Аллоҳ бизни яхши кўришини хоҳлаймизми…

625

Мўъминни камолотга етказадиган гўзал сифатлар бисёр. Келинг, азизлар, ўша сифатларидан бири қаноат ҳақида сўз юритсак. Қаноат ризо билан боғлиқдир. Банда агар Роббиси унга тақсим қилган тақсимотидан рози бўлса, қалбида хотиржамлик ҳосил қилиб қўяди. Қаноат инсонни молу дунё орқасидан қувишдан тўсади, топаётган молини ҳалол ё ҳаромлигини ажратишда хизмат қилади. Қаноатли мўъмин киши, оз бўлса ҳам, ҳалол билан кифояланади. Кўп бўлса-да, ҳаромдан ўзини тияди. Қаноат меҳнатдан, касбу хунар қилишдан тўсмайди, яъни бир шеърда айтилганидек,

                      Ҳалол меҳнат инсон учун саодатдир.

                      У қуш бўлса, қўш қаноти қаноатдир.

Сабр ҳасад ва таъмага қаршилик қилади. Қаноат инсонни қалбида бўлади, унинг қўлидаги молида эмас. Ким Аллоҳ берганига қаноат қилса, қалб ҳаловатини топади.

Аллоҳ таъоло Қуръони каримнинг «Нахл» сураснинг 97-оятида марҳамат қилиб айтади:

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُون

          “Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила муккофатлармиз”.

          Муфассир устозларимизнинг аксарияти ушбу оятдаги яхши ҳаётдан мурод қаноатдир деган эканлар.

Қаноатни  халқимиз назари тўқлик ҳам деб атайди.

          Саҳл ибн Саъд ас-Саъдий Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

“Эй Аллоҳнинг Росули, менга шундай амални ўргатинг, мен уни бажарсам, Аллоҳ ҳам, инсонлар ҳам мени яхши кўришсин”, – деди.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Дунёда зоҳид бўлинг, Аллоҳ сизни яхши кўради, инсонлар билан муомалада зоҳид бўлинг, инсонлар сизни яхши кўришади”, – деб жавоб бердилар.

Зоҳидлик дунё демасликдир. Барчамизга маълумки, Пайғамбаримиз зоҳидларнинг зоҳиди эдилар, у зоти шарифдан таълим олган саҳобалар розияллоҳу анҳум бу борада бизга намуна бўлдилар. Биз фахр билан номларини тилга оладиган буюк бобокалонларимиз ҳам қаноат билан юксак мақом топдилар.

          Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаноат ҳақида бир нечта ҳадислари орқали мўмин-мусулмонларга гўзал таълим берганлар.

 

عن ابن مسعود ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « من قنع بما رزق دخل الجنة »

Ибн Масъуддан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким берилган ризққа қаноат қилса, жаннатга кирипди”.

 

عن أبي هريرة ، رضي الله عنه ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « كن ورعا تكن أعبد الناس وكن قنعا تكن أشكر الناس »

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тақволи бўлинг, инсонларни ибодатлироғи бўласиз, Қаноатли бўлинг, инсонларни шукр қилгувчироғи бўласиз.

 

عن أبي هريرة ، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : « ارض بما قسم الله لك تكن أغنى الناس »

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ сизга тақсим қилганига рози бўлинг, инсонларни бойроғи бўласиз”.

          Юқоридаги курсатмаларни ўқиб ўйланиб қоласан киши. Бугунги кунимизда мўмининг сифати бўлган қаноат баъзи ҳолларда бизга етишмаётгандай, энг оғир очарчилик, қаҳатчилик даврларида ҳам бутун дунё халқларига сабру қаноатда ўрнак бўлган халқимиз ушбу улуғ хислатдан узоқлашгандай.

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, турмушимиз кундан-кунга яхшиланиб бормоқда, мухтарам юртбошимиз томонидан юртимизнинг энг чекка қишлоқларида истиқомат қилувчи аҳоли ҳам турмуш тарзини, шароитини яхшилаш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Халқнинг дардини эшитиб уларни ҳал қилиш учун юртбошимиз бошчилигида барча мутасадди раҳбарлар бел боғлаб, хизматда қоим турган паллада буни бошқачароқ тушуниб олиб турли талаблар билан мурожаат қилётганларни кўриб ажабланасан киши. Ахир, саҳобайи киромлар ўзлари мухтож бўлсалар-да бир- бирларига меҳр кўрсатиб, ўзларида борини илинганлар-ку. Иккинчи жаҳон урушидан кейнги очарчилик ҳукм сурган даврларда бобою момоларимиз бир-бирларига мурувват, ҳиммат кўрсатганларини эшитганмиз-ку. Ҳозирги  серобчилик, ҳаттоки тўю тадбирларимиз исрофгарчилик билан ўтаётган вақтда фақат ўзимизни ўйлаб, ҳудбинларча иш тутиб қаноатсизлик қилиб аянчли аҳволга тушиб қолишимиз биз мўъминларга ярашармикин?

Мўъмин одам молиявий ишларда пастга, хайрли, савобли  ишларда тепага қараши кераклигини ёдимиздан чиқардикми? Биз ҳозир ўзимизни ислоҳ қилмасак, биздан намуна оладиган фарзандларимиз, келажак зурриёт қай аҳволга тушади? Динимиз инсонни муҳтож бўлиб турганда қаноатли бўлиб, қаноатсизликдан сақланиши лозимлигини ўргатсаю, биз бунга қанчалик амал қила оляпмиз?

           Аллоҳ бизни яхши кўришини хоҳласак қаноатлик бўлайлик.

 

Андижон Саййид Муҳйиддин mаҳдум

ўрта маҳсус ислом билим юрти

мудири Мирзомақсуд Алимов