ҳаракати”, “Тавба”, “Шоҳидийлар” ва улар сингари диний эсктремистик руҳдаги Ислом динини ислоҳ қилиш шиори, иддаосида бўлган оқим ҳамда ҳаракатлар Ўзбекистонимизда ҳам фаолият олиб борганлар. Қониқиш ҳисси ила таъкидлаш жоизки, уларнинг айримлари имони бақувват, эътиқоди мустахкам инсонларни қаршилиги ва ҳуқуқ-тарғибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида тугатилган. Терроризм балоси билан мустақиллигимизга хавф солишга, юртимиздаги барқарор тинчлик, халқимиз ҳотиржамлигига путур етказишга уринаётган қабиҳ ниятли кимсалар ўз диққат-эътиборларини ёшларимизга қаратганликлари сир эмас. Зеро, ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган ғўр ёшларга таъсир ўтказиш осон. Шундай экан, хозирги кунда олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири – муқаддас динимизнинг соф таълимотини ўсиб келаётган ёш авлодга кенг ва теран англаш, динимиз терроризм, эксртемизм каби бузғунчиликка мутлақо қарши эканлигини барчага бирдек англатишдир. Шу ўринда марҳум биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Агар биз бугун дину диёнатимизни, уни бузиб талқин этаётган кимсалардан ҳимоя қилмасак шундай хатарни яқин тарихимизда ва бугуннинг ўзида ҳам бошимиздан кечирмоқдамиз. Одамлар, айниқса, ҳаёт тажрибаси, онгутафаккури ҳали етарли бўлмаган ёшларимиз эртага ана шу кучларнинг машъум таъсирига тушиб қолиши мумкин” деган сўзларини ҳамиша ёдда тутмоғимиз керак. Тинчлик, офият, эзгулик дини бўлган Ислом дини ҳаётбахш амр ва насиҳатлардан иборатдир. Ислом дини ниқоби остида ҳаракат қилаётган турли бузғунчилик оқимлар даъволари мазмунан ва моҳиятан муқаддас динимиз таълимотига мутлақо зиддир. “Ҳалифалик” давлатини тузиш даъвоси билан чиқиб, бу йўлда бегуноҳ инсонлар қонини тўкаётган, юртимиз тинчлигига, халқимиз хотиржамлигига раҳна солишга уринаётган террорчи бузғунчи оқимлар аввал ҳам ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишга бир неча бор уриниб келдилар. Аммо, Аллоҳ таолонинг ғазабига, соғлом фикрли инсонларнинг қаҳрига, нафратига учраб йўқликка юз тутдилар.

         Мусаффо, бағрикенг ва инсонпарвар Ислом динимизнинг фақат эзгуликлардан иборат, инсонларни яхши ишлар қилишга чорлайди. Эзгу ниятлар ила саъй-ҳаракатлар қилсак, фаолияти алдов ва ёлғондан, зулм ва қўпорувчиликдан иборат бўлган қабиҳ ниятли террорчилар ўзлариниг ёвуз мақсадларига асло эришаолмайдилар.

         Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни тинч, осмонимизни эса ҳамиша мусаффо айласин.

 

Балиқчи туман

“Иброхим ота” масжиди имом-хатиби

Жўрабек Эргашев