«Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси олий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.
     Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради.
Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.
   Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.

     Исломниг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ва умра зиёратига борган юртдошларимиз бегона давлатда меҳмонхоналар пештоқига ўрнатилган давлатимиз байроғини кўриб, қалблари фахру ғурурга тўлганини, беихтиёр кўзларига ёш олишганини жуда кўп бора эшитганман.Байроғимизнинг жаҳон ареналарида юқори кўтарилганини кўриб яна бир бор суюндим, худди ўзим ғолиб бўлгандек кўнглим ифтихорга тўлди, кўзимда ёш йилтиради.
    Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган.
      Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар.
     Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.
      Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.
     Ватанимиз байроғи. У тарихнинг халқимиз бошига мусибат тушган даврлари — ўтган аср бошларини ёдимизга солади. Ўша кунлар халқимиз қалбида кетмас доғ бўлиб қолди. Ватан байроғини тутган қўллар қайрилди, озодликни куйлаган овозлар бўғилди… Миллат фидойилари «халқ душмани», «қулоқ», «сотқин» деган қора номлар билан таъқибга олинди. Дунёга не-не алломаларни берган қадим халқ оми, саводсизга чиқарилди. Халқимизга нисбатан айтилган бу ҳақорат асл ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқди — улар белини маҳкам боғлаб, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақирди.
     Жорий йилнинг июль ва август ойларида Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган бутун дунё Олимпиада ва Паралимпиада ўйинларида қатнашган ўғил-қизларимиз “кун чиқар юрт” диёрида Ер курасининг энг тез, энг зўр ва энг кучли спортчилари йиғилган жаҳон Олимпиадасида бизни байроғимизни энг олий даражага кўтаришлари – ҳаммамизнинг ғурур ва ифтихоримиз бўлди!
   Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

Мухамадали домла Ўсканов
Бўстон туман “Абдулазизхон” масжиди имом хатиби